"Яна имкон берса бўларди" - "Турон" футболчиси Ашурматовнинг истеъфоси ва клубдаги вазият ҳақида гапирди

Хабарингиз бор, яқинда “Турон” клуби бош мураббийни истеъфога чиқарди. 5 та ўйинда 2 дуранг ва 3 мағлубият қайд этилгач, Бахтиёр Ашурматов лавозимидан озод этилди. Бунга асосий сабаб “Турон”нинг ҳали ғалаба қозонмагани билан боғлиқ.

Бу қарор яйпанликларнинг водий дербиси доирасида “Нефтчи”га қарши учрашуви олдидан юз берди. Қизиқ, клуб футболчилари бу истеъфони қандай қабул қилдилар? Шу мақсадда Sports.uz журналисти “Турон” футболчиси Хушнуд Авилов билан боғланди.

-. Хушнуд, "Турон" клуби мавсумни ўзи кутган даражада бошлай олмади ва ҳамон ғалаба нималигини билмай келмоқда. Клубга нима бўляпти?

- Тўғри айтасиз, жамоа ҳали ҳам ғалаба нималигини билмай келяпти. Бунга сабаб бизга омад етишмаяпти, деб ўйлайман.

- Ҳолбуки, чемпионат аввалида таркиб кучайтирилганди. Балки янги футболчилар ҳали тўлиқ мослашишмагандир?!

- Йўқ, жамоада энди ҳамма бир-бирини яхши тушуняпти. Чунки клубга келган ўйинчиларга анча вақт бўлди.

-  Сизнингча, Бахтиёр Ашурматовнинг истеъфоси тўғри бўлдими?

- Йўқ, яна имкон берса бўларди.

- Умуман олганда, футболчилар бош мураббий истеъфосини қандай қабул қилдилар?

- Ҳаммада бошқача ҳолат бўлди. Нимага десангиз, таркибдаги 90 фоиз ўйинчиларни Бахтиёр Ашурматов чақирганди. Шу сабабли мураббий кетганида биз бошқача вазиятга тушдик.

авилов

- Мураббийнинг кетишидан кейин ички муҳитда нимадир ўзгармадими?

- Йўқ, жамоадаги ҳамма профессионал футболчилар. Клубда барчаси жойида.

- Нима деб ўйлайсиз, Ашурматовдан сўнг, энди ижобий ўзгариш бўладими?

- Буни вақт кўрсатади.

- “Турон” яна Суперлигада қолиш учун курашадими? Бунга фикрингиз қандай?

- Йўқ, жамоамиз Суперлигада қолиш учун курашмайди. Бизга битта ғалаба керак. Кейин жамоа албатта ўзига келади. Таркибдан келиб чиқиб гапирсам, биз ҳар қандай рақибга бош оғриғи бўламиз. Чунки клубда яхши футболчилар йиғилган.

- Сизнингча, энди “Турон”га қандай мураббий керак?

- Қанақа мураббий келишини фарқи йўқ. Муҳими, “Турон”га ёрдам берса бўлди. Биз унинг айтганини қилишга мажбурмиз.

- Жамоанинг айни пайтдаги кайфияти қандай?

- Кайфият яхши. Кейинги учрашувга тайёргарлик кўряпмиз.

-. Олдинда “Турон”ни "Нефтчи"га қарши водий дербиси кутяпти. Ниманинг эвазига ютиш мумкин?

- Жамоа ўзига ишониб, майдонни ҳар бир қарич жойида кураш олиб борса, Худо хоҳласа натижа яхши бўлади.

авилов1

- “Турон” Суперлигада дебют қилганида ҳам анчагача илк ғалабасини қўлга кирита олмаган. Бу сафар ҳам ўша сценарий такрорланяптими, нима деб ўйлайсиз?

- Йўқ, ҳали бундай вазият бўлмади, деб ўйлайман. Бизга айтганимдек, битта ғалаба етишмаяпти. Ҳали “Турон” ўз сўзини айтади.

- Ашурматов сизлар билан хайрлашдими? Нима деди?

- Ҳа, албатта. Ҳамма билан хайрлашиб кетди. Омад тилади, кўп гаплашмади.

- Клубда молиявий ҳолат қандай? Қарздорлик йўқми?

- Жамоада ҳеч қанақа қарздорлик йўқ.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!