Хомяков "Андижон"нинг Суперлигадаги илк мағлубияти ҳақида қандай изоҳ билдирди?

“Андижон” – “Сўғдиёна” (0:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Александр Хомяков қатнашди.

- Нима ҳам дердим, “Сўғдиёна”ни ғалаба билан табриклайман. Улар бунга лойиқ бўлишди. Шунинг учун рақибни ғалаба билан табриклашдан бошқа иложимиз йўқ. Бундай ўйинларда биргина гол ўйин тақдирини ҳал қилиб кетади. Бизда нимагадир ҳеч нима ўхшамади. Иккинчи бўлимда стандарт вазиятларга умид қилгандик. Рақиб дарвозабони яхши ҳаракат қилди. Афсуски, мухлисларимизни хурсанд қила олмадик.

- Жамоага нима етишмади?

- Биринчи таймга назар солинг, ҳужумларимизга тажовузкорлик етишмади. Қанотлардан уюштирган ҳужумларимиз ҳам самарасини бермади. Айниқса, майдон марказини бериб қўйдик. Бундай баҳсларда ҳимояда ишончлироқ ўйнаш керак. Алоҳида таъкидлаб ўтаманки, “Сўғдиёна” ақлли футбол кўрсатди ва шунинг ҳисобига ғалаба қозонди. Қайсидир вазиятларда қулай имкониятларини кутиб туришди.

- Азимов учта учрашувга дисквалификация қилинди. У жамоа учун катта йўқотишми?

- Албатта, унинг йўқлиги сабабли бизга қийин бўлди, деб ўйлайман. Тўғри, йигитлар ҳаракат қилишди. Лекин бизда ўхшамади. Айтишим мумкинки, бу бизга дарс бўлди. Керакли хулосаларни чиқарамиз ва олдинга интиламиз. Хатоларни тўғрилаймиз.

- Фарҳод Бекмуратов биринчи бўлимдан кейин алмаштирилгач, майдон маркази бой берилди. Бунга нима дейсиз?

- Фикрингизга тўлиқ қўшиламан. У марказда яхши ўйнаётганди. Тўғриси, битта сариқ карточка олганди ва шунинг учун алмаштиришга қарор қилгандик. Билмадим, балки уни алмаштирганимиздан кейин майдон марказида йўқотишлар бўлгандир. Ҳозирги қайноқ пайтда бирор фикр айтиш ҳам қийин. Рости, 10 киши бўлиб қолишимиздан чўчигандим.

- Охирги пайтларда Лука Згурскийнинг ўйинида пасайиш бўлаётгандек...

- Кўриниб турибди, у ҳали ёш. Аммо ҳаракат қиляпти. Тўғри, бугунги учрашувда қандайдир ўйини ўхшамагандир.

- Шерзод Эсанов олдин анча яхши ўйнаётганди. Балки олимпия терма жамоасига чақирилмагани унга бироз таъсир кўрсатгандир...

- Йўқ, бу билан боғлиқ эмас, деб ўйлайман. Хулосалар чиқарганмиз. Марказда айнан Шерзод Эсановга ўхшаган ўйинчилар бўлишини хоҳлайман. Биламан, улар ёш ва барқарор ўйин кўрсатиши қийин бўлиши мумкин. Бундай ёшда ҳар доим бир хил ўйин кўрсатади, десак мантиққа ҳам тўғри келмайди. Ёшлар тажриба тўплашяпти ва вақти келганда кучли футболчига айланишади.

- “Андижон” мавсумни яхши бошлади, аммо охиригача бир хил темпда ўйнаш қийин. Масалан, иккала қанотдаги футболчилар охиригача барқарор ўйнайди, деб айтиш амримаҳол. Жамоада шунингдек, чап оёқда ўйнайдиган вингерлар йўқ...

- Фикрингизга қўшиламан, чапақай ўйинчи жамоамизда йўқ. Захирада футболчиларимиз бор. Улар билан камчиликларимизни тўлдирамиз. Керакли хулосаларни чиқарамиз. Бизда ҳам икки марта стандарт вазиятдан имконият бўлганди. Аммо дарвозабон яхши ҳаракат қилди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Журабой
05/05/2024 11:03
Сугдиена браво! Ериб , йиртиб ташлади. 98 фоиз тахминларни йукка чикарди. Сугдиена билан хазиллашманглар
&
Musajon
05/05/2024 08:50
Меҳмонлар майдонда ётиб олишни мэёридан ошириб юбордилар,бундай холатларда қўшимча вақтни кўпроқ бериш керак эди,7 мин.кам.Шундай иш тутилса футболчилари тўғри худоса чиқаришади,бизни хакамлар кўп вақт кўшиб беришга чўчишади
&
Bek 56
05/05/2024 05:58
Хомяков сизда. яхши х,ужумчи. йу'к агар биринчи. таймда 99 ва Бошнак у'йнаганда. гол. уришинглар мумкин эди