Ямал бош мураббийдан бу юлдузни “Барса” таркибидан чиқаришни сўради

Испан футболи юлдузига айланиб бораётган Ламин Ямал “Барселона” бош мураббийи Ханс-Дитер Фликка жамоавий ўйинда Маркус Рэшфорднинг роли борасида хавотир билдирган, деб хабар бермоқда El Nacional нашри.

“Барселона”нинг ёш етакчиси Ламин Ямал жамоа бош мураббийи Ханс-Дитер Фликка учрашиб, англиялик ҳужумчи Маркус Рэшфорднинг сўнгги ўйинлардаги ҳаракатлари бўйича ўз позициясини маълум қилди.

Маълум бўлишича, 18 ёшли ҳужумкор футболчи жамоадош Рэшфорднинг ҳимоявий ҳаракатларда етарли даражада иштирок этмаётгани ва тўпсиз ҳолатда пассив ҳаракат қилаётганига эътироз билдирди.

Ямалнинг фикрича, Маркуснинг бу позицияси жамоавий ҳаракатлар мувозанатига салбий  таъсир қилмоқда. Бу муаммо, айниқса, тактик даражаси юқори ўйинларда яққол кўринади, ўта муҳим учрашувларда интизом ва бутун жамоанинг иш ҳажми ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.

Манба маълумотига кўра, Ямал мураббийга тўғридан-тўғри Рэшфордни бундай ўйинларда асосий таркиб учун энг ишончли вариант, деб ҳисобламаслигини айтган. Гап фақат футбол ва тактик масалалар ҳақида бормоқда, интизомий чоралар ҳақида эмас.

Маркус Рэшфорд жорий мавсумда 34 та ўйинда иштирок этиб, 10 та гол урган ва 13 та голли узатма берган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!