Яхшибоев бўш дарвозани ишғол қила олмади, аммо пенальти ишлаб, гол киритди (видео)

Бугун Беларусь чемпионатида 7-тур ўйинлари старт олди. Ҳамюртларимиз Жасур Яхшибоев ҳамда Шаҳбоз Умаров фаолият олиб борадиган "Энергетик-БГУ" клуби бу тур "Смолевичи"га қарши баҳс олиб борди ва 2:0  ҳисобида рақибдан устун келди.

Ҳар иккала ҳамюртимиз бугунги беллашувни асосий таркибда бошлади. Яхшибоев одатдагидек ҳужум чизиғида ҳаракат қилган бўлса, Умаров ўнг қанот ҳимоясидан ўрин олди.

Учрашув давомида Жасур бир неча бор қулай имкониятларга эга бўлди. Айнан унинг саъй-ҳаракатларидан сўнг Дэвид Тве ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда 22 ёшли форвард икки бор дарвозабонни алдаб ўтишга эришди, аммо ҳар икки ҳолатда ҳам якуний зарба ноаниқ кўриниш ҳосил қилди.

Шундай бўлсада, тиниб-тинчимас Яхшибоев ўйинга ҳакам томонидан қўшиб берилган сўнгги дақиқада дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди. Рақиб жамоа посбони Фильцов уни қўполлик билан тўхтатиб қолди ва ҳакам 11 метрли жарима зарбаси белгилади. Пенальтини эса жабрланувчининг ўзи аниқ амалга ошириб, ҳисобни ишончли кўринишга келтирди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!