"Янада кучли футболчи бўлиб қайтаман". "Навбаҳор"дан "Турон"га ўтиш орқага ташланган қадамми?
Бир йиллик танаффусдан кейин про лигага қайтган “Турон” клуби яна кучлилар сафига қайтиш илинжида юрибди. Шу сабабли таркиб яна бошқатдан шакллантириляпти, Суперлигада ўйнаган ўйинчилар билан жамоа иложи борича кучайтирилди.
Жумладан, наманганлик истеъдодли ярим ҳимоячи Сардор Теляков мавсум бошланишига яқин “Турон” сафига келиб қўшилди. Унгача футболчи асосан “Навбаҳор” билан қишки йиғинларда иштирок этди. Ўзи ҳам бир неча йил давомида ушбу клуб шарафини ҳимоя қилди. Масалан, ўтган мавсумда Теляков айрим голлари билан “Навбаҳор” мухлисларини қувонтиргани ёдимизда.
Энди эса Сардор Теляков клубини ўзгартириб, “Турон” шарафини муносиб ҳимоя қилишга бел боғлади. Балки футболчини Суперлигадан про лигага ўтишини кутмаганлар ҳам бўлгандир. Қуйида Теляков шу ва яна бошқа саволларга жавоб қайтарди.
- Сардор, “Навбаҳор” клубидан кетишингиз нима билан боғлиқ? Бабаян сизга ишонмадими ёки кетишни ўзингиз хоҳладингизми?
- “Навбаҳор” клубидан кетишимнинг сабаби шундаки, тўғриси, бу рақобатдан қўрқиш эмас. Балки ўйин амалиёти камайиб, спорт формасидан чиқиб қолмаслик учун шундай қарорга келдим.
- Жамоа билан хайрлашишингизга бош мураббийни муносабати қандай бўлди?
- Умуман олганда, Самвел Вячеславович менга ўйин амалиёти кам бўлиб, захирада ўтириб қолмаслигим учун ўзи ҳам таклиф қилди, ушбу вариантни.
- Клубни қанақа кайфиятда тарк этдингиз?
- Яширмайман, “Навбаҳор” клубини тарк этишим жуда қийин кечди. Наманганлик бўлганим учун ўша ерда дебютимни ўтказганман. Лекин мен бу жамоани бутунлай тарк этганим йўқ. Ижара асосида “Турон”га кетдим. Худо хоҳласа, “Навбаҳор”га янада кучли футболчи бўлиб қайтаман.
- Нима учун айнан “Турон” варианти?! Бошқа таклифлар ҳам бормиди?
- Албатта, менга фақатгина “Турон” эмас, балки Суперлиганинг бир қатор клубларидан ҳам таклифлар бўлганди. Аммо “Навбаҳор” клубида қолишни хоҳлагандим. “Турон” клуби раҳбарияти ва бош мураббийи Анвар ака Бердиев мени клубга таклиф қилишди.
- Суперлига ўйинчиси сифатида про лигага ўтишингизни ўзингиз қандай қабул қилдингиз?
- Тўғрисини айтаман, “Турон” жамоасига ўтишдан аввал роса ўйландим ва маслаҳатлашдим. Бу қароримни ортга ташланган қадам эмасмикин, деб ўзимга савол бердим. Кейинчалик тушундимки, йўқ, бу орқага қадам эмас. Бу мен учун бир синов. Айтишади-ку, бир қадам орқага, икки қадам олдинга деб. Мен шунга амал қилдим. Лекин “Турон” ҳам анойи эмас. Ўтган йили Суперлигада қатнашиб, унинг ҳавосини кўриб, ўзига яраша номини қолдирган жамоадир. Шундай экан, мен танловимдан ҳеч қачон афсусланмайман.
- Про лигада ҳам ўзига яраша интрига бор. Сиз учун асосий фаворит кимлар?
- Про-лигага келадиган бўлсак, бу ерда ҳам анча ўсиш борлигини кўриб турибман. Масалан, бу ердаги чемпионатни ҳам телевидениеда тўғридан-тўғри эфирга беришяпти. Бу йилги мавсумда ҳам про лигада Суперлигага лойиқ жамоалар бор. Мана, энди биринчи турни ўтказиб олдик. Ҳали бошқа жамоаларни яхши билмаймиз. Лекин, ўйлашимча, 3-4 та клубда Суперлигага чиқиш вазифаси бор. “Турон” клуби Суперлигани кўрган. Мақсад ҳам яна элитага қайтиш. Бошқа клублар ҳам жиддий тайёргарлик кўришлари турган гап.
Фикрлар