Юран билан боғлиқ янги тафсилотлар! Унга Суперлигамизнинг қайси клублари қизиқаётгани ойдинлашди...ми?

Россиялик таниқли мураббий Сергей Юран атрофида тарқалаётган хабарлар кўпчиликка қизиқ туюлаётгани шубҳасиз. Шунинг учун бу вазиятни диққат билан кузатаётганлар талайгина. Унга Ўзбекистон клубларидан таклиф бўлгани ҳеч кимни беэътибор қолдирмаган бўлса керак-а?

Бу масалада Sports.uz журналисти Юран билан боғланиб алоҳида интервью ҳам ташкил этди. Бироқ мураббий клублар номини ошкор қилгиси келмаяпти. Ўз навбатида россиялик журналистларнинг ҳам бу мавзуга қизиқишлари кучли бўлиб турибди. Таниқли нашр – “Спорт-Экспресс” ҳам Юраннинг Ўзбекистонда ишлаши борасида хабарлар чоп этяпти. Бунгача, унинг “Андижон”да иш бошлаши мумкинлиги хусусида миш-мишлар чиққан, ушбу нашр журналисти “Андижон” матбуот хизмати билан боғланиб, вазиятга ойдинлик киритганди ва бу хабар рад этилган.

Афтидан, “Спорт-Экспресс” бу билан енгил тин олмоқчи эмасга ўхшайди. Юранга айнан қайси ўзбек жамоалари қизиқиш билдираётганини ва қайси клубда иш бошлаши мумкинлиги уларни жуда қизиқтириб қўйган, чоғи. Негаки, рус ҳамкасбларимизнинг мазкур масала бўйича суриштирувлари давом этаётганга ўхшайди.

юран11

“Спорт-Экспресс” журналисти билан куни кеча суҳбатлашганимизда улар Сергей Юран билан боғлиқ тафсилотларнинг янги жараёнини айтди. Аниқроғи, мураббий Sports.uzга ҳам, “Спорт-Экспресс”га ҳам берган интервьюсида Ўзбекистон клубларидан таклиф борлигини, бироқ номларни айта олмаслигини билдирганди. Бу эса юқорида айтганимиздек, россиялик ҳамкасбларимизда ҳам қизиқишни янада уйғотган. Шу сабабли нашр журналистидан яна қўнғироқ бўлди.

Гап шундаки, у "Химки" клубининг собиқ устози - Юранга қизиқаётган Ўзбекистоннинг иккита клуби – “Сўғдиёна” билан “Қизилқум” клублари бўлиши мумкинлигини айтди. Биздан айнан шу хусусида сўраганида “Сўғдиёна” жамоасида маҳаллий бош мураббий ишлаётганини айтдик. Лекин “Қизилқум”да ҳозирча бош мураббий йўқлигини маълум қилдик.

Яхши биласиз, “Қизилқум” жамоасини сербиялик Никола Лазаревич бошқарди ва мавсум якунлангач, навоийликлар билан хайрлашди. Ҳозирча чиндан ҳам “Қизилқум”да расман бош мураббий йўқ. Бунгача Асрор Алиқулов номзоди борлиги ҳақида эшитдик. Аммо ҳозирча клуб томонидан бирор-бир мутахассис расман бош мураббий сифатида таништирилгани йўқ.

юран10

“Сўғдиёна”даги вазиятни биласиз, чемпионат тугашига икки тур қолганида Ёрқин Назаров бош мураббий сифатида иш бошлади ва унинг шартномаси 2023 йилнинг охиригача мўлжалланган. У янги мавсум режаси билан машғул, ҳозирда. Шу боис бу вариант ҳақиқатдан йироқ, бизнингча (яна ким билади, дейсиз!). Лекин “Қизилқум” масаласида бир нима дейиш мушкул. Балки раҳбарият чиндан ҳам Юран билан боғлангандир, буниси бизга қоронғу. Аммо россиялик ҳамкасбларимиз шу маълумотни қаердандир олишибди. Қолаверса, Юранга юртимизда ишлаш насиб қиладими-йўқми, буни вақт кўрсатади.    

Балки Сергей Николаевичга қизиқаётган клуб бошқадир?! Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Шуҳратбек Жўраев.

Сергей Юран SPORTS.UZ мухбирига: "Ўзбекистоннинг 2 та клубидан таклиф олдим, бу ерда ишлаш мен учун ёқимли, Остон Ўруновни "Химки"га чақирмоқчи эдим"

"Спорт Экспресс" нашри Сергей Юран масаласида "Андижон" матбуот хизмати билан боғланди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!