Ёзги трансферлардан сўнг гранд клубларнинг таркиби қандай кўринишда бўлиши мумкин?

Клублар футболчиларни сотиб олиш ва сотишда давом этмоқда. Бу ишларни якунлаш учун уларда яна бир ой муддат бор.

Баъзи топ клублар аллақачон кучайган, бошқаларида ҳозирча фақат миш-мишлар. Биз амалга ошган ва амалга оширилиши кутилаётган трансферларни ҳисобга олган ҳолда, Европа грандлари таркиби янги мавсумда қандай кўринишга эга бўлиши мумкинлиги ҳақида фикр юритамиз. Албатта, буларнинг барчаси фақат тахминий фикрлар холос.

“Манчестер Юнайтед”

- "Манчестер Юнайтед" аллақачон Жейдон Санчо ва Рафаэль Варанни сотиб олди.

- Кейинги навбатда Киран Триппьер турибди, лекин ҳозирча клублар футболчининг трансфер нархи бўйича келишувга эриша олмаяпти. "Атлетико" Триппьерни 30 млн еврога баҳоламоқда, "Юнайтед" эса бунинг ярмини таклиф қилмоқда.

- Инглиз нашрларининг ёзишича, МЮ мавсумлар оралиғида ярим ҳимоячи ҳам сотиб олишни режа қилган. Бироқ бунинг учун Погба жамоадан кетиши керак.

“Барселона”

- "Барселона" бу ёзда текин трансферлар бўйича етакчи бўлмоқда. Серхио Агуэро ва Эрик Гарсия "Манчестер Сити"дан, Мемфис Депай "Лион"дан эркин агент сифатида “кўк-анор ранглилар” сафига қўшилди.

- Сўнгги икки мавсумни "Бетис"да ижарада ўтказган Эмерсон яна “Барса”га қайтди.

- “Барселона” энди Гризманн эвазига “Атлетико”дан Саулни қўлга киритмоқчи. Ўз навбатида, Антуан Мадридга қайтишга тайёр. Фақат Ла Лига грандлари Саулнинг товон пули бўйича келишиб олишлари керак. Гризманн ҳозир “Барса”да йилига тахминан 35 миллион евро маош олади ва у янги жамоасида ҳам шунча пул олишни истамоқда. Шунинг учун "Барселона" бу трансфердан кейин французга қўшимча пул тўлаши керак.

ПСЖ

- Парижликлар бу ёз таркибни кучли футболчилар билан тўлдиришди: Серхио Рамос, Жоржиньо Вейналдум ва Жанлуижи Доннарумма. Буларнинг барчаси Париж клубига эркин агент сифатида келди.

- ПСЖ яна бир зўр трансферни амалга оширди. Аммо катта пул эвазига. Аниқроғи, Ашраф Ҳакими "Интер"дан 60 миллион еврога сотиб олинди. Трансфер шартномасида яна қўшимча 11 миллион бонус ҳам кўрсатиб ўтилган.

- ПСЖ энди чап қанот ҳимоясини мустаҳкамлашни режалаштирмоқда: Курзава ва Бернат ишончсиз, Баккер эса “Байер”га сотиб юборилди. Бу борада асосий номзод (миш-мишларга кўра) “Милан” аъзоси Тео Эрнандес бўлиб турибди. Лекин италияликлар уни қўйиб юбормоқчи эмас.

“Манчестер Сити”

- Хосеп Гвардиола тоза ҳужумчиларсиз яхши ишламоқда. Ўтган мавсумда Кевин Де Брюйне ва Бернарду Силва ҳужумда жуда фаол ҳаракат қилди. Аммо Харри Кейн совринлар ютиш учун "Тоттенхэм"дан кетишга қарор қилди ва у айнан “Сити” ҳужумини кучайтира оладиган идеал номзод. Сўнгги йилларда мунтазам равишда премьер-лига тўпурарлари орасида бўлиб келаётган Кейн “шаҳарликлар”ни яна чемпион қилиши мумкин.

- "Шпорлар" эса ўз етакчисини қўйиб юбормоқчи эмас. Шу боис, улар “Манчестер Сити”нинг 100 миллион фунтлик таклифини рад этди ва 160 миллион талаб қилмоқда.

- “Сити” яна бир трансферни амалга ошириш арафасида турибди. The Athletic нашри хабарига кўра, “Астон Вилла” ярим ҳимоячиси Жек Грилишнинг трансфери бўйича музокаралар якуний босқичда. Аммо келишув ҳали имзоланмаган.

“Челси”

- "Челси" ўтган мавсум кучли ўйин кўрсатди, Чемпионлар лигасини ютди, лекин барибир клуб раҳбарияти жамоани кучайтиришда давом этмоқда. Назарий жиҳатдан, клубни кучайтириш учун маблағ бор: улар Чемпионлар лигасида ғалаба қозонгани учун 120,3 миллион евро ишлаб олди ва футболчилар сотувидан яна 35 миллион евро топди.

- Таркибни кучайтириш учун биринчи рақамли номзод "Севилья" футболчиси Жюль Кунде бўлиб турибди. Инсайдер Фабрицио Романонинг сўзларига кўра, "Челси" 22 ёшли ҳимоячи учун андалусияликларга 30-35 млн евро ва Курт Зумани таклиф қилган.

- Аммо лондонликларнинг асосий трансфер мақсади Эрлинг Холланд ҳисобланади. Тўғри, "Боруссия" икки етакчи футболчисини (Санчодан кейин) битта трансфер ойнасида қўйиб юбормоқчи эмас, аммо 175 миллион евро дортмундликлар фикрини ўз ўзгартириши мумкин.

Sports.ru сайтидан Бахтиёр Тоштемиров таржимаси.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Комментарии

Для написания комментариев пройдите авторизацию