Хорхе Фоссати: "Пахтакор"нинг қандай кучга эга эканлигини биламиз
12 март куни "Пахтакор" Тошкентда Саудия Арабистонининг "Ал Аҳли" жамоасини Чемпионлар Лигаси 2-тур ўйини доирасида қабул қилади. Бугун ҳар икки жамоа бош мураббийлари ўртасида ўйиндан олдинги матбуот анжумани ўтказилди. Унда меҳмонлар устози Хорхе Фоссати ва жамоа сардори Муҳаммад ал Оваис бўлажак баҳс борасида ўз фикрларини билдириб ўтишди.
Фоссати: - Биз ҳар қандай рақибни ҳурмат қиламиз. "Пахтакор"нинг қандай кучга эга эканлигини биламиз. Гуруҳдаги илк ўйинда мағлубиятга учрадик, бундан ҳафамиз. Гуруҳдаги вазиятни яхши тушиниб турипмиз. Тушкунликка тушмаймиз. Футболчиларимга, жамоамга ишонаман. "Пахтакор" кучли жамоа. Лекин биз ҳам яхши ўйин кўрсата оламиз.
Ҳар гал ўйинга тайёргарлик кўриш жараёнида айнан бир футболчига эмас, балки барча ўйинчиларга қарши режалар тузилади. Айтайлик сиз, "Барселона"га қарши ўйиндан олдин фақат Мессига қарши тайёргарлик кўра олмайсиз. Шундай бўлган тақдирда бошқа футболчилар сизни жазолаб кетишлари мумкин.
Таркибни ротация қилиш керак. Аммо буни тезда амалга ошириб бўлмайди. Авваллари "Ал Аҳли" 2 та турнирда иштирок этарди. Ҳозир эса 3 та бўлди. Албатта, жамоам анчадан бери Сома ва бошқа етакчиларга таянмоқда. Бироқ буни айнан уларга боғланиб қолиш демаган бўлардим. Сабаби ҳали таркибни ротация қилиш ишлари давом этмоқда. Яхшироқ футболчилар кўзга кўриниши билан таркибга мослаштиришни бошлайман.
Оваис: - Эртага бизни қийин ўйин кутмоқда, бу гуруҳ босқичида фақат кучли жамоалар иштирок этишмоқда. 1-турда имкониятни бой берган бўлсак-да, ҳали ҳеч нарса йўқотилмади. Мусобақа энди бошланди. Вазиятни ўнглаш учун яхши имкониятга эгамиз. Эртага ўз ўйинимизни кўрсатишимизга ишонамиз.
Мухлислар Жиддадан Тошкентга келишадими? Халқаро майдонда ўйнаяпмиз, сафардаги баҳсларга ишқибозларимиз кела олишмади. Очиғини айтсам, масофа узоқ.
Фикрлар