"Йиғинда кимдир тайёр, кимдир тайёр эмаслиги билинди, ҳозир ортиқча ҳисоб-китобни ўйлаш вақти эмас, бу - финал". Равшан Ҳайдаров сафар ва Кападзе жамоаси ҳақида
Равшан Ҳайдаров устозлик қилаётган Ўзбекистон U-20 терма жамоамиз Озарбайжон ва Беларусда ўқув-машғулот йиғинлари ҳамда халқаро ўртоқлик учрашувларини ўтказиб қайтдилар.
Мазкур сафар юзасидан Равшан Акмалович билан боғландик. Бунинг устига юртимизда ўтаётган U-23 Осиё Кубогида терма жамоамиз финалга чиққанини яхши биласиз.
Ҳайдаров эса 2018 йили U-23 терма жамоамиз билан бирга Осиё чемпионлигини қўлга киритган. Шуни ҳисобга олган ҳолда ўзаро мулоқот чоғида мутахассис U-23 терма жамоамизга ҳам тўхталди.
Сафар тўғрисида
- Ўзбекистон U-20 терма жамоасини қабул қилганимдан кейин тайёргарлик кўриб келаётгандик. Лекин йигитлар ҳали халқаро учрашувларда ўйнамаган. Биринчи марта хориж сафарига чиқишди. ФИФА кунларидан фойдаланиб, ЎФА раҳбарияти томонидан бизга шароитлар яратиб берилди. Озарбайжон ва Беларусь футбол федерациялари билан алоқага чиқиб, ушбу ўйинлар ташкил қилинди. Икки ҳафталик йиғин бўлди. Ушбу тайёргарлик жараёнида Озарбайжон ва Беларусда иккита ўйин ўтказдик. Ўйлайманки, йигитларимиз учун хориж сафари жуда унумли ва қизиқарли бўлди. Авваламбор, футболчиларимизни халқаро майдонда ўйнаш қобилияти қанчалик экани ҳамда салоҳиятини текшириш ниятида эдик. Бундай халқаро баҳсларда йигитлар ўзларини қай даражада кўрсата олишларини кўришни ҳам мақсад қилгандик ва ўйлаганларимизга эришилди. Тўртта учрашувдан иккитасида мағлуб бўлдик, биттасида дуранг ва яна биттасида ютдик. Сафарга олиб кетган ҳамма ўйинчиларни синаб кўрдик, барчага имконият берилди. Турли ўйин услубларини синаб кўрдик. Камчиликларни ҳам кўрдик, футболчиларнинг руҳий ҳолатини ҳам кўздан кечирдик. Масалан, Ўзбекистондаги йиғинларда ўзимизни жамоалар билан ўйнаб ўйинимиз шаклланиб бораётганди. Аммо хорижда қандай ўйин кўрсата оларкин, деган савол туғиларди. Озарбайжон ва Беларусда жамоалар атлетизм, жисмоний ҳолат бўйича ўйинни йўлга қўйишган ва биз ҳам мана шундай ўйинга мослашиш жараёнини ўтказдик. Мусобақа ритмини кўзлаб ҳар уч кунда ўйин ташкил қилинди. Мана шундай босимга, иш режимига футболчиларни мослаштириш ҳам керак эди. Ўйлайманки, сафар давомида ўйлаган ниятларимизга эришдик. Бунинг жамоамиз учун фойдали тарафлари кўп.
Йиғин давомида кимдир ўзини кўрсата олди, яна кимдир ҳали тайёр эмаслигини ҳам билиб олдик. Нимани устида ишлашимиз кераклигини ҳам кўрдик. Асосан тез фикрлаш, тўп билан муомала қилиш, ўйин ритмини юқори ушлаб туриш, мана шундай ҳолатларда яна ишлашимиз керак. Хуллас, ҳар жиҳатдан биз учун фойдали йиғин бўлди.
Навбатдаги режалар қандай?
- Кейинги режаларимизга тўхталсам, ҳар ойда йиғин ўтказмоқчимиз. Суперлигада танаффус бўлганида биз ҳам яна тайёргарлик кўриш ниятимиз бор. Чунки август ойида CAFA турнири бор. Сентябрда Саудия Арабистонида саралаш ўйинларида қатнашамиз. Шунинг учун июль ойида ҳам, CAFA турнирида ҳам жамоамизни янада яхшироқ шакллантириб олмоқчимиз.
U-23 терма жамоамизнинг иштироки борасида
- Юртимизда ўтаётган U-23 мусобақаси давомида биз сафарда йиғинда бўлдик. У ерда асосан “Ютуб” тармоғи орқали терма жамоамиз иштирокидаги учрашувларни кўрдик. Жамоамиз хурсанд қиляпти. Финалгача етиб келиш – бу термамизнинг салоҳияти юқорилигини кўрсатиб турибди. Темур Кападзе жуда яхши жамоа тузган. Таркибда тажрибали, ўзига яраша лидерлари ҳам бор. Ўйин суръатини ушлаб тура оладиган футболчиларнинг тўп сураётгани ва ўзимизда ўтаётган мусобақада мухлисларнинг қўллаб-қувватлашидан тўғри фойдаланиб, босимсиз ўйнаётгани уларнинг салоҳияти юқори эканидан далолат. Албатта, финалда терма жамоамизга омад тилаймиз. Футболчиларимизнинг ғалабаларидан халқимиз хурсанд бўлади. Йигитларда катта иштиёқ ва катта мотивация пайдо бўлиб, янада ишлашда давом этадилар. Мана шундай ғалабалар орқали “уйғонади”, десам ҳам бўлади. Ўз ўйинлари билан халқимизга хурсандчилик тақдим этишяпти. Умид қиламанки, финалда яхши ўйин намойиш этиб, ғалаба билан ишқибозларимизни қувонтиришади.
Саудия Арабистони билан алоҳида ҳисоб-китобимиз борми?
- Саудия Арабистони кучли жамоа. Лекин алоҳида ҳисоб-китоб қилиш ниятида эмас, финалда ҳар бир жамоа Осиё Кубогини қўлга киритиш ниятида ўйнайди. Ҳозир ортиқча ҳисоб-китобларни ўйлаш вақти эмас. Бу финал. Ундаги мақсад Осиё Кубогини қўлга киритиш. Финалгача келдикми, рақиб ким бўлишидан қатъий назар фақат ғалаба учун курашилади. Финалгача ким қанақа ўйнагани, олдинги ҳисоб-китоблар четга чиқади. Фақат ғалаба тўғрисида ўйлаш керак. Финалгача етиб келишдими, демак жамоалар кучли. Шунга яраша тайёргарлик бўлади.
Биз учун қанчалик кўп ғалабалар бўлса, бу футболимизнинг савиясини кўрсатади. Ўйинчилардаги иштиёқ янада кўтарилади. U-23 чемпионатида ҳар доим камида ярим финалгача етиб боряпмиз. Бу ёшда биз ўзимизнинг ўйинимизга эгамиз. Шу орқали рақиблар бизни ҳурмат қилади. Натижада футболимизнинг обрўси ошади. Нафақат U-23, балки U-20 термаси билан ҳам ҳаракат қиламиз. Ундан кичик ёшдаги терма жамоаларни ҳам кўтаришимиз керак. Осиё Кубогидаги ғалабалар, жаҳон чемпионатларида қатнашиш каби ҳолатлар билан футболимиз кўтарилади.
Фикрлар