"Йиғинга чақирилган футболчилар айни пайтда энг зўри!" - Катанец нега Жамшид Искандеровни термага чақирмаганига изоҳ берди
"Navruz Cup" халқаро турнири олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда Ўзбекистон МТЖ бош мураббийи Сречко Катанец иштирок этди ва қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
"Барчангизга Ассалому алайкум. Ўртоқлик учрашувларида ўз кутган нарса - футболчиларнинг ҳолатини кўриб олишим мумкин. Янги футболчилар учун бу жуда катта синов бўлади. Таркибимизда олдин қўл остимда ўйнамаган футболчилар бор. Албатта, биз доим ғалаба қозонишни истайман.
Тўғриси, мен ҳеч қачон ўртоқлик ўйинларида биринчи мақсад сифатида ғалабани қўймайман. Буни ким қандай тушунади, бу ўзига ҳавола. Биз ҳеч қачон ўзимизни бундай босим остида ушламаслигимиз лозим. ўз номи билан бу назорат ўйини.
Терма жамоа либосини кийиши мумкин бўлган жуда кўп футболчилар бор. Улардан баъзилари ҳозир чақирилиши ҳам мумкин, масалан Искандеров. Бироқ рўйхат чегараланган ва мен ҳаммани ҳам йиғинга жалб эта олмайман. Ҳозир чақирилган футболчилар айни пайтда энг зўри!
Абрамов пайтидаги жамоа ҳақида тўлиқ фикр билдира олмайман. Улар Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичига нима сабабдан чиқа олмагани ҳам менга қоронғу. Йиғин бошланганига жуда кам вақт бўлди. Биз ўтган мавсум сўнгини томоша қилдик. Биринчи ўрин тақдири олдиндан ҳал бўлгани ички чемпионат савияси қандайлигидан далолат беради.
Бу мавсум стартини ҳам кўрдим ва ҳозирча, фикр билдиришга бироз эрта деб ҳисоблайман. Ўтган йилги кузатувларим натижасига кўра, Алибоев, Ашурматов каби легионерларни эслаб қолгандим. Аслида, улар нега Ўзбекистонга қайтиб келаётганини таҳлил қилиш лозим.
Шаҳбоз Умаров, Жасур Яхшибоев каби футболчиларнинг ўйинларда доимий ҳаракат қилаётганини кўрмаяпман. Элдор Шомуродов ва Остон Ўрунов ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин. Жалолиддин Машарипов сўнгги ўйинларда яна асосий таркибга қайтишни бошлади.
Менинг ишим ўзбек футболчилари ичидан энг яхшиларини саралаб, уларни МТЖда ўйнатиш. Бироқ мен уларни клуб сафида деярли кўрмаяпман. Шунинг учун эртанги беллашувда ҳамма нарса бўлиши мумкин деб ҳисоблайман. Тўғриси, агар барча легионерларимиз тўлиқ ўйнаётган бўлганида, бундан ҳам яхшироқ ҳолатда бўлишимиз мумкин эди.
Шуни аниқ айта оламанки, мен Намангандаги стадионда бўлган пайтимда жуда кўп мухлисларга гувоҳ бўлганман. Улар "Навбаҳор"ни жуда яхши қўллаб-қувватлаганди. Менимча, эртага Ўзбекистон МТЖ иштирокида ҳам худди шундай бўлади.
Албатта, бу об-ҳавога ҳам боғлиқ. Битта майдонда кетма-кет иккита ўйин ўтказиш сифатга қандай таъсир қилишини билмайман. Биринчи турда "Навбаҳор" мухлислари рақиб ҳужумлари пайтида ҳам қарсак чалиб, қўллаб-қувватлаганди. Менимча, улар жуда тарбияли инсонлар.
Иброҳимҳалил Йўлдошев ва Ҳусаин Норчаев бундан буён кўп вақтини Олимпия ТЖ билан ўтказади деб ким айтди? Тўғри, уларда бу йил Осиё чемпионати бор. Биз бу мавзуда кўп гаплашамиз. Бироқ МТЖ ҳам Осиё Кубогига йўлланмани қўлга киритиши лозим. Қайси турнирга кўпроқ эътибор берилишини билмайман, аммо ишонаверинг, мен уларни миллий терма жамоага керак деб ҳисобласам, улар бизнинг таркибимизда бўлади.
Эртага клубида захирада ўтирган Шомуродов бошланғич таркибда майдонга тушадими ёки асосий таркиб футболчилари бўлган бошқа легионер ҳужумчиларимизми?
Албатта, Элдор Шомуродовга ишонч билдирамиз. Шунингдек, Шерзод Темировга ҳам вақт беришни ният қилганмиз. Элдор жамоа сардори. Бизда Шомуродов, Машарипов, Шукуров каби етакчи футболчилар бор. Уларнинг ҳар учаласи сардор, аммо боғич битта. Мен уни Элдорга беришни истадим, чунки у МТЖ сафида қолганлардан кўпроқ ўйин ўтказган.
Наманганда бошқа стадион бўлмагани учун шу ерда барча ўйинлар ўтказилади ва биз эътироз билдира олмаймиз. Балки бу ёшлар жамоалариша тўғри келар, аммо миллий терма жамоалар учун бироз қийин масала. Лекин барчасини эртага билиб оламиз.
Шу нарсага ишончим комилки, биринчи ўйиндан сўнг майдон сифатига анча зарар етади. Боиси, ёмғир кўп ёқмоқда. Мен буни баҳона қилмоқчи эмасман, рақиб ҳам биз билан бир хил шароитда тўп тепади. Барчасига мослашишимиз лозим. Биринчи турдаги "Навбаҳор" - "Насаф" ўйинидан сўнг майдон сифатини кўздан кечирганимда, унинг сифати ўйиндагидан пасайганини сездим. Лекин бошқа чорамиз йўқ".
Фикрлар