"Янгиер-Қурувчи" бош мураббийи: "Андижон" ҳақида фикр билдирмайман, чунки жамоамдаги муаммолар етарли"
Бугун про лиганинг 2-турида “Андижон” клуби ўз уйида “Янгиер-Қурувчи”ни қабул қилиб 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувдан кейин одатдагидек матбуот анжумани ташкил этилди. Унинг биринчи қисмида меҳмонлар бош мураббийи Бекзод Қодирқулов иштирок этди.
- Курашларга бой ўйин бўлди, бу олдиндан маълум эди. Об-ҳаво ноқулай келди, аммо буни баҳона қилиб бўлмайди. Ўзимизни хатоларимиз туфайли мағлубиятга учрадик. Бунинг учун мухлисларимиздан узр сўраймиз. “Андижон” жамоасини ғалаба билан табриклайман. Кўпроқ курашларга бой ўйин бўлди. Мазмунли, сифатли ўйин бўлмади, деб ўйлайман, - деди Қодирқулов.
- Жамоа олдига қўйилган асосий вазифа қандай?
- Асосий вазифа ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш. Хоҳ уйда, хоҳ сафарда бўлсин ютмоқчимиз.
- Суперлигага чиқиш мақсади борми?
- Олий мақсад ҳар доим бор. Мақсад бўлмаса, ҳаёт ҳам бўлмайди. Суперлигага чиқишни ният қилганмиз.
- Иккинчи бўлимда Сирож Мелиевни орқароққа олинишига сабаб нима?
- Ҳужумкор ярим ҳимоячи – Жаҳонгир Абдусаломовни майдонга туширдик. Орқага олинмади. Бизга ҳужум бўлганида орқароққа ўтиб ёрдам беришига кўрсатма бергандик.
- Тажрибали ҳимоячи Абдуқаҳҳор Ҳожиакбаров нима учун асосий таркибда майдонга тушмаяпти?
- Уни жароҳати бор. Жамоамизга қўшилганида жароҳати бор эди. Аста-секин тикланяпти ва оптимал формага кириб боряпти. Албатта, бизга ёрдам беради. Тажрибасига шубҳа йўқ.
- Бугун майдонда “Андижон” жамоасининг ўйини сизга қандай кўринди?
- Рақиб ҳақида бирор-бир фикр билдира олмайман. Ўз клубим ҳақида гапирадиган бўлсам, иккинчи бўлимда кўпроқ ҳужумда фаол бўлдик. Айнан ҳужумчиларимиз яхшироқ ўйнашни бошлашгач, имкониятлар пайдо бўлди. Худди шу нарсани биринчи таймда ҳам бажаришимиз керак эди. Кўрсатма шундай эди. “Андижон” ҳақида эса гапира олмайман. Чунки ўз жамоамдаги муаммолар ўзимизга етарли.
Фикрлар