"Яхши жамоани шакллантириш учун мураббийга 3 йил вақт керак, деган фикрга қўшиламан" ёхуд "Турон" дарвозабони клубини ўзгартирадими?

2021 йили Суперлигада дебютини ўтказган Яйпаннинг “Турон” жамоаси бир йилнинг ўзидаёқ яна про лигага қайтганини яхши биласиз. Клуб ҳар қанча уринмасин барибир ўйлаганлари ўхшамай қолди. Таркибида эса яхши ижрочилар борлигини айтмасак ҳам ўзингиз яхши хабардорсиз.

Про лигада ҳам “Турон” билан бирга бўлиб, Суперлигага чиқишида катта ҳисса қўшган 35 ёшли дарвозабон Акмал Ортиқов элитада ҳам яйпанликлар билан бирга бўлди. Албатта, “Турон”нинг муваффақиятсизликка учрагани Акмални ҳам кайфиятини туширди. Дарвозабон клубини нима учун дебют мавсумидаёқ муваффақиятсизликка учрагани тўғрисида ўз фикрини айтди:

“Турон” жамоаси билан про лига ғолиблигини қўлга киритгач, Суперлигада ҳам муносиб иштирок этмоқчи эдик. Лекин Суперлигада биз кутганимиздан ҳам кўра қийинроқ кечди. Бундай вазиятда қайсидир хатони сабаб қилиб кўрсатиш қийин. Биласизми, клубда барча қўлдан келганича ҳаракат қилди, курашди. Албатта, яхши ўйнаган ўйинларимиз ҳам бўлди. Ютишимиз шарт бўлган учрашувларда эса аламли мағлубиятларга учрадик. Назаримда, жамоага қандайдир омад етишмагандек бўлди. Яна қаердадир эса бошқа омиллар Суперлигани тарк этишимизга сабаб бўлди".

ортиков2

Дарвоқе, Акмал Ортиқов “Турон” таркибида Суперлигада 15 та ўйинда бошланғич таркибда майдонга тушди. Шулардан тўрттасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Лекин клубда посбонлар муқим жойини эгаллаши қийинроқ кечгандек бўлди. Чунки Низомиддин Зиёвутдинов иккиси галма-галдан дарвозани қўриқлади. Ёки уларга мураббийларнинг ишончини қозониш қийин кечдими? Бу масалага Акмал муносабат билдирди.

"Игорь Шквирин билан Олмалиқда бирга ишлаганимизда жамоада беш нафар дарвозабон бўларди ва барчасига ўйин амалиётини берарди. Шу жумладан, “Турон”да ҳам Низом Зиёвутдинов иккимизга бирдек ўйин амалиётини берди, деб ўйлайман. Тўғриси, клубда ишлаган барча мураббийлар билан муносабатим яхши эди".

Ҳамма қатори “Турон”да ҳам яна ўзгаришлар бўлади, бу аниқ. Селекцияда ишлар олиб бориляпти. Ўтган йилги таркибдан кўпчилиги кетса ажабланмаймиз. Қолаверса, футболчиларнинг шартномалари ҳам тугади. Бу вазиятда Ортиқовнинг қандай йўл тутишига қулоқ солдик.

"Янги мавсум борасида ҳали жамоадагилар билан гаплашмадик. Шу кунларда қолиш ёки кетиш масаласини ҳал қилиб оламиз. Умуман айтганда, кейинги режаларга келсак, “Турон” кўп йиллик лойиҳа. Яйпанда жамоа учун ҳамма шароитлар яратиляпти. “Турон” янги мавсумда Суперлигага қайтиш учун курашади. Жамоа мухлислари учун ҳам Худо хоҳласа, Суперлигага қайта олади".

ортиков

Яна бир гап: кўпчилик томонидан бу клубда номи чиққан тажрибали футболчилар йиғилган бўлса-да, бироқ жамоавий ўйин бўйича муаммолар кўзга ташлангани ҳақидаги гапларни эшитдик. Жамоа ичида бўлган Ортиқов эса бунга жавобан қуйидагиларни айтди:

"Клубдаги номларни жамоавий ўйинга ўргатиш учун мураббийларга вақт етишмади, деб ўйлайман. Энди бир мураббийнинг қарашларига ўргансангиз, ўрнига бошқаси келди. Умуман олганда, яхши жамоа шаклланиши учун камида уч йил керак, деган фикрга қўшиламан. Жаҳонгир Меҳмонов, Владислав Касминин, Фозил Мусаев сингари ўйинчилар етакчилик салоҳиятига эга эдилар. Жамоада барчани айби бор, шу жумладан мени ҳам. “Турон” учун 2021 йил тажриба бўлди", - дейди Ортиқов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!