Ёрдамчи мураббийлар кетади, ўрнига европалик мутахассислар келади. Легионерларга жавоб берилади. Дурангдан қониққан Илҳом Мўминжонов янгиликларни ошкор қилди
Наманганда ўтказилган водий дербисида “Навбаҳор” ҳамда “Нефтчи” жамоалари муроса кўчасини танладилар ва ҳисоб очилмади – 0:0. Учрашувдан кейин фарғоналиклар бош мураббийи Илҳом Мўминжонов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Аввало, бугунги ўйин билан футболчиларимни ва фарғоналик мухлисларни табриклайман. Водий дербисида очко олганимиздан хурсандмиз. Қийин ўйин бўлишини билардик. Чунки “Навбаҳор” ҳозирги кунда шаклланган жамоа. Индивидуал даражадаги футболчилар ва мураббийлар штаби бўйича улар юқори даражада. Аммо очко олдик. Бизда йўқотишлар кўп. Шу боис фақат битта ўзгаришни қилдик. Яна футболчимиз қизил карточка ва жароҳат олди. Ҳозирги кунда бизда 10 тадан ортиқ ўйинчида жароҳат бор. Кейинги турга бор футболчиларимиз билан тайёргарлик кўраверамиз.
- Бугун икки жамоанинг тарихида 55-ўйин бўлди. Наманган мухлислари ғалабани хоҳлашганди. Лекин бундай бўлмади. “Нефтчи”ни ўйинларини кузатяпмиз, ҳар бир учрашувда ҳаракат қилишяпти. Бироқ нимадир етишмаяпти. Биринчи бўлимда “Нефтчи”да имкониятлар бўлди. Аммо вазиятлардан фойдаланишда барқарорлик кўрмаяпмиз. Ўйин бор, бироқ натижа бўлмаяпти. Бу биринчи савол. Иккинчи саволим шундайки, мураббийлар штабида олдин Анвар Солиев кетди, кейин Владимир Андреев тарк этди. Балки ички муҳитда қандайдир ҳолат борми? Учинчи савол: “Навбаҳор”ни бу йилги чемпионатдаги имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Биринчи саволингизга келсак, тўғри биз ҳужумда оқсоқланяпмиз. Бу ўйинга жуда бошқача тайёргарлик кўргандик. “Навбаҳор”ни ҳамма ўйинларини кўриб чиққандик. Шу вақтгача позицион ҳужумда битта гол урганди. Қолган барча голларини стандартдан киритган. Шунинг учун ўйинга икки кун қолганида футболчиларимиз билан фақат стандартлар устида ишладик. Ҳужумга урғу бермадик. Бугунги учрашувда “Навбаҳор”га хавфли вазият яратишига имконият бермадик. Биринчи ва иккинчи бўлимда биттадан бош билан зарба беришди. Қолган ҳолатларда имконият бермадик. Иккинчи саволга келсак, менда мураббийлар штаби алмашади. 2-3 кунда Европадан ёрдамчи мураббийлар келади. Раҳбарият улар билан музокара олиб борди. Кеча якунига етди. Тез орада 4-5 нафар тажрибали мутахассислар келиб менга ёрдам беришади. Бу ҳақида яқинда эшитасизлар. Олдинги ёрдамчиларим менга ёрдам бера олишмади. Шу кунларда яна бошқа мураббийларим билан ҳам хайрлашаман. Раҳбарият менга ишонаётганидан хурсандман. Суперлигага бу йил қайтдик, “Нефтчи”ни қийин вазиятда олиб чиқамиз. Барибир раҳбарият олдимизга кучли учталикка кириш вазифасини қўйган. Иккинчи даврадан кучаямиз. Ҳозирдан ўйинчилар билан музокараларни олиб боряпман. Легионерлардан воз кечамиз. Улар талабимизга жавоб беришмади. Шу кунларда Шарич ва Стойкович билан хайрлашамиз. Учинчи саволга келсак, “Навбаҳор” ҳозир кучли жамоа. Айтдим-ку, мутахассисларидан тортиб футболчиларигача кучли. Миллий терма жамоа мураббийи ва ёрдамчилари. Бир пайтлар менга ёрдам берган инсон ҳозир сизларга ёрдам беряпти. Ўйлайманки, “Навбаҳор” юқори ўринларни эгаллайди. Биз бугун керакли натижани қилдик. Дуранг ўйнаб бир очкога эришдик. Демак, бир очко бу бир қадам олдинга.
- Дуранг ғалабага тенгми?
- Қониқдиқ. “Навбаҳор”нинг статуси жуда кучли. Лекин биз уларни фақат стандартдан гол уришини билардик. Позицион ҳужумлардан жуда кам гол уради. Ўша хавфли чизиқларини ёпдик. “Навбаҳор”дек жамоадан бир очко олганимиздан хурсандмиз.
- “Нефтчи” дарвозабони ўйин бошидан вақт чўзишга ҳаракат қилди. Бу сизни кўрсатмангизмиди?
- Футболчиларга кўрсатма берамиз, улар майдонда ўз маҳоратини кўрсатишади. Ўйинни чўзиш ҳам маҳорат бўлади. Ўйинни чўзган футболчи очко олиш учун ҳаракат қилди. Ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолдими, демак бир очко бор.
Фикрлар