"Хурсандман, тезроқ чемпионат бошланишини кутяпман" - "Андижон"нинг янги футболчиси яна нималарни айтди?

Куни кеча иқтидорли футболчи Суннатилла Абдуллажонов билан шартнома имзолангани тўғрисида хабар бериб ўтгандик. Бу йил 28 ёшни қаршилайдиган ярим ҳимоячи эндиликда бор эътиборини “Андижон”га қаратган. Футболчи клуб матбуот хизматига интервью берди.

- Суннатилла, "Андижон" клубига хуш келибсиз! Шартнома имзолангач, қандай ҳиссиётларни кечирмоқдасиз?

- Ассалому алайкум! Аввало, жамоа раҳбариятига ҳамда мураббийлар штабига менга ишонч билдириб, жамоага таклиф қилишгани учун раҳмат айтмоқчиман. Шартнома имзолаганимдан кейин ҳиссиётлар зўр, албатта хурсандман. Олдимизда янги мавсумга тайёргарликни давом эттириш учун ўқув-машғулот йиғинлари бор. Машғулотларни яхши ўтказиб, тезроқ чемпионат бошланишини кутяпман. Худо хоҳласа, янги мавсумда мухлисларни албатта хурсанд қиламиз.

абдуллажонов3

- Бу таклиф сизга кўпроқ нимаси билан ёқди?

- “Андижон” клуби бегона бўлмаганлиги учун унинг мухлисларини яхши биламиз. Ўйинлар чоғида стадионда қанақа муҳит ҳукм суришидан хабардормиз. Бундай муҳитда тўп суриш ҳамма футболчи учун ёқимли. Бош мураббийнинг шахсан ўзи таклиф қилиб, ишонч билдиргани учун “Андижон” жамоаси билан шартнома имзолашга қарор қилдим.

- Андижонлик мухлислар сизни яхши эслашади. 2018 йилги мавсумда ҳам жамоа шарафини ҳимоя қилгансиз. 5 йилдан сўнг яна қайтдингиз. Жамоада эски дўстларингиздан кимларни кўрдингиз?

- 2018 йилда ўйнаб, 5 йилдан кейин қайтганим ва бу ерда таниш футболчилар борлигини айта оламан. Жамоамиз сардори Илдар Маматказин ва яна кўплаб ўйинчилар билан бирга ўйнаганмиз, жуда яхши танишмиз. Шу томонларидан ҳам менга осон бўлади, деб ўйлайман. Чунки бундай жараёнда клубга киришиб кетиш ва мослашиш ҳолати тезроқ ўтади. Албатта, бу нарса фойдамга бўлади, деб умид қиламан.

абдуллажонов4

- Клубда қайси рақамни танладингиз ва нима учун?

- Бу мавсумда мен учун 11-рақамни танладим. Чунки 2018 йили “Андижон”да тўп сурганимда ушбу рақамда ўйнаганим учун ҳам бу сафар яна 11 ни танладим.

- "Андижон" билан ўз олдингизга қандай мақсад қўйдингиз?

- Ўтган мавсумда кўрдикки, “Андижон” барча клубларга, айниқса, юқори ўринлардаги жамоаларга ҳақиқий бош оғриғи бўлди. Бу йил ҳам ўша темпни туширмасдан яхши рақобат кўрсатиб, янада юқори поғоналарни эгаллашни мақсад қилганмиз.

абдуллажонов2_1

- Андижонлик мухлисларга қандай гапингиз бор?

- Боя айтиб ўтганимдек, жамоа мухлислари стадионда бошқача муҳитни ярата оладилар ва “Андижон”ни 90 дақиқа фаол тарзда қўллаб-қувватлаб турадилар. Ишонаманки, янги мавсумда ҳам худди шунақа бўлади. Улар бизни қўллаб туришдан чарчашмасин ва бу бизга қўшимча куч бўлади. Уларни албатта хурсанд қиламиз.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Bek 56
25/01/2024 10:23
СУННАТУЛЛОХ, сиз яхши тайёрланиб Андижонни галабали у'йинларига у'з х,иссангизни к,у'шасиз дея умид к,илурмиз