Хорватиялик "Эйнштейн": "Ўзбекистон фаворитлар қаторида, Осиё Кубогида кучли жамоалар жамланган ва биз улардан биримиз"
2024 йилнинг январь ойида Қатарда Осиё Кубоги мусобақаси старт олади ва қитъамизнинг энг йирик турнири бошланишини барча интизорлик билан кутяпти. Айни пайтда мусобақа иштирокчилари тайёргарлик ишларини қизғин равишда олиб боришмоқда.
Ён қўшнимиз – Тожикистон ҳам худди Ўзбекистон терма жамоаси сингари БААда ўқув-машғулот йиғинини олиб бормоқда. Осиё Кубогида дебютини ўтказишга тайёрланаётган тожикистонликларни кузатиш ҳам қизиқарли.
Шу боис мамлакат терма жамоаси бош мураббийи, “хорватиялик Эйнштейн” лақабини олган Петр Сегрт вақти тиғизлигига қарамай, Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраевнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Суҳбатга рози бўлганингиз учун ташаккур. Сиз ҳам Тожикистон сингари илк бор Осиё Кубогида иштирок этасиз. Турнир олдидан нима дея оласиз?
- Ҳозирча биринчи навбатда битта нарса аниқ: мен жуда хурсандман ва фахрланаман. Тожикистон миллий терма жамоаси ўз тарихида биринчи маротаба Осиё Кубогида қатнашади. Умид қиламанки, Тожикистон келгуси йиллар давомида мунтазам равишда Осиё Кубогида иштирок этади. Биз ушбу мусобақани жуда яхши ўтказишни хоҳлаймиз. Лекин биламизки, Хитой, ўз уйида мусобақани қабул қилаётган Қатар ва Ливан кучли рақиблар. Уларни ҳурмат қилишимиз керак. Умид қиламизки, биз кейинги босқичга чиқиш учун энг яхши ҳолатимизда курашамиз. Бунинг учун бизга барча футболчиларимиз керак ва ўзларининг энг юқори даражаларида ўйин ўтказишларига тўғри келади. Чунки Осиё Кубогида қитъанинг энг кучли жамоалари жамланган ва биз ҳозирда улардан биримиз. Бундан хурсандмиз.
- Тожикистон терма жамоаси олдига қандай вазифа қўйилди?
- Олдин айтиб ўтганимдек, биринчи навбатда Хитой ҳақида ўйлаяпмиз. Кейинчалик ўйиндан-ўйинга рақибларимиз ҳақида бош қотиришни бошлаймиз. Биринчи навбатдаги мақсадимиз гуруҳдан чиқиш.
- Шу ўринда Ўзбекистоннинг мусобақадаги имкониятини қандай баҳолайсиз? Қолаверса, Осиё Кубоги фаворитлар кимлар?
- Ўзбекистон жуда кучли жамоа. Улар Осиё Кубогининг фаворитларидан бири эканлигини яхши биламиз. Худди Қатар, Япония, Жанубий Корея, Австралия ва Эрон каби. Ушба термалар Осиё Кубогини ютиш учун энг катта фавортлардан саналишади. Лекин шуни ҳам ёдда тутиш керакки, баъзида сюрприз жамоалар ҳам катта турнирларда юқори натижаларга эришишлари мумкин.
- Айтинг-чи, Осиё Кубоги финалида қайси жамоаларни кўрмоқчисиз?
- Ўзбекистон ва Тожикистон (кулади). Лекин, менимча, бошқа жамоалар бундай бўлишига йўл қўйишмаса керак. Кўп фаворитлар борлигини биламиз. Лекин биз Тожикистонданмиз ва Осиё Кубогида биринчи маротаба қатнашяпмиз. Кўпроқ ўрганишимиз керак. Барибир барча жамоалар ўзларининг энг яхши ўйинларини кўрсатишга ҳаракат қилишади. Агар танлашим керак бўлса, ўз уйида мусобақани қабул қилаётган Қатарни энг катта фаворит сифатида кўрган бўлардим. Аммо мен ҳозирдан финалда кимлар ўйнаши ҳақида аниқ фикрни айта олмайман. Чунки менинг бор эътиборим Тожикистон билан боғлиқ ва кейинги босқичга чиқиш ҳақида ўйлаяпмиз.
- Дарвоқе, якуний таркибни аниқлаб олдингизми?
- Албатта, ҳозир маълум эмас. Чунки бироз кузатишимиз ва кутишимиз керак. Тайёргарлик жараёнида қайсидир футболчи жароҳат олиб қолиши мумкин. Хитойга қарши учрашув олдидан бир нечта бошланғич таркиб футболчилари менинг хаёлимда турибди. Уларни ўзим учун аниқлаб олганман. Аммо ҳозирдан бир нарса деб бўлмайди. Шундай экан, биз 13 январда Қатарда кўриб оламиз, ким бошланғич 11 таликда ўйнайди?! Раҳмат ва барча ўзбекистонликларга ўзимни энг яхши тилакларимни билдириб қоламан. Тожикистонлик мухлислар ҳам бу интервьюни ўқишларини биламан. Биз уларнинг ишончини оқлаш учун ҳаракат қиламиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар