Ёрқин Назаров: "Андижон"га иккита мураббий қўшилади, таркибни кучайтириш учун футболчилар билан музокаралар кетяпти"
Суперлигада битта ғалаба билан чекланиб турган “Андижон” клуби ҳам айни пайтда чемпионатда юзага келган танаффусдан унумли фойдаланиб, астойдил тайёргарлик кўряпти. Чунки жамоани олдинда жиддий рақибларга қарши оғир ўйинлар кутиб турибди. Шу сабабли, андижонликларнинг тақвимига ҳавас қилиб бўлмайди.
Отабек Ғуломхўжаевдан кейин вақтинча бош мураббийликка ўтган Ёрқин Назаров имкон қадар жамоани қийин вазиятдан қутқаришга ҳаракат қилмоқда. Лекин ҳозирча натижалар кўнгилдагидек эмас. Шунга қарамай, “Андижон” жиддий тайёрланмоқда. Ёрқин Назаров sports.uzга жамоанинг ҳолати, тайёргарлик режалари, таркибда юз бериши мумкин бўлган ўзгаришлар ҳақида гапирди.
Тайёргарлик режаси тўғрисида
- 27 майдан йиғинимизни бошладик, биринчи босқични бугун тугатдик. Кеча футболчиларни икки таркибга бўлиб ўйин ўтказдик. Ўринбосарлар жамоасидан ҳам айрим иқтидорли йигитларни синаб кўрдик. Эртага тайёргарлигимизнинг иккинчи босқичини ўтказиш учун Хонобод дам олиш масканига кетамиз. Машғулотлардаги асосий эътиборни жисмоний тайёргарликка қаратганмиз. Уларнинг орасида иккита ўйин гаплашяпмиз. Улардан бири халқаро ўйин бўлади. Қирғизистон, Қозоғистон ёки Тожикистон жамоаси билан ўйнаймиз. Агар қирғиз ёки қозоқ клуби билан келишсак, ўйин Андижонда бўлади. Тожикистон клуби бўлса, у ҳолда сафарда бўлади. Хонободдаги йиғин 2-12 июнь оралиғида бўлиб ўтади. Кейин футболчиларга бир кунлик дам бергач, сўнгра “Насаф” билан ўйинга тайёргарликни давом эттирамиз.
Футболчиларнинг бугунги ҳолати ва кайфияти ҳақида
- Ўтган ўйинларни эсдан чиқариб, бўлажак учрашувларга жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Футболчиларимизни руҳан кўтаришга ҳаракат қиляпмиз. Уларнинг кайфияти яхши. Машғулотлар биз истаган даражада кетяпти. Клуб раҳбарларига, хусусан Журъатбек Қувватовга бизга яратиб бераётган шароитлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Олдимизда иккита вариант бор эди: Дукент ёки Хонобод. Биз якунда Хонободни танладик. Раҳбариятни уялтириб қўймасликка ҳаракат қиламиз. Улар томонидан бизга ишонч билдирилган. Охирги учта ўйиндан иккитасида – “Қўқон-1912” ва “Локомотив” билан учрашувларда очколар олсак бўларди. Ўзимизнинг хатоларимиз эвазига имкониятни бой бериб қўйдик. Раҳбарият ҳаммасини кўриб турибди, вазиятни ўзгартириш учун ишлаяпмиз.
Мураббийлар штабига кимлар қўшилади?
- Эртадан жамоамизга жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий қўшилади. Бундан ташқари, мураббийлар штабига яна бир ёрдамчи мураббий ҳам келади. Олег Александрович Норматов – бу жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида ишлайди. Ёрдамчи мураббий – Тимур Бабаханов. У “Бунёдкор-2”да бош мураббий бўлиб ишлаган. Олег Норматов эса “Насаф” академияси ҳамда “Бунёдкор”нинг биринчи лигасидаги жамоасида ишлаган.
“Андижон”нинг тақвими хусусида
- “Насаф”, “Пахтакор”, АГМК...ҳеч ким “Андижон”нинг тақвимига ҳавас қилмайди. Биз ҳам билиб турибмиз. Лекин қўлимизни туширмаймиз. Рақиб ким бўлишидан қатъий назар улардан очколар тортиб олишга ҳаракат қиламиз. Бизда орқага йўл йўқ. “Пахтакор” билан ўйнаймиз деб қўрқадиган бўлсак, унда қатнашишни нима кераги бор? Айтмоқчиманки, биз ҳар бир рақибга муносиб қаршилик кўрсатамиз ва мухлисларимизни хурсанд қилишга бор кучимизни сарфлаймиз.
Янги бош мураббий келиши мумкинлиги борасида
- Бош мураббий келиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзларга тўғри қарайман. Агар натижа кўрсата олмасам ва жамоа ўйинини йўлга қўя олмасам, у ҳолда раҳбарият бошқа мутахассисни олиб келиши мумкин, бу уларнинг танлови. Мен бу борада ҳеч нима дея олмайман. Аммо биз қўлимиздан келганича қолган учрашувларда кўпроқ очко олишга ҳаракат қиламиз.
Таркибда қандай ўзгаришлар бўлади?
- Биринчи даврадан кейин режаларимиз катта. Янги мураббий келиши ҳақидаги хабарларни эшитгим ҳам келмаяпти. Балки кимдир келиши мумкин. Лекин айни пайтда бош мураббийман ва янги футболчилар билан музокараларни бошлаб юборганман. Дарвозабондан тортиб ҳужум чизиғигача жамоани кучайтира оладиган ўйинчилар билан гаплашяпман. Биринчи даврадан кейин янги мураббий олиб келади деб кутиб ўтирмасдан ўзимиз режамиз бўйича ишлаяпмиз. Гаплашаётган футболчиларимиз орасида легионерлар ҳам бор. Таркибимизда жароҳатланганлар бор. Улар тез орада сафга қайтишади. Эртага бошланадиган иккинчи йиғинимизга ёшлар терма жамоасидаги ўйинчиларимиз ҳам қўшилишади. Мартин Боаке билан Пламен Димов индинга етиб келишади.
Фикрлар