Ямал ўзини кибрли деб ҳисобламаслигини айтди
«Барселона» ва Испания терма жамоаси вингери Ламин Ямал ўз характери ҳақида берилаётган саволларга муносабат билдирди.
– Сиз ҳақингизда ўзини ишонган, гапини айтишдан қайтмайдиган йигит, деб гапиришади. Айримлар бундан келиб чиқиб, сизга кибрли ёки ҳатто провокатор, деб баҳо бериши мумкин. Бундай фикрларга қандай жавоб берасиз?
– Менимча, мен ҳақимда шундай гапирадиганларга барибир мен билан бирга бўлиш ёқади. Охир-оқибат, футбол — завқ учун яратилган ўйин. Матбуот анжуманларида мен самимий гапирадиган, юрагидаги гапни айтадиган, мени кулдиришни ҳам биладиган одамларни эшитишни яхши кўраман. Бу кўпроқ манманлик эмас, балки нима ўйласам, шуни табиий тарзда айтиб ўрганганим. Шунинг учун менга шундай «тамға» қўядиганлар адашишади. Мен фақат имконим борича ўзим бўлишга ҳаракат қиламан. Менимча, одамлар ростини айтадиган жавобларга кўникмаган. Эҳтимол, кўпчилик фақат ёқимли гапларни, «ҳаммаси аъло» деган жавобларни эшитишни истайди, лекин мен ҳар доим ҳақиқатни гапиришга уринман.
– Сиз ҳақингизда баъзан пайдо бўладиган танқид ва баҳсларга қандай муносабатдасиз?
– Ёшлигимда бунга тушунмасдим. Чунки мен ҳақимда тарқалган можаролар ёки миш-мишларнинг аксарияти ёлғон эди. Ҳар доим шундай бўлган. Ўйлардим: «Аксар нарсаларни қилмаган бўлсам, нега бундай дейишяпти?» Кейин тушундимки, мен ҳеч нарса қилмаётган пайтда мен ҳақимда «хабар сотиш»нинг ягона йўли — ниманидир ўйлаб топиш, одамлар гапириши учун сабаб яратиш экан. Шунинг учун ҳозир бунга бошқача қарайман: «Ҳа, яхши, билмас эканманки, шунча иш қилиб қўйган эканман, майли, унча катта гап эмас», деб қўяман (кулар экан). Мен учун энг муҳими — онам хотиржам бўлиши, у мен бундай иш қилмаганимни, бу гаплар рост эмаслигини билиши. Агар у бунга ишонса, қолгани мени унчалик безовта қилмайди, – деди Ямал.

Фикрлар