Йил жангига 1 ойдан кам вақт қолганида Ҳабиб ва Гэтжи нималар билан машғул?
24 октябрь куни Абу-Дабидаги "Жанглар ороли"да узоқ кутилган чемпионлик жангги ўтказилади. Унда чемпион Ҳабиб Нурмагомедов ҳамда вақтинчалик камар соҳиби Жастин Гэтжи октагонга кўтарилади. Демак, йил жанги олдидан спортчилар қай тарзда машғулот ўтказмоқда?
Ҳабиб Нурмагомедов
Россиялик жангчи 10 сентябрда Амирликларга келди ва Дубай шаҳридаги улкан спорт саройида машғулотларга киришди. Бироқ тиш оғриғи туфайли у бир неча кун шуғуллана олмади.
20 сентябрь куни 32 ёшга тўлган жангчи ўз туғилган кунини ҳам машғулотларда ўтказди. Шунингдек, "UFC Russia"га берган интервьюсида отасининг вафотидан кейинги руҳий тушкунлик ҳақида гапирди:
"Мен доимий равишда машқ қилардим, чунки у мендан тушкунликни қандайдир даражада енгиллаштирарди. Мен доимий равишда шуғулланаман, бу менга ёқади. Агар машғулотга бормасам, тушкунликка тушаман. Бутун ҳаётим давомида машқ қилдим ва бундан-да кучлироқ бўлиш учун тўхтамаслигим керак. Отам ҳам худди шундай эди. У ҳар доим машқ қилган. Дўстлари ҳар доим қаерга бормасин, унинг ёнида доимо сумкаси бўлганини айтишарди".
Жастин Гэтжи
Гэтжи эса Колорадода, денгиз сатҳидан 1600 метр баландликда машқ ўтказмоқда. Америкалик икки мураббий: бири кураш усуллари, бошқаси бокс бўйича Жастинни амалдаги чемпионга қарши тайёрламоқда. Эътироф этиш жоиз, Гэтжига АҚШнинг энг қучли курашчиларидан бири спарринг шерик ҳисобланади. Профессионал спортчилардан Кэррингтон Блэкстон, Тэйван Клэкстон, Рафаэль Гарсия каби жангчилар унга машғулотларда рақиблик қилмоқда. Энг қизиғи, ҳамюртимиз Исроил Мадримов ҳам Гэтжига бир муддат спарринг рақиб бўлди.
Сўнгги икки жангида Жастин лоукикларининг барчасини рақибига теккиза олган. Шу жиҳатдан Ҳабибга осон бўлмаслиги тайин. Америкаликнинг охирги қурбонлари Тони Гергюсон, Дональд Серроне, Эдсон Барбоза ҳамда Жеймс Вик каби кучли спортчилар эди. Ушбу жангларнинг 3 тасини Гэтжи 1-раунднинг ўзидаёқ ҳал қилган.
Жастин Гэтжининг статистикаси:
24 жангдан 22 ғалаба, 2 мағлубият;
Бу кўрсатикич Ҳабиб Нурмагомедовда:
28 жангдан 28 ғалаба, мағлубият йўқ.
Бундан ҳам кўриниб турибдики, америкаликка Ҳабибни енгиш осон кечмайди. Жанг олдидан кўп нарса чемпион тарафда. Бироқ Нурмагомедовнинг одатий курашга кириш усулига қарши Гэтжи "қурол" тайёрлаши шубҳасиз. Шунингдек, рақибини узоқ масофада ушлаб тура олса, Жастин "The Eagle"ни анча қийнаши тайин. Ҳар икки жанг устаси 32 ёшда ва уларнинг бу борада бир-биридан ҳеч қандай устунлиги йўқ. Демак, бизга супер жанг таклиф қилаётган ушбу икки спортчи баҳси зерикарли ўтмаслиги аниқ.
Жавоҳир Азимов тайёрлади
Фикрлар