"Ёмон мавсумлардан бирини ўтказдим" ёхуд Дилшод Саитовнинг кейинги режаси қандай?
Икки мавсумни “Пахтакор” сафида ўтказган 25 ёшли ҳимоячи Дилшод Саитов ҳам бошқалар қатори ҳозирда таътилда.
Унинг учун якунига етган чемпионат кўнгилдагидек ўтмади. Боиси, жароҳати сабабли кўплаб учрашувларни ўтказиб юборишига тўғри келди.
Ушбу йилда Саитов “Пахтакор” таркибида ҳаммаси бўлиб 11 та ўйинда иштирок этди ва 1 та голли пасни узатди.
Унинг кейинги режаси қандай? Sports.uz журналисти футболчи билан боғланди.
- Дилшодбек, “Пахтакор”даги бу йилги фаолиятингиз ҳақида нима дея оласиз? Жароҳатдан кейин яна таркибга қайтганингизни кўрдик. Ҳозир қандай ҳолатдасиз?
- “Пахтакор” клубидаги бу йилги мавсумим ҳақида гапирадиган бўлсам, ёмон мавсумлардан бирини ўтказдим, деб айта оламан. Жароҳатлар ва ўйин амалиёти йўқлиги таъсир қилди.
- “Шерлар” сафида икки йилни ўтказдингиз. “Пахтакор”даги фаолиятингиз ўзингиз истаган даражада ўтдими?
- “Пахтакор”га ўтганимдан афсусланмайман. Чемпион бўлдим. Ўзимга керакли янгиликларни топдим. Тўғри, ўз даражамни тўлиқ кўрсата олмаган бўлсам ҳам ўзимга керакли ютуқларни қўлга киритдим.
- Собиқ клубингиз “Насаф”нинг чемпионлигига муносабатингиз қандай? Кутганмидингиз?
- “Насаф”ни чемпион бўлгани билан табриклайман. Буни қашқадарёликлар анчадан бери кутишганди.
- “Пахтакор”га португалиялик янги бош мураббий келди. У билан гаплашдингизми? Умуман, клубдаги ушбу ўзгаришга муносабатингиз қанақа?
- Янги мураббий билан ҳали кўришмадик. Унинг келгани янги ғоялар билан Ўзбекистон футболига фойдаси тегади, деган умиддаман.
- Жамоадаги тақдирингиз нима бўляпти? “Пахтакор”даги фаолиятим тугади, деб айта оласизми?
- Жамоа билан яна бир йиллик шартномам мавжуд.
- Дилшод, олдингизда қандай вариантлар бор?
- Мавсум якунида ҳар бир футболчида янги таклифлар пайдо бўлади. Айтиб ўтганимдек, жамоам билан амалда шартномам бор.
- Мавсум якунлангач, бир қатор футболчилар хордиқ чиқариш учун турли мамлакатларга йўл олишган, сиз эса АҚШга. Бунинг сабаби нимада?
- АҚШга борганимни сабаби, футболдан ташқари келажагим ишлари бўйича борганман.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар