Янги бош мураббий “Челси”ни қандай бошқаришини айтди
Январнинг биринчи куни Энцо Марескани истеъфога чиқарган “Челси” клуби раҳбарияти бош мураббийлик англиялик мутахассис Лиам Росеньорга топширилганини расман эълон қилди.
“Челси” билан 2032 йилнинг ёзигача амал қиладиган шартномани имзолаган Лиам Росеньсор янги бош мураббий сифатида ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.
- Мен учун “Челси” бош мураббийи этиб тайинланиш катта шараф. Бу – ўзига хос руҳга эга, совринларни қўлга киритишда бой тарихга эга клуб.
Менинг асосий вазифам – ушбу ўзига хосликни сақлаб қолиш ва ҳар бир ўйинда ана шу қадриятларни акс эттирадиган жамоа яратиш, шу билан бирга янги совринларни қўлга киритишни давом эттиришдир.
Менга бундай масъулиятли лавозимни ишониб топширишлари ўзим учун жуда катта аҳамиятга эга. Бу имконият учун ва ушбу вазифани бажара олишимга бўлган ишонч учун барча дахлдорларга миннатдорлик билдираман.
Клуб муносиб бўлган муваффақиятга эришиш учун қўлимдан келган барча ишни қиламан. Мен жамоавий ишга, бирликка, жипсликка ва ўзаро қўллаб-қувватлашга қаттиқ ишонаман, айнан шу қадриятлар қилган барча ишларимизнинг асосида ётади. Улар бизнинг муваффақиятимиз учун пойдевор бўлади.
Ниҳоятда иқтидорли футболчилар ва ходимлар жамоаси билан ишлаш имкониятидан хурсандман, майдонда ҳам, ундан ташқарида ҳам мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйиб, ҳар ким ўзини ягона мақсад сари интилган бир бутун жамоанинг аъзоси сифатида ҳис қиладиган муҳитни яратишни истайман, - деди Росеньор “Челси” расмий сайтига берган интервьюсида.
Фикрлар