Япониялик дзюдочи қиз Канада учун олтин медаль тақдим қилди
Ads

Япониянинг Токио шаҳрида дзюдо бўйича жаҳон чемпионатининг учинчи кун беллашувлари ўз якунига етди. Айтиш мумкинки, бугун кун аввалидан кутилган финалларга гувоҳ бўлдик. 

Эркаклар ўртасида кечган -73 килограмм вазн тоифасида япониялик Шохеи Оно уч карра жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Аввал тахмин қилинганидек, Оно финалда озарбайжонлик Рустам Оружов билан тўқнаш келди. Финалнинг 1:17 дақиқасида Оно бажарган учи-мата усули Оружовнинг яна бир бор таслим этилишига сабаб бўлди. Шу тариқа уларнинг ўзаро қарама-қаршилиги бўйича ҳисоб 5:0 кўринишига етди. Бронза медали учун кечган баҳсда икки тожикистонлик дзюдочиларнинг етиб боришгани куннинг яна бир аҳамиятли воқелиги бўлди. Бироқ якунда Бехрузи Хожазода россиялик Денис Ярцевга, Сомон Маҳмадбеков эса Озарбайжон терма жамоасининг бошқа бир вакили Ҳидаят Ҳейдаровга имкониятни бой берди. 

Дзюдо бўйича ЖЧ. Япония
Эркаклар, -73 кг:
1. Шохеи Оно (Япония)
2. Рустам Оружов (Озарбайжон)
3. Денис Ярцев (Россия)
3. Ҳидаят Ҳейдаров (Озарбайжон)

de7353ffd558a59ab9a7d088457663049c2f2492

Аёллар ўртасидаги беллашувда ҳам кутилган финал содир бўлди. Унда амалдаги жаҳон чемпиони мезбон Цукаса Йошида асли келиб чиқиши япон миллатига мансуб бўлган, ҳозирда Канада терма жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган Криста Дегучи билан рўбаро келди. "Олтин очко"гача давом этган баҳсда Дегучининг қўли баланд келди ва Канада термасининг дастлабки олтин медалини ёзиб қўйди. Бронза медали учун кечган баҳсларда амалдаги Олимпиада чемпиони бразилиялик Рафаэла Сильва ҳамда польшалик Юлия Ковалчук ғалаба қозонишди. 

Дзюдо бўйича ЖЧ. Япония
Аёллар, -57 кг:
1. Криста Дегучи (Канада)
2. Цукаса Йошида (Япония)
3. Рафаэла Сильва (Бразилия)
3. Юлия Ковалчук (Польша)