“Ювентус” Роналдуни сотади. Илк харидор ҳам маълум!
“Ювентус” раҳбарияти жамоа таркибини янгилаш жараёнида Криштиану Роналдуни ҳам сотишга қарор қилди. Аввалроқ, жамоадаги келажагидан хавотир олган Роналду бош мураббий Андреа Пирлога қўнғироқ қилган ва италиялик мутахассис португалиялик тўпурарга ишонч билдиришини айтганди.
Вазиятни кузатиб бораётган экспертлар Пирло жамоани ўзига мослаб шакллантираётгани ва бу лойиҳада Криштиану Роналдуга жой йўқлигини айтмоқда. Шу боис, Турин клуби энг қиммат маош оладиган ҳужумчисини 54 миллион фунт эвазига қўйиб юборишга тайёрлигини маълум қилди.
Шунингдек, Роналдунинг агенти Жорже Мендеш ҳам мижози учун янги жамоа қидиришни бошлаб юборган. Ҳозирча, португалиялик тўпурарга асосий харидор сифатида ПСЖ тилга олинмоқда. Ўтган йили Роналдунинг ўзи ҳам ПСЖга ўтиш ниятидалигини билдирган эди.
Криштиану “Ювентус”га ўтганидан буён А Серияда 64 та учрашувда 52 та гол ва 17 та голли пасга муаллифлик қилди.
Фикрлар