Хитой мундиалга бориш йўлини топди

Хитой жаҳон чемпионатига чиқишни орзу қилмоқда. Камачо, Каннаваро ва Липпи каби машҳур мураббийлар эплолмаган вазифани маҳаллий мутахассис Ли Те амалга оширмоқчи.  Унинг мақсади – “Қатар-2022”.

Фаолияти давомида “Эвертон”да тўп сурган Те мундиалга мураббий сифатида ҳам бориб, тарихга кириши мумкин. Боиси, у 2002 йил Япония ва Жанубий Кореяда ўтказилган жаҳон чемпионатида Бора Милутинович қўл остида Хитой терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган.

хит

Аммо, хитойликлар бу гал мундиалга бориш учун мисли кўрилмаган ишларни қилиши керак. Улар икки йил ичида топ даражадаги футболчиларни тарбиялаш ёки мавжуд футболчилар ўйинини янги даражага олиб чиқишни уддалай олмайди. Шу боис улар мақсадга эришишнинг энг осон ва оддий йўлини танлашди. Хитойликлар мамлакат Суперлигасида тўп сураётган маҳоратли легионерларни терма жамоага жалб этишмоқчи. Тез орада Хитой терма жамоаси 7 нафар маҳаллийлаштирилган футболчи билан кучаяди.

“Эспаньол”да тўп сураётган Хитойнинг айни дамдаги энг машҳур футболчиси Ву Лейга терма жамоада 5 бразилиялик ва 2  нафар британиялик чарм тўп устаси ёрдам беради. 10-27 май кунлари Хитой терма жамоаси Шанхайда йиғин ўтказади. Ли Те айни дамда “ЖЧ-2022” саралаши доирасида юзага келган аянчли вазиятни зудлик билан тўғрилаши лозим.

Маълумки, иккинчи саралаш раундининг “А” гуруҳидан ўрин олган Хитой 3 та турдан сўнг 7 очко билан 2-ўринда бормоқда. Гуруҳда эса Сурия 9 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Ушбу гуруҳдан Филиппин, Мальдив ва Гуам терма жамоалари ҳам жой олган. Агар пандемия туфайли фавқулодда ушбу босқич ўйинлари тўхтатилса, Хитой ҳатто учинчи раундга йўлланма берувчи энг яхши 4 та 2-ўринни эгаллаган терма жамоалар сафига ҳам кира олмайди.

хито

Хитой терма жамоаси бўлажак йиғинга бразилиялик ва англиялик 3 нафар легионерни жалб этади. “Арсенал” тарбияланувчиси Нико Йеннарис “канонирлар” сафида 1 марта асосий жамоада майдонга тушган. У “Тоттенхэм” форварди Харри Кейн билан бирга Англия терма жамоасининг турли ёш тоифалардаги жамоаларида тўп сурган. Унинг отаси грек, онаси эса хитой миллатига мансуб. 26 ёшли Нико яқиндагина Ли Кэ исми билан Хитой фуқаролигини қабул қилди. У "Гуанчжоу Эвергранд"нинг икки нафар бразилиялик ҳужумчиси - Элкесон ва Алоисио Гонсалвеш каби ҳеч қандай ортиқча ўйланишларсиз ўз паспортини алмаштирди. Аммо, маҳаллийлаштириш бўйича ишлар бу билан якунланиб қолмайди. Хитойликлар тез орада Суперлигада 5 йилдан ортиқ вақт мобайнида тўп суриб келаётган яна 4 нафар хорижлик футболчини маҳаллийлаштиради.

Элкесон Хитой терма жамоаси сафида ҳозиргача 4 та ўйинда майдонга тушиб, рақиблари дарвозасига 3 та гол урди. 30 ёшли бразилиялик ҳужумчи Хитойда Ай Айсен исми билан паспорт олган. "Гуанчжоу Эвергранд" шарафини ҳимоя қиладиган ушбу футболчи икки марта Хитой чемпионати тўпурари бўлган. 2011 йилда уни Бразилия терма жамоаси йиғинига чақиришган, аммо ўзини кўрсатишига имкон берилмаган.

хи

"Гуанчжоу Эвергранд"нинг яна бир ҳужумчиси Алоисио эса Хитой терма жамоасида ўз дебютини ўтказишга тайёрланмоқда. У Суперлиганинг 2015 йилдаги тўпураридир.

Алан Карвальо - у ҳам Хитой фуқаролигини сўраган "Гуанчжоу Эвергранд"нинг яна бир аъзоси. 30 ёшли бразилиялик футболчи Европада ҳам ўзини кўрсатган. У ўз вақтида “Зальцбург”даги фаолияти давомида 89 та ўйинда 59 та гол урган. У ўтган мавсумни "Бэйцзин Гоань" клубида ижрада ўтказди. Карвальо Хитой чемпионатида жами 92 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 46 та гол ҳамда 20 та голли узатма ёздириб қўйишга эришди.

Хитойлик мухлисларнинг ёқимтойига айланиб улгурган Рикардо Гуларт, хитойчасига айтганда, Гао Латте ҳам ФИФАдан жавоб кутмоқда. У 28 ёшга келибоқ, "Гуанчжоу Эвергранд"нинг тирик афсонасига айланиб улгурди. Боиси, унинг натижалари чинданда аъло даражада. Рикардо 157 та ўйинда майдонга тушиб, рақиблари дарвозасига 103 та гол урди. У 2014 йил Бразилия терма жамоаси сафида Эквадорга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушган. Лекин, ўз ватани терма жамоаси сафида расмий ўйинларда бир дақиқа ҳам ўйнамаган.

х

"Гуанчжоу Эвергранд"нинг Хитой терма жамоасига жалб этиладиган сўнгги футболчиси бу Фернандиньодир. У фуқаролигини алмаштиришни сўраган ҳозирча сўнгги легионер бўлиб турибди. У ҳам Европада ўз сўзини айтган футболчилардан. У Австриянинг "Ред Булл" клуби сафида УЕФА Европа лигасида 13 та гол урган. Хитой чемпионатида эса 100 дан ортиқ ўйинда майдонга тушди.

Юқоридаги футболчилар орасида "Гуанчжоу Тияс" клуби Чарльз Браун ажралиб туради. “Эвертон”да тарбияланган 25 ёшли футболчи Хитой клубига ўтган йили кўчиб ўтган. Унинг бувиси хитойлик ва шу сабабли ҳам унинг ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолари ҳукумат томонидан тезда ҳал қилиб берилади. Жордан Пикфорд ва Эрик Дайерларнинг собиқ жамоадоши, Англия ёшлар терма жамоаси собиқ аъзоси Браун ҳам айни дамда ФИФА рухсатномасини кутмоқда.

Хуллас, Хитой терма жамоасида шунақа гаплар. Чин юрти маҳаллийлаштирилган футболчилар билан мундиалга чиқа оладими? Буни биргаликда кузатамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Бозатау
12/05/2020 10:29
Qitoy bu ishni eplay olsa qatar 2022 yulanmasi ular uchun 90% ga qitalar aro pley off yulanmasi esa 95% ga hal bolishi mumkin.