Ёрқин Назаров: "Ўйин жиҳатидан ёмон ҳаракат қилмадик"
Cоcа-Cоlа Суперлига 22-туридан ўрин олган «Пахтакор» – «Турон» (3:0) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Ёрқин Назаров ўз фикрларини билдириб ўтди.
«Пахтакор» бугун ўйлаганимиздек ҳаракат қилди. 0:1 ҳисобида ортда қолаётганимизда вазиятлар бўлди. Нафақат мувозанатни тиклашимиз, балки ҳисобни 2:1 кўринишига келтирсак бўларди. Учрашувни кўрмаганлар ҳисобга қараб йирик ҳисоб бўлганини таъкидлаши мумкин, аммо ўйин жиҳатдан ёмон ҳаракат қилмадик.
«Сурхон»да ўтган йилларда испаниялик мутахассис билан бирга ишладик. Улар танаффус бошланиши билан кийим алмаштириш хонасига йўл олишмайди. Мен ҳам шуни қўллаяпман. Сабаби, футболчилар дастлаб ўзаро муҳокама қилиб олишлари лозим. Қолаверса, 3-4 дақиқа давомида ёрдамчи мураббийлар билан футболчиларнинг ҳолатини муҳокама қилиб олиш имкони ҳам бўлади. Бу жиҳатни айнан испанлардан ўргандим.
ФИФА кунларида биз «Навбаҳор» ва «Қўқон-1912» жамоалари билан ўртоқлик баҳси ўтказдик. Назорат беллашуви бўлса ҳам барибир улар дерби мақомида ўтди ва Муртозаев жароҳат олди. Ўтган тур асосий дарвозабонимиз дисквалификация сабаб майдонга тушмади. Иккинчи дарвозабон Тўхтабоев эса машғулотларда жароҳат олди. Натижада, учинчи голкиперимиз Сайётов бугун Суперлигада дебют қилди.
Шунингдек, бугун U19 жамоасидан Миразиз Муҳаммадалиев ҳам бош жамоада илк бор майдонга тушди. Унинг ёшлар жамоасидаги ҳаракатлари бизга маъқул келган эди. Юқоридаги иккита назорат учрашувида гол ҳам киритди. Бугун ҳам унда вазиятлар бўлди. Жароҳатлар кўп ва клуб ёшларга ишонч билдиришни режалаштирмоқда”, – деди Назаров.
Фикрлар