Хомяков: "Матонат кўрсатган футболчилар олдида шляпамни ечаман"
“Андижон” – “Қизилқум” (2:0) ўртасидаги учрашувдан сўнг мезбонлар бош мураббийи Александр Хомяков матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Александр Андреевич, ғалаба билан табриклайман.
- Мен ҳам сизни ғалаба билан табриклайман.
- Ўйин ҳақида нималарни айта оласиз?
- Етарлича қийин бўлган учрашувни ўтказдик. Кўп нарсани режалаштирдик. Бироқ ҳаммаси ҳам амалга ошмади. Ўйин давомида футболчиларимиз барчасини яхши тушуниб туришганди. Шунга яраша ҳаракат қилдик. Бу ўйинда уч очко олишимиз шарт эди. Энг асосийси, натижа бўлди. Қандай бўлишидан қатъий назар натижага эришдик. Шу энг муҳими деб ҳисоблайман. Уч очкони қўлга киритдик. Матонат ва фидоийлик кўрсатган футболчилар олдида шляпамни ечаман. Ҳақиқий эркакларча чидаб, матонат кўрсатиб ўйнаган йигитларимизга чуқур миннатдорчилик билдираман. Ниҳоят, ўз мухлисларимизни хурсанд қилишга эришдик. Ўз ўрнида ишқибозларимизга ҳам алоҳида миннатдорчилигимни билдираман. Нима бўлишидан қатъий назар бизни қўллаб-қувватлашяпти ва уларга раҳмат. Биз бундан кейин ҳам фақат олдинга интиламиз.
- Негадир жамоангиз олдинги учрашувларга қараганда бу сафар бироз фаол эмасдек туюлди.
- Ҳаммаси жойида. Тикланиш учун озгина вақт камлик қилди. Рақибда эса учрашувга тайёргарлик кўришда биздан кўра икки кун кўпроқ вақт бўлди, деб ўйлайман. Шундай бўлса-да, йигитларимиз барчасини - ўйин ва натижа муҳимлигини ҳис қилиб туришди. Учрашув бошида анча қийин бўлди, асабий ҳолат юзага келди. Бундай баҳсларда ютиш жуда муҳим.
- Жароҳат олган Илдар Маматказиннинг ҳолати қандай?
- Шифокорлар у билан шуғулланишяпти. Умид қиламанки, ҳаммаси яхши бўлади.
- “Андижон” қачон ўз стадионига қайтади?
- Вилоят раҳбарлари стадионни тезроқ ишга тушириш йўлида ҳаракат қилишяпти. Бу ўз самарасини беради. Менда бу борада қўшимча аниқ маълумотлар йўқ. Шу сабабли аниқ гап айта олмайман. Барчангизни яна бир бор “Андижон”нинг ғалабаси билан табриклайман.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар