Яхшибоев бугунги ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди (фото)
Бугун Беларусь чемпионатида 3-тур баҳслари давом эттирилмоқда. Ҳамюртларимиз Жасурбек Яхшибоев ҳамда Шаҳбоз Умаров фаолият олиб борадиган "Энергетик-БГУ" клуби ўз майдонида "Минск" клубини қабул қилди ва 2:0 ҳисобидаги ишончли ғалабани қўлга киритди.
Дастлабки гол 21-дақиқада киритилди. Яхшибоевнинг зарбасидан сўнг дарвозабон тўпни қайтарди. Қайтган тўпга эса Алексей Носко биринчи бўлиб етиб келиб, ҳисобни очди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган иккинчи дақиқада Жасур рақиб дарвозасини ишғол этиш орқали ҳисобни 2:0 кўринишга келтирди.
Клуб матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, айнан Яхшибоев бугунги беллашувнинг энг яхши футболчиси, деб топилди. Илгарироқ, 22 ёшли футболчи жамоаси сафида март ойининг энг яхши футболчиси бўлганди.
Фикрлар