Хайрулла Ҳамидов: "Ройсга ҳаётда ишонса бўлади, у – мард йигит, лекин майдонда ишониб бўлмайди", деганда Люсен Фавр ҳақ бўлган
Таниқли шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов телеграмдаги саҳифасида бугун туғилган кунини нишонлаётган Марко Ройс ҳақида фикрларини ёзиб қолдирди. Унда шарҳловчи Ройснинг жароҳатларга мойиллиги, истеъдоди ва карантиндан сўнг ҳам жароҳат олгани борасида тўхталди.
- 1989 йилнинг 31 майида Дортмундда Марко Ройс туғилди. Дортмунднинг садоқатли ўғлони шу туғилган масканидан кетишни истамайди, энди бирор бир жамоа сотиб олмоқчи бўлса, жароҳат олиб бўлса ҳам қолади клубида. Чиндан-да юксак истеъдод соҳиби. Жуда катта келажак ваъда қилган, бироқ жароҳатлари туфайли фаолиятининг ярмидан кўпини лазаретда ўтказиб юборган ноёб талант.
"Ройсга ҳаётда ишонса бўлади, у – мард йигит, лекин майдонда ишониб бўлмайди. Энди ишонаман деганингда жароҳат олганини эшитасан!”, деганда Люсен Фавр ҳақ бўлган. Ваҳоланки, бу гапларни у 2011 йилги олтин Мёнхенгладбах таркибини тузган даврлари айтган. Ройс жароҳатга ўта мойиллиги учун не-не катта турнирларни ўтказиб юборди. Майдонга қайтганда ўз даражасини кўрсатаверади. Яъниким, бошқа ўйинчилар каби ўйинга мослашмайди, ўша – кучли ўйинини кўрсатиб бошлайди. Сабаби, менимча, навбатдаги жароҳатни олиб, футболсиз ҳаётга кетар экан, қайтишни соғинади ва катта иштиёқ билан қайтади. Шу боис, иштиёқ эвазига даражасини кўрсата олади.
Беш ёшида ўйнашни бошлаган. Икки ёш катталар билан ўйнаган ва болалар турнирида бир мавсумда 36та гол йўллаган. Биринчи мураббийи Дортмундлик аёллар мураббияси Агдреа Шюрманн. Баъзи журналистлар ҳазиллашиб, жароҳатга мойиллигини шунга боғлашади.
Яна бир ўхшашлик борки, Марко ўз идеали деб яқин ўтмишда Чехия футболининг намоёндаси бўлган Томаш Расицкини билади. Тўп билан нозик ҳаракат қиладиган, тезкор ва ажойиб зарбага эга бўлган Томаш ҳам фаолиятининг кўп қисмини лазаретда ўтказиб юборган. Устоздан ўтмаган шогирд шогирдмасмиди?!
Ройс Боруссиядаги Вестфаленштадиондан икки километр нарида яшайди. Бу садоқатдан эмас, 17 ёшида квартира сотиб олаётганда машина ҳайдаш ёшида бўлмагани учун яқинроқдан уй қидирган ва топган. Ройс карантинданки жароҳат билан чиқдими, бошқа гапга ҳожат қолмади. Начора, - деди Хайрулла Ҳамидов.
Фикрлар