Яхшибоевнинг жамоада тутган ўрни, ўзбек футболи ва мураббийларимизга бўлган қизиқиш...Ёхуд "Шахтёр" клубининг директори Sports.uz сайтига нималар деди?
Илгари Беларусь чемпионатига мухлислар томонидан қизиқиш у қадар катта эмасди. Қачонки, у ерда ҳамюртларимиз ўйнай бошлашганидан кейин Беларусь чемпионатини кузатувчилар сони кескин ортди, десак янглишмасак керак. Айниқса, икки ҳамюртимиз – Жасур Яхшибоев билан Шаҳбоз Умаровнинг мазкур чемпионатда кўрсатаётган ўйинлари ва қайд этаётган натижалари сабабли уларга бўлган эътибор анча ортди.
Бунинг самараси ўлароқ, улар аввалига ўртамиёна клуб сафида фаолиятларини бошлаган бўлса, орадан кўп ўтмай Беларуснинг икки етакчи клуби легионерларимизни ўз сафига қўшиб олдилар.
Умаровнинг БАТЭдаги фаолияти энди бошланади, лекин Яхшибоев Солигорскнинг “Шахтёр” клуби сафида аллақачон ўзини кўрсатишни бошлаб юборган. Ушбу ҳамюртимиз янги клубга кўчиб ўтгач, бир неча бор маҳаллий ОАВга интервью берди. Лекин “Шахтёр” клуби раҳбариятининг легионеримиз борасидаги фикрлари, у қанчалик ишончни оқлаётгани ва яна бошқа жиҳатлар бўйича муносабатлари ҳеч қаерда чоп этилмади. Шуларни инобатга олган ҳолда “Шахтёр” клуби директори Андрей Иванович Леончик билан Жасур Яхшибоев масаласида гаплашишни режалаштириб қўйгандик. Излаганга толе ёр, деганларидек, ниҳоят Леончик билан алоқа ўрната олдик. “Шахтёр” клуби директорига ўзимизнинг таклиф ва истакларимизни маълум қилганимиздан сўнг у илк бор ўзбек ОАВ орасида sports.uz сайтига интервью берди.
- Андрей Иванович, аввало серқуёш Ўзбекистондан сизга илиқ саломни йўллайман. “Шахтёр”да бизнинг ҳамюртимиз Жасур Яхшибоев ўйнашни бошлаганидан бери сизнинг клубингизга қизиққан ўзбек ишқибозлари сони бирданига кўпайиб кетди. Айтинг-чи, Яхшибоев ишончни оқлашга киришдими? У жамоани кучайтира олдими? Бу ҳақида нима дея оласиз?
- Айни пайтда Жасурбек жамоамизга сезиларли даражада кўникиб боряпти. Аммо шундоқ ҳам унинг катта потенциалга эга эканлиги сезилиб турибди. Умид қиламанки, кўникма ҳосил қилиш даври ўтганидан сўнг Яхшибоев “Шахтёр”да янада ёрқинроқ порлашга тушади.
- Жасур Яхшибоевдан ташқари ва у туфайли сизни бошқа ўзбек ўйинчилари ҳам қизиқтиришни бошладими? Шу боис бизнинг бошқа ҳамюртларимизни ҳам диққат билан кузатиб борасизми?
- Жорий йил “Энергетик-БГУ”да сизнинг ватандошингиз – Шаҳбоз Умаров ўзини жуда зўр кўрсатди. Шу сабаб Борисов шаҳрининг БАТЭ клуби у билан шартнома тузди. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, ўзбекистонлик футболчиларга Беларусда етарли даражада қизиқиш билан қарашади. Бунга шубҳаланмасангиз ҳам бўлаверади.
- Андрей Иванович, ўзбек футболи ҳақида гап кетганда биринчи навбатда хаёлингиздан нималар ўтади? Бизнинг футбол ҳақида нималарни биласиз?
- Албатта, ўзбек футболи, деганда аввало хаёлимга юртингизнинг машҳур клуби – “Пахтакор” келади. Шунингдек, терма жамоангиз ҳам Осиёда ўзига яраша мақомга эга бўлиб, у қитъадаги кучли жамоалардан биридир. Бежизга терма жамоангиз ҳар сафар жаҳон чемпионатининг финал босқичига чиқиш учун кураш олиб бормайди.
- Ўзбекистонлик мураббийлар билан ҳамкорлик қилиш режангизда борми? Масалан, бирор-бир юртдошимизни жамоангизга таклиф қилишингиз мумкинми?
- Бу масалада бир нарса дейишим қийин. Ҳозир бизда шундоқ ҳам байналминал жамоа шаклланган. Агар юртингиздаги бирор-бир мутахассисни клубимизга таклиф қиладиган бўлсак, бундан ҳеч ким ажабланмаса керак. Яшайверайликчи, кўрамиз.
- Охирги вақтларда бизнинг етакчи клублар йиғинларни Минскда ташкил қилишди. Бошқарувингиздаги “Шахтёр” қайси жамоамиз билан куч синашишини истаган бўлардингиз? Умуман айтганда, ўзбек клубларига қарши ўртоқлик мақомида бўлса ҳам куч синашиш режаларингизда борми?
- Адашмасам, бундан икки йил муқаддам Тошкентнинг “Локомотив” клуби бизда ўқув-йиғин машғулотларини ўтказганди. Шундай экан, албатта мана шундай жамоаларингиздан бири Беларусга ташриф буюрадиган бўлса, у билан куч синашишга ҳаракат қилиб кўрамиз.
- Андрей Иванович, “Шахтёр”нинг молиявий фронтдаги ишлари қандай кетмоқда? Клубингизнинг асосий ҳомийси ким? Жамоа қандай қилиб пул ишлайди?
- Клубимизнинг бош ҳомийси “Беларускалий” компанияси ҳисобланади. У нафақат қитъа, балки жаҳон миқёсида калий саноатида етакчилардан бири сифатида эътироф қилинади. Бошқа масалада – реклама, маркетинг, ўйинчиларнинг трансфери ҳамда еврокубоклардаги иштирок орқали “Шахтёр” етарли даражада пул ишлаб келмоқда.
- Шуни биламизки, клуб ҳужумчиси Виталий Лисакович Россияга жўнаб кетган. Сиз Жасур Яхшибоевни унинг ўрнини эгаллайди, деган мақсадда “Шахтёр”га таклиф қилгансиз, шу тўғрими?
- Шундай деса ҳам бўлаверади. Шуни ишонч билан айтишимиз мумкинки, Яхшибоев илк кунлардан жамоамизда ўзини намойиш этишни бошлашга тушди. Ҳа, Жасурбек Виталийнинг ўрнини боса оладиган ўйинчи, дейиш мумкин.
- “Шахтёр” Беларусь чемпионатида пешқадамлик қилмоқда. Жамоангиз олдида қандай вазифалар қўйилган?
- Ўйлайманки, мусобақа жадвалида эгаллаб турган ўрнимиздан келиб чиқиб раҳбарият биздан чемпионатнинг қолган 8 турида ҳам шу ўринни банд этишни талаб қилади. Бу шундоқ ҳам кўриниб турибди. Иложи борича мавсумни пешқадам сифатида охирига етказишга ҳаракат қиламиз.
Фикрлар