"Хўжанд" бош мураббийи: "Нефтчи" футболчилари бизнинг шароитимизга келишмайди"

Кеча Фарғонада “Нефтчи” халқаро ўртоқлик учрашуви доирасида Тожикистоннинг “Хўжанд” жамоасига қарши майдонга тушди. Учрашувда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашувдан сўнг “Хўжанд” бош мураббийи Рустам Ходжаев Sports.uz сайтига интервью берди.

- Рустам ака, "Нефтчи"га қарши ўйин жамоангизга қандай фойда келтирди?

- Албатта, футболчиларимизни яна бир бор текшириб олдик. Лекин бу ўйинда асосий таркибдан 6 нафар ўйинчиларимиз келмадилар. Кимдир касал, кимнидир уйида муаммолари бор эди. Шу боис бу учрашувда таркибимиз кучли бўлмади. Аммо биз учун фойдаси бор. Машғулотлардаги ишланмаларимизни ўйинда бажардик. Ўйиндаги мақсадимизни кўриб оляпмиз. Камчиликларимизни ҳам текшириб боряпмиз.

- "Нефтчи" биринчи даврада кучли учликка кира олмади. Сизнингча, бу клубни потенциалини қандай баҳолайсиз?

- Биринчи давра олдидан ҳам “Нефтчи” билан ўйнагандик. Ўшанда ҳам жамоа ўйини яхши эди. Бу сафар ҳам жамоа ажойиб ўйин кўрсатди. Ўзбек клублари ким билан қандай ўйнашни билади. Расмий учрашувларда жамоа янада бошқачароқ ўйнайди. “Нефтчи”нинг биринчи даврадаги натижаси нима учун яхши бўлмаганини билмайман. Аввало, бунинг сабабини билиш учун жамоа ичида бўлиш керак. Ҳар бир клубни ўзига яраша камчилиги бўлади. Биз эса ўз камчиликларимизга қараймиз.

- "Нефтчи" таркибидаги қайси футболчини “Хўжанд” жамоасида кўришни хоҳлайсиз?

- “Нефтчи” футболчилари бизнинг шароитимизга келишмайди. Лекин у ерда яхши ўйинчилар кўп. Имконият бўлганида албатта “Хўжанд” жамоасига таклиф қилган бўлардик. Аммо биз ўша футболчиларни ололмаймиз. Номларини айта олмайман.

- Виталий Левченко билан яхши муносабатдасиз. Уни Тожикистон терма жамоасига таклиф қилишаётгани ҳақида эшитяпмиз. Шу ростми? Сиз ҳам эшитгандирсиз.

- Тўғри, Виталий Левченко билан яхши муносабатимиз бор. Илгари терма жамоада бирга фаолият олиб борганмиз. Ўйин баҳонасида у билан анча гаплашиб турдик. Бироқ уни терма жамоадаги масаласи бўйича гаплашганимиз йўқ. Уни ростдан термага чақиришганми-йўқми, билмайман.

- Яқинда "Навбаҳор" билан ўйнадинглар. Бугун "Нефтчи" билан. Сизнингча, ким кучли: "Нефтчи"ми ёки "Навбаҳор"?!

- “Навбаҳор” кучлими ёки “Нефтчи”ми аниқ айта олмайман. Намангандаги учрашувда барча асосий футболчиларимиз бор эди. Йигитлар яхши ўйин кўрсатишганди. Юқорида таъкидлаганимдек, “Нефтчи”га қарши беллашувда 6 нафар етакчи футболчиларимиз ўйнай олмадилар. “Нефтчи” ҳам, “Навбаҳор” ҳам яхши ўйин кўрсатадилар. Улар кучли рақиблар.

- Охирги савол: "Хўжанд"ги кейинги ўйини ким билан ва таркибда кандай ўзгаришлар бор?

- Кейинги ўйинимиз 21 июль куни Тожикистонда “Бухоро” билан бўлиб ўтади. Таркибда яна қандай ўзгаришлар бўлишини кўрамиз. Лекин албатта ўзгаришлар бўлади.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!