Яккакурашлар. Панкратион ва Грепплинг бўйича жаҳон чемпионати олдидан матбуот анжумани ташкил этилди
Пойтахтимиз яна бир нуфузли спорт анжуманига мезбонлик қилади. Жорий йилнинг 30 апрель – 4 май кунлари Тошкентда Панкратион ва Грепплинг бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.
Панкратион яккакурашнинг бир тури бўлиб, жанговар спорт йўналишларининг энг қадимийсидир. Қадимги Юнонистон эса унинг ватани ҳисобланади. Шунинг учун ҳам у милоддан аввалги 648 йилда Олимпиада ўйинларига киритилган. Бу спорт турнинг ривожи ўша машҳур юнон афсоналари “Тесей” ва “Геракл”га бориб тақалади.
Бугунга келиб, Панкратион Европа, Америка ва Осиё қитъаларида кенг ривожланган. Жумладан, қўшни Қозоғистон, Россия, Франция, Германия, Ҳиндистон, Покистон, Украина, Туркия, Болтиқ бўйи мамлакатларида Панкратион яккакураш тури энг етакчи спорт турларидан бирига айланиб улгурган.
Қисқа муддатли танаффусдан сўнг, бу қизиқарли ва узоқ тарихга эга спорт тури яна қайтмоқда. Ишонч билан айтиш жоизки, Панкратион спорт тури ҳозирда ММА (аралаш жанг санъатлари) билан бемалол рақобатга киришмоқда.
Шунингдек, Панкратион ўзида барча яккакураш турларини жамлаган. ММА дан фарқли жиҳати, “партер” да узоқ вақт жанг давом этилишига йўл қўйилмайди.
Бироз пассивлик кузатилса, жангчилар “стойка” қайтарилади ва бу қонун-қоидалар айнан панкратионники ҳисобланади. Хуллас, Панкратион ҳозирги кундаги барча яккакураш турларининг илк аждоди бўлади, десак муболаға бўлмайди.
Грепплинг кураш оиласининг энг томошабоб кўриниши бўлиб, бунда нафақат кураш оғриқли услублар, балки бўғиш услубларини ҳам ўз ичига олади. Ҳабиб Нурмагомедов, Ислом Махачев, Юрайя Файбер, Рой Грейси, Демиан Мая каби UFC юлдузларнинг фаолияти бевосита “Грепплинг” билан боғлиқ. Бу йўналиш асосан АҚШ да кенг тарқалган бўлиб, жуда кўп халқаро турнирлар ўтказилади.
Бир сўз билан айтганда Грепплинг жаҳоннинг ҳар бир бурчагига кириб борган бўлиб, ўзини оммавийлиги билан мақтана олади. Панкратион ва Грепплинг ҳар қандай инсонни мукаммалликка, қатъий интизомга ўргатади.
Бугун пойтахтимиздаги “City Palace” меҳмонхонасида бўлажак жаҳон чемпионати олдидан ОАВ иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Панкратион ва Грепплинг ассоциацияси раиси Ҳожиакбар Ҳакимов, ассоциация раиси ўринбосари Суҳроб Рўзиматов, ассоциация бош котиби Камолиддин Ҳамидов ҳамда Бирлашган жаҳон курашлари уюшмаси (UWW) вакили Онур Симсек иштирок этди.
Фикрлар