"Яхши жамоа ва таркибида шунга монанд футболчилар бор, у аъло даражадаги ҳужумчи" - Драган Черан "Андижон" ва Хебайга юқори баҳо берди

“Пахтакор” клуби чемпионлик камарини муносиб ҳимоя қилиш учун астойдил курашаётганини биласиз. 13-турда улар “Бунёдкор” майдонида муҳим ўйинни ўтказишди. Қийин кечган беллашувда “Пахтакор” клуби 90+4-дақиқада киритилган иккинчи гол эвазига ўта муҳим ғалабани қўлга киритган ҳолда уч очкони нақд қилиб қўйди.

Учрашув 1:1 натижаси билан якунланиши катта эҳтимол бўлиб турган бир вазиятда “пахтакор”чилар сўнгги сонияларда гол уриб ғалабани илиб кетишди. “Пахтакор” сардори ва етакчиси Драган Черан гарчи гол урмаганига қарамасдан ғалабага доимгидек муносиб ҳиссасини қўшди. У аввалига “Бунёдкор”га қарши беллашув борасида фикрлари билан ўртоқлашди.

“Танаффусдан кейинги илк ўйин доим қийин кечади ва биз буни билардик. Жамоадагилар анчагача бирга бўлишмади. Бу ҳол эса ўз навбатида ўйинимизга таъсир ўтказмасдан қолмади. Қисқаси, фақат учрашувнинг иккинчи бўлимига келиб ўз характеримизни намойиш эта олдик ва ғалабани қўлга киритдик”.

черан3_1

Учрашувни кўрган бўлсангиз, “Пахтакор” учун осон кечгани йўқ. Аслида ҳам бундай дербилар қийин бўлиши аниқ эди. Драгандан “Пахтакор”ни ушбу учрашувда нима қийинлаштирди, деб сўраганимизда жавоби шундай бўлди:

“Тўлиқ июнь ойини ўйинларсиз ўтказганимиз боис ритмдан чиқиб қолгандик. Ўйлайманки, бундай муаммо ушбу турда барча жамоалар сезилди. Умид қиламанки, бу муаммо тез орада барҳам топади”.

“Пахтакор” 29 июнь куни чемпионатнинг 8-тур қолдирилган турида ўз майдонида “Андижон”ни қабул қилади. Черан эса бўлажак учрашув ва рақиб ҳақида ҳам тўхталди.

“Яхши жамоа ва унинг таркибида шунга монанд футболчилар бор. Улар эса зўр ўйин кўрсата олишади. Бундай ижрочиларга эга клуб эса мақтовларга муносибдир. Мухлислари ажойиб тарзда қўллаб-қувватлайди".

черан_3

Хабарингиз бор, “Андижон”нинг албаниялик ҳужумчиси Рубин Хебай Суперлига доирасида 8 та гол урди ва барча ушбу легионер хусусида илиқ гапларни гапиряпти. Эътиборлиси, Чераннинг ҳисобида 9 та гол бор ва Суперлигада тўпурарлик рўйхатида пешқадамлик қиляпти. Хебайда эса 8 та гол ва Черанни таъқиб этиб келяпти. Шу боис Драгандан Хебай тўғрисидаги фикри билан ҳам қизиқиб кўрдик.

“Аъло даражадаги ҳужумчи! У вазиятларни яхши ҳис қилади ва ўйин тақдирини ҳал эта оладиган ижрочидир. Биз яхши дўстлармиз ва ўртамизда рақобат йўқ, деб бемалол айта олишим мумкин. Уни ҳурмат қиламан".

черан1_1

Шунингдек, “Пахтакор”даги Аббос Файзуллаев ҳам алоҳида мавзуга айланиб қолаётганини билиб турибсиз. Осиё чемпиони ва жаҳон чемпионати иштирокчиси ҳисобланган Файзуллаев Европада тўп суришга тайёрми? Черан ёш жамоадоши ҳақида шундай деди:

“У бизнинг истиқболли, порлоқ ўйинчимиздир ва мен уни ўзбек футболининг келажаги сифатида тасаввур қиламан. Яна шунга ишонаманки,  у фаолиятини Европа футболида давом эттира оладиган даражага бемалол кўтарила олади”, - дейди Драган.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
ЖУРАЕВ ХАЙРУЛЛО
27/06/2023 08:45
Насиб этса Рубен Хебай 2 чи даврада Пахтакор таркибига кушилиши кутилмокда,Пахтакор ушбу хужумчи учун 700.000 доллар беришга тайёр.
Fanat Navbahor
26/06/2023 20:49
qari tulki