"Яна у ерга борардим" ёхуд японияликлар Фозил Мусаевнинг қайтишини хоҳлашяпти

Суперлига дебютанти – “Турон” клуби ниҳоят ўз ўйинини топиб боряпти. Айниқса, Игорь Шквирин бош мураббий этиб тайинланганидан бери жамоа ютқазмай келяпти.

“Турон” унинг бошчилигида ҳозиргача бешта ўйинда иштирок этиб, иккита ғалаба ва учта дуранг қайд этди. Айниқса, 14 август куни 15-тур доирасида ўз майдонида Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоасини Фозил Мусаевнинг киритган ягона голи эвазига мағлуб этгани диққатга сазовор.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, унинг голи “Турон”нинг иккинчи ғалабаси, “Сўғдиёна”нинг эса иккинчи мағлубиятини таъминлади. Учрашув қаҳрамонига айланган Мусаев Sports.uz учун аввало қўлга киритилган муҳим ғалаба ҳақида гапирди.

- Биласизми, “Турон” жамоаси бош мураббийлигига Игорь Анатольевич Шквирин келганидан кейин ҳаммаси яхши тарафга ўзгаряпти. Худога шукр, жамоамизнинг натижалари яхшиланиб боряпти. Бу ҳолат машғулотларимизда ҳам сезиляпти. Натижада футболчиларда ҳам ўзларига нисбатан ишонч кучайди. Бу ҳолат ўйинларимизда ҳам акс этяпти. Шу билан бирга жамоага омад ҳам кулиб боқяпти. Насиб қилса, бу “Турон” учун давомли бўлсин.

мусаев

“Сўғдиёна” дарвозасига урган голи жуда чиройли комбинациядан кейин киритилди. Фозил ҳужумни бошлади ва ўзи якуний нуқта қўйди. Бу ишни қандай уддалади? Чунки бу гол чиройли комбинация эвазига киритилди. Бундай ҳужум ва гол уриш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди...

- Ўша вазиятда тўпни қабул қилдим ва Суннат Абдуллажонов билан “стенка” ўйнаб, рақиб жарима майдонига кириб кетдим. Бори шу холос. Ўз навбатида Суннатни ҳам менга ажойиб пас берганини айтишим керак. Гол уришда омадим ҳам келди.

мусаев1

Қизиғи, Мусаевнинг Сўғдиёна”га қарши ўйиндаги голи ва ўйинини япониялик мухлислар ҳам кузатди. Фозилнинг голи туфайли ЎзПФЛнинг твиттердаги саҳифасида япониялик мухлисларнинг “меҳмон” бўлишига сабаб бўлди. Ўз ўрнида “Жубило Ивата”нинг собиқ футболчиси бу ҳақда шундай деди:

- Тўғри, Япониядан ҳар доим мухлислар менга ёзиб турадилар. Инстаграмда ҳам кузатиб борадилар. Улар ҳар сафар ўйиндан олдин менга омад тилайдилар. Бундай эътибор эса одамга жуда ёқимли туюлади. Бу сафар ҳам “Сўғдиёна” клубига қарши беллашувдан аввал шундай бўлди. Ўйин тугаганидан кейин япониялик мухлислар менга табрикномалар ёздилар. Табиийки, ўзимизнинг ишқибозлардан ҳам табрик сўзлари ёзилган хабарлар келди.

мусаев3

Ҳа, Японияда Фозил Мусаевни жуда қадрлашади. “Жубило Ивата” клубидаги фаолияти орқали у кўплаб мухлислар орттиришга муваффақ бўлди. Шунинг учун японияликлар бу футболчига ҳамон бефарқ эмаслар. Хўш, Мусаев ҳам Япониядаги ишқибозларини соғиняптими?

- Тўғрисини айтсам, японияликлар ҳар доим қайтиб кел, деб ёзишади. Шу ерда ўйна, “Жубило Ивата”да бўлмаса ҳам Япония чемпионатида тўп суришингни истаймиз, ўйинингни яна кўришни хоҳлаймиз, деб кўп ёзадилар. Шу боис қаерда бўлсам ҳам улар менга доим омад тилаб турадилар. Бундай эътибор учун улардан доим миннатдорман. Чунки Япониядан бўлса ҳам ишқибозлар мени кузатиб, қўллаб-қувватлаб келмоқдалар. Бу жуда ёқимли ҳолат, - дейди Мусаев.

мусаев2

Японияликларнинг унга ҳамон эътибори юқорилиги бежиз эмас. Фозилдан яна Японияга қайтиш режангиз борми? Бу борада аниқ таклифларни қабул қилдингизми, дея сўраганимизда қуйидагича жавоб берди.

- Ростини айтсам, агар яна Япониядан таклиф бўлса, у ерга борардим. Лекин бу ҳозир эмас, балки қишда. Чунки ҳозирги пайтда бор эътиборимни фақат “Турон”га қаратганман.

Дарвоқе, Ўзбекистон миллий терма жамоасига Сречко Катанецнинг бош мураббий этиб тайинланиши кутилаётгани сабабли бу борада Фозил Мусаевнинг ҳам фикрини билишга қизиқдик.

- Бу ҳақда билмайман. Нима бўлса ҳам барчаси ўзбек футболи учун яхши танлов бўлган бўлсин. Энг муҳими, миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионати иштирокчисига айланишини жуда истайман, - дея жавоб берди, Мусаев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Akrom Ruzibaev
18/08/2021 10:17
Шу ерда хеч нарсани койиллатмадинг канака килиб Японияда уйнадинг билмадим