Хюистра Арвеладзенинг муваффақиятларини такрорлашига ишонасизми? Ёхуд "Пахтакор"нинг ўйинида янги "имзо" кўрамизми?

Шота Арвеладзега анча ўрганиб қолганимиз учун “Пахтакор”нинг муваффақиятларига ҳам кўникиб кетгандик. Энди бўлса, клубни Арвеладзесиз тасаввур қилишимизга тўғри келади. 3,5 йил мобайнида юртимизда фаолият олиб борди, аввалига танқидларга учраган мутахассис кейинчалик ўзининг ўйин услубини йўлга қўя олди. Натижа эса ҳаммага аён. 2020 йилги мавсум тугагач, Шота Юстиновичнинг ҳам шартномаси якунига етди. Оқибатда унинг ўзи “Пахтакор”ни тарк этиб, янги чақирувлар учун эшиги очиқлигини кўрсатди. Албатта, унинг клубдан кетиши ўзига яраша шов-шув уйғотди. Ҳаттоки, бу шунчаки бир “ўйин”, у яна қайтади, деган тахминлар ҳам йўқ эмасди. Лекин қарори қатъий бўлди ва бошқа ортига қайтмади!

Яна Арвеладзенинг кетиши ҳақида ёзиб, эски хотираларни такрорламоқчи эмасмиз. Фақат у кетгач, “Пахтакор”га янги бош мураббий ким бўлиши ҳаммани янада қизиқтириб қўйганди. Клуб эса ҳадеганда бу борада расмий баёнот беравермади. Шундан билдикки, янги бош мураббий масаласида узоқ ўйлаб, таҳлил қилинган. Ёки ким биландир келиша олмагандир, буниси бизга қоронғу. Якунда эса нидерландиялик мутахассис Питер Хюистра бош мураббий лавозимига тайинланди. Дарвоқе, ўз вақтида “Пахтакор”ни яна бир нидерландиялик мутахассис – Ханс Ферел ҳам бошқарган. Хюистра эса клуб тарихидаги иккинчи нидерландияликка айланди.  

хюистра1

Арвеладзедан ташқари “Пахтакор”ни айрим етакчилар ҳам тарк этди. Ўша футболчиларни ҳамма билади. Айтмоқчимизки, клуб жиддий йўқотишларга учрагани рост. Натижада кўпчиликда савол туғила бошлади: “Пахтакор” бироз кучсизланиб қолдими? Лекин раҳбарият ҳам жим қараб тургани йўқ. Таркибга Азиз Турғунбоев, Сардор Рашидов сингари моҳир ўйинчилар таклиф қилинди. Хюистранинг бош мураббийликка тайинланишида ҳам қандайдир маъно бордек. Яъни, у Арвеладзенинг ёрдамчиси эди ва энди унинг давомчиси сифатида у бошлаган ишни давом эттириши назарда тутилганлиги катта эҳтимол.

Хюистра Арвеладзенинг ёрдамчиси бўлиб ишлаб юрган кезларида тўғриси, унга кўп ҳам эътибор қаратилмасди. Чунки бош мураббий барибир натижага жавобгар эди. Мана, энди нидерландиялик мутахассис асосий ролга чиқди. Демак, ўз-ўзидан унга бўлган эътибор ортиши табиий ҳолат. У 1967 йилда таваллуд топган. 18 январь куни 54 ёшини қаршилади. Хюистра футболчилик фаолияти давомида “Гронинген” (Нидерландия), “Вендам” (Нидерландия), “Твенте” (Нидерландия), “Глазго Рейнжерс” (Шотландия), “Санфречча Хиросима” (Япония), “Льерс” (Бельгия), “Розендал” (Нидерландия) сингари жамоаларда тўп сурган. Хюистра “Глазго Рейнжерс”даги фаолияти давомида беш карра Шотландия чемпиони бўлгани билан ҳам танилган.

хюистра2

Бевосита унинг мураббийлик фаолиятига келсак, 2001 йилда ўзи тўп сурган “Гронинген”нинг ёшлар жамоасида бош мураббийликдан бошлаган. Сўнг, 2005-2009 йиллар давомида “Витесс” клубида ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаган. Шу билан бирга у “Аякс”да ҳам худди шу лавозимда фаолият олиб борган. Шундан кейин у “Аякс” ёшлар жамоаси, “Гронинген” ва “Де Графсхап” клубларини бошқарган. 2015 йилда Индонезия терма жамоасида ҳам фаолият олиб борганини қўшимча қилиш лозим. Қолаверса, Индонезиянинг “Мадура Юнайтед” клубини ҳам бошқарган. “Пахтакор”га келгунига қадар Словакиянинг “Тренчин” жамоасида ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаб келган. Шундан кейин Питер Хюистранинг “Пахтакор”даги фаолияти бошланди. Кўриб турганингиздек, у бу йилдан эътиборан бош мураббий лавозимида ишга киришди.

Хюистра Арвеладзенинг “Пахтакор”даги муваффақиятли мавсумини давом эттира оладими? Бунинг жавоби осон, ҳаммасини чемпионат охирида билиб оламиз. Лекин нидерландиялик мутахассиснинг “иштаҳаси” чакки эмас. Куни кеча берган интерьвюсида балки Арвеладзе кўрсатган натижадан яхшироғини намойиш эта олармиз, қабилида гапириб ўтди. Ҳозирча унинг ўйин фалсафаси қандай эканлиги биз учун тўлиқ намоён бўлиб улгургани йўқ. Лекин тез орада уни дастлабки синов кутиб турибди. 6 март куни Ўзбекистон Суперкубогида “Насаф” билан ўйин ва чемпионат доирасидаги илк турда ҳам Рўзиқул Бердиев жамоасига қарши жиддий баҳслар бор. Албатта, ҳар бир мураббийнинг футболга ўз қарашлари бор бўлгани каби, “Пахтакор”нинг янги устозида ҳам футболга бўлган ўзига хос муносабат мавжуд. Унинг бошчилигида “Пахтакор” қандай ўйин намойиш этишини кўриш тўғриси, қизиқ туюляпти. Хюистра Арвеладзенинг ўрнини қанчалик боса олади? Ёки у жамоа ўйинида ўзининг "имзо"сини ярата олармикин? Шуни эсдан чиқармаслик лозимки, нидерландиялик мураббий чемпион жамоани қабул қилиб олди. Футболда эса чемпион бўлишдан кўра, чемпионлик камарини ҳимоя қилиш бир мунча мураккаброқ, деган гап бор.     

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
23/02/2021 21:41
Sizlardan iltimos fudbolni tugri qabul qilaylik Shota hech qanaqa uyin olib kergani yuqki. keldi kurdi kucherdi. tuliq Nasafcha va Nasaf uyinchilarini atrofiga uyin qurdi. keyin Nasafka qarshi beron marta kuchi etmadi. hohlasalariz. hamma uyinni kurib tahlil qilib beraman.