Яхшибоевда чемпионлик учун сўнгги имкон. Бугун Беларусь чемпионати якунланади
28 ноябрь куни Беларусь чемпионати олий лигасининг барча жамоалари бир пайтда – Тошкент вақти билан соат 16:00да мусобақадаги сўнгги учрашувини бошлайди.
Беларусь чемпионатида интрига охирги ўйиннинг сўнгги дақиқаларигача давом этади. Чунки мусобақада ғолиб ва совриндорлар масаласи ҳали ҳал бўлгани йўқ.
Ушбу мамлакат олий лигасини кузатаётган мухлису мутахассисларнинг эътибори, асосан икки учрашув – Солигорскдаги “Шахтёр” – “Минск” ва пойтахтдаги “Динамо-Минск” – БАТЭ учрашувига қаратилади.
Ўзбекистонлик футбол шинавандалари шу куни “Шахтёр” ва “Динамо-Минск” учун мухлислик қилади.
Аввало, барчамиз “Шахтёр”нинг ғалабасини кутамиз. Солигорскликлар етакчисига айланган Жасур Яхшибоевда Беларусь чемпионлигига эришган ўзбек футболчиси сифатида тарихдан жой олиш учун жуда яхши имконият бор.
Бунинг учун “Шахтёр” биринчи навбатда ўз уйидаги учрашувда ғалаба қозониши керак. Мутахассислар муҳим баҳс олдидан мезбонларнинг имкониятини юқори баҳолаётгани ҳам сир эмас. Рақиб бўлмиш “Минск” жамоасига натижанинг умуман аҳамияти йўқ. Улар хавфли ҳудуддан ҳам, совриндорлар қаторидан ҳам етарлича узоқда. Минскликлар ғалаба сув ва ҳаводек зарур бўлган мезбонларни “қийнаш” учунгина тўп тепади.
Мазкур жамоаларнинг биринчи даврадаги ўзаро баҳсида дуранг қайд этилиб, томонлар биттадан очко билан кифояланган.
Жасур Яхшибоев жамоа етакчиси сифатида бу учрашувда ҳам гол уришга ҳаракат қилиши тайин. Гарчи мавсусда 16 та гол урган ҳамюртимизнинг тўпурарлар пойгасида Максим Скавишга етиб олиши амалий жиҳатдан имконсиз кўринса-да, ўзбекистонлик легионер гол+пас тизимида 22 балл билан етакчилиги ва чемпионатнинг энг фойдали футболчиси номинациясидаги устунлигини сақлаб қолиш учун ҳам борини бериб ўйнаши кутилмоқда.
“Шахтёр” рақибни тиз чўктирган тақдирда пойтахтдан хабар кутади. Солигорскликлар мақсадига эришиши учун “Динамо-Минск”нинг ёрдами керак. Улар ўз майдонида чемпионат пешқадами БАТЭни тўхтатиб қолиши керак. Аслида “Шахтёр”ни ҳам “тахт”дан ағдарган мана шу “Динамо-Минск” бўлади. 26-турда бу жамоа Солигорскда кичик ҳисобда ғалаба қозонганидан кейин, БАТЭ мусобақа жадвалининг энг юқори поғонасида “Шахтёр”нинг ўрнини эгаллади.
“Динамочилар” билан бўладиган ўйинда БАТЭга осон бўлмайди. “Динамо-Минск” чемпионатда кетма-кет олтита учрашувни ўз фойдасига ҳал қилди. Жамоанинг ғайрати зўр. Айни пайтда олтинчи ўринда бораётган минскликлар назарий жиҳатдан совринли ўринларга даъвогарликдан воз кечгани йўқ. Ҳеч бўлмаганда, пойтахтликлар мухлислар ҳурмати учун мавсумни юқори нотада якунлаб, кейинги мавсум учун уларга умид бағишлаши керак. Энг муҳими эса, чемпион бўламан, деб турган жамоани тўхтатиб қолишнинг лаззати ўзгача бўлса керак.
Шу ўринда, “Динамо-Минск” жамоасининг борисовликлар билан ўзаро ҳисоб-китоби борлигини таъкидлаш керак. БАТЭ ўтган йилги чемпионатда ҳар икки учрашувда ҳам минскликларни доғда қолдирган. Натижада жамоа совринлардан қуруқ қолди. Бу йил эса, “динамочилар” ўша мағлубиятлар аламини оляпти. Улар ҳатто рақиб майдонида ўтказилган биринчи давра баҳсида мезбонларни нокаутга учратиб, 2:0 ҳисобида зафар қучганди.
Мусобақа жадвалига назар ташласак, БАТЭ 29 та ўйинда 57 очко жамғарди. “Шахтёр” бир очко кам тўплаган. Чемпионлик масаласига бошқа ҳеч қайси жамоа аралаша олмайди. Кейинги икки поғонани эгаллаб турган “Торпедо-БелАЗ” ва “Нёман” клублари ҳисобида 51 тадан очко бор.
Фикрлар