Янги даврни бошлаётган "Бургутлар" ёхуд барчаси "Андижон" ҳақида
1964 йилда ташкил топган “Андижон” клубининг бу йил 60 йиллик юбилейи! Эътиборлиси, клуб ушбу юбилейида тўйга тўёна деганларидек, ўз тарихида илк бор Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди. Бу орқали “Бургутлар” келаси йили Осиё Чемпионлар лигаси 2 да ҳамда Ўзбекистон Суперкубогида иштирок этиш имкониятига ҳам эга бўлди. Даҳақиқат, бу клуб янги тарих ёзишда давом этяпти.
Келинг, барчасини бир бошидан бошласак. “Андижон” 1964 йилда ташкил топган. Жамоанинг илк бош мураббийи Евгений Борисович Валицкий. Дарвоқе, ўша йили “Спартак” номи билан чемпионатда иштирок этган. Шу пайтга қадар клуб номи бир неча бор ўзгарган. “Спартак”дан ташқари, “Андижанец”, “Текстильшик”, “Пахтакор”, “Наврўз” каби номлар билан ҳам аталган. 1997 йилдан “Андижон”га ўзгартирилган.
“Андижон” клуби Ўзбекистон чемпионатида 1992 йилдан бери иштирок этиб келади. Орада бир неча бор про лигага ҳам тушиб чиққан. Жамоанинг энг яхши натижаси 2008 йилга тўғри келади. Ўшанда клуб фахрли 5-ўринни эгаллаган. Ўша мавсумда иккита мураббий ишлаган. Аввалига Владимир Бондаренко бошчилигида мавсумга киришишган ва чемпионатни Ориф Маматказин устозлигида якунлашган.
Тарихда илк бор Кубокни қўлга киритган жамоа бунда машаққатли йўлни босиб ўтди. Гуруҳ босқичидаёқ “Андижон” “ўлим гуруҳи”дан жой олди. Амалдаги Кубок соҳиби “Насаф”, “Навбаҳор” ва “Динамо” билан бирга “Н” гуруҳидан ўрин эгаллади. Ўша пайтдаёқ Кубок соҳиби ушбу “ўлим гуруҳи”дан чиқиши эътироф этилганди. “Андижон” илк ўйинини “Бобур арена”да “Динамо”га қарши ўтказиб 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. 2-турда Наманганда “Навбаҳор” меҳмони бўлиб 2:1 ҳисобида енгилди. Ниҳоят, 3-турдаги ҳал қилувчи баҳсда Александр Хомяков жамоаси “Насаф”ни қабул қилди. Шиддатли учрашувда 90-8-дақиқада Бектемир Абдуманноновнинг голи “Андижон”ни кейинги босқичга олиб чиқди ва “Насаф” мусобақани аламли тарзда тарк этди.
Шу тариқа, Кубокдаги юришини давом эттирган “Андижон” нимчорак финалда Тошкентда “Олимпик”ни Рустам Турдимуродовнинг ягона голи эвазига мағлуб этди. Чорак финалда эса Қаршида “Қизилқум” меҳмони бўлди ва жавобсиз 3 та гол урган ҳолда ярим финал йўлланмасини қўлга киритдилар. “Бобур арена”да “Сурхон”га қарши бўлиб ўтган ярим финал баҳсида “Андижон” пенальтилар сериясида ғолиб чиқди. Ҳал қилувчи финалда эса “Навбаҳор” қандай таслим этилганини ҳамма кўрди. Бу ўзбек футболи тарихидаги такрорланмас финал бўлиб қолади. “Андижон” Кубок мусобақасида 7 та ўйин ўтказиб 11 та гол урди ва ўз дарвозасидан 6 та тўп олиб чиқди.
Шунингдек, “Андижон”нинг шу пайтга қадар Ўзбекистон Кубогидаги энг яхши натижаси асосан 1\4 финал билан боғлиқ эди. Яъни, жамоа 10 маротаба чорак финалгача етиб келган. Сўнгги бор, “Андижон” 2022 йилда чорак финалда ОКМК билан куч синашган ва ўшанда ўз уйида 0:2 ҳисобида имконият бой берган. Ўша пайтда бош мураббий россиялик Виктор Кумиков эди. Мана, ниҳоят бу йил “Бургутлар” Кубок соҳибига айланди.
Клубда ишлаш тизими анча такомиллашди. Айниқса, “Узавтосаноат” АЖ бош ҳомий сифатида бириктирилгач, “Андижон”да молиявий томондан барқарорлик кўзга ташлана бошлади. Олдинлари молиявий масалаларда, ойлик маошларда муаммолар кузатиларди. Бугунги кунга келиб эса бу муаммо тўлиқ бартараф этилди. “Андижон” клуби эндиликда молиявий жиҳатдан барқарор клубга айланди. Ҳеч кимдан ҳеч қандай қарзи қолмаган. Футболчиларга ҳам ойлик маош ва мукофот пуллари вақтида тўлаб бориляпти. Маҳаллий ўйинчиларга эътибор янада кучайтирилди. Мисол учун, жамоа шарафини про лигадан бери ҳозирга қадар ҳимоя қилиб келаётган футболчилар бор: Булар – Элдор Адҳамов, Илҳом Алижонов, Абдулвоҳид Ғуломов, Илдар Маматказин, Ислом Маматказин, Владимир Бубанья, Муҳаммадкарим Тоиров, Фарҳод Соҳибжонов, Абдураҳмон Комилов, Моҳир Комилов. Айнан шу футболчилар клуб негизини ташкил қилади.
Кубок финалида эса 9 нафар маҳаллий футболчилар тўп суришди: Булар – Илдар Маматказин, Ислом Маматказин, Абдулвоҳид Ғуломов, Абдураҳмон Комилов, Илҳом Абдуғаниев, Сардор Азимов, Фарҳод Бекмуратов, Фарҳод Соҳибжонов, Муҳаммадкарим Тоиров.
Яна бир гап: “Андижон” клуби селекцияда ҳам тўғри йўналишда ишлай олишини исботлай олди. Шу йилнинг ўзида жамоа иккита ўйинчисини четга сотди. Жумладан, албаниялик ҳужумчи, ўтган йили Суперлигани “ёндирган” ва “Андижон”нинг энг яхши футболчиси бўлган Рубин Хебайни Саудия Арабистонининг “Ол-Оруба” клубига трансфер қилишди. Бу “Андижон” клуби тарихида биринчиси эди. Шунингдек, ёзда “Андижон” иқтидорли ярим ҳимоячиси Шерзод Эсановни Россия премьер-лигаси вакили – “Акрон” клубига сотди. Кўряпсизми, “Бургутлар” шу йилнинг ўзида икки нафар футболчсини трансферидан яхшигина пул ишлаб олди.
Бош мураббий Александр Хомяков “Андижон”да иккинчи бор ишламоқда. Дастлаб у 2020 йилда ҳам бош мураббийлик қилган. 2022 йилнинг 15 декабрь санасида эса расман “Андижон” бош мураббийи сифатида таништирилган. Ўзбекистонда 15 йилдан бери мураббийлик қилиб келаётган Александр Андреевич, “Андижон” билан Кубокни қўлга киритган ҳолда юртимиздаги дастлабки титулига ҳам сазовор бўлди. “Андижон” Суперлигада 2023 йилдан иштирокини давом эттириб келяпти. 2022 йилда Про лига ғолиби сифатида кичик Кубокни қўлга киритган бўлса, бу сафар Ўзбекистон Кубоги соҳиби сифатида катта Кубокни боши узра кўтарди.
Клуб сафида қуйидаги легионер футболчилар тўп суришяпти: Игорь Литовка (Украина), Леван Арвеладзе (Украина), Любиша Пецель (Сербия), Владимир Бубанья (Сербия), Шахром Самиев (Тожикистон), Абинур Нуримбет (Қозоғистон), Максим Сарраф (Россия) ва Лука Згурский (Россия). Нуримбет, Сарраф ва Згурский 19 ёшда бўлиб, улар легионерлар лимитидан ташқари.
Бундан ташқари, “Андижон” клуби учун алоҳида барча талабларга жавоб берадиган янги замонавий база қурилмоқда. Булоқбоши туманида қад ростлаётган ушбу база Ўзбекистондаги энг яхшиси бўлиши кутилмоқда.
Клуб охирги уч йилда мухлислар билан ишлашни фаол тарзда кучайтирди ва жуда катта шароитлар, имкониятлар яратиб берилмоқда. Шунинг эвазига ҳам бугунги кунда “Андижон” фан-клуби нафақат Ўзбекистонда биринчи рақамлига айланди, балки дунё ушбу ишқибозларни тан оляпти. Бир сўз билан айтганда, “Андижон” учун истиқболли янги давр бошланмоқда.
Фикрлар