«Ювентус»ни чўктирган «қаҳрамон» кетмоқчи эмас! «Юве»га нима бўляпти?
SPORTS.uz Турин суперклуби тушиб қолган вазият борасида фикр юритади
«Милан» 10 йилдан бери «Юве»ни меҳмонда енгмаган!
Якшанба тунида кутилмаган воқеа содир бўлди. «Россонерилар» «зебра»ларни йирик ҳисобда таслим қилди. Натижада сўнгги 9 мавсумда олтин медалларни ҳеч кимга берган жамоа ЕЧЛ зонасидан чиқиб кетди. Қолган турларда тепадагилар бехато ҳаракат қилса, «кекса синьора» Европа Лигасида тўп суришга мажбур бўлади.
Сўнгги бор «Милан» «Ювентус»ни Туринда енгган баҳс ёдингиздами? Ўшанда, Андреа Пирло футболчи сифатида «қизил қоралар» шарафини ҳимоя қилган эди. Ўйин тақдирини ҳал этган голни ҳозир «Наполи»ни бошқараётган Женнаро Гаттузо биринчи бўлим якунида дарвозага жойлаб қўяди. Мавсум якунлангач, Андреа эркин агент мақомида «бьянконерилар» билан шартнома имзолайди. У келгач, «Юве» қаторасига 4 бор чемпионат олтин медалларини ўзиники қилиб олади.
Орадан 10 йил ўтиб, «Милан» яна «Ювентус»ни меҳмонда мағлуб этди. Бу сафар, Пирло мураббий сифатида мезбонларни майдонга олиб чиқди. ЕЧЛ йўлланмаси учун тўғридан-тўғри даъвогарлар тўқнашувидаги мағлубиятдан сўнг, Пирлонинг бош мураббий курсисида ушланиб қолишига ишониш мушкул. Айни дамда, раҳбарлар ёш мураббийни ҳозир ёки мавсум сўнгида ишдан олиш борасида бош қотираётган бўлса, ажаб эмас. Шундай бўлсада, қаҳрамонимиз постни топширмоқчи эмас...
«Мендан истеъфо беришимни талаб қилманг! Бундай қилмоқчи эмасман! Мен катта мақсадлар билан бу ишни бошладим. Оғир вазиятда клубни қабул қилиб олдим ва ҳаммасини ярим йўлга келганда, ташлаб кетмоқчи эмасман.
Ўз вазифамни бажаришда давом этаман. Олдинда бизни яхши натижа кўрсатишимиз керак бўлган 3 ўйин кутиб турибди. Очиғи, ишга келишимдан аввал тасаввурим умуман бошқача эди. Қўлимга мен кутмаган ҳолатни бошидан ўтказаётган жамоа топширилган.
Жамоа ўйинини айрим футболчилар устида қуриш режамда бор эди, лекин ижрочилар борасида муаммоларга дуч келдик. Натижада, вазиятга мослашиб кетишга мажбур бўлдим. Ҳозир шогирдларимнинг максимум имкониятидан фойдалана олмаяпман. Бу менинг айбим.
Тан оламан, бундан ҳам яхшироқ ҳаракат қилишим шарт. Масъулиятдан қочмайман. Шуниси аниқки, бизда супер футболчилар жам бўлган. Афсуски, қаердадир хато қилдик. Акс ҳолда, биз ҳозир турнир жадвалининг биринчи поғонасини эгаллаб турган бўлар эдик».
"Милан" билан ўйиндан сўнг, Андреа берган интервьюни ўқиган инсон, ҳаммаси мураккаб эканлигини дарров англайди. Аслида, Пирло айбни футболчиларга юкламоқчи бўлди, кейин дарров дипломатик сўзларни қалаштириб ташлади. Ҳозир "Юве" жуда оғир аҳволда. Янги раҳбарлари, қария футболчилар ва уқувсиз ёшлар етмаганидек, энди мураббий ҳам оқсамоқда.
Ҳозирда Пирлонинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган вариантлар номи ошкор қилинмоқда. Улар орасида Зайниддин Зиданни биринчи рақамли даъвогар деб аташ мумкин. Шунга қарамай, Флорентино Перес бир хатони икки маротаба такрорламаса керак. Зиданнинг кетиши "Реал"ни оғир аҳволда қолдиради. Шу боис, "қироллик клуби" французни маҳкам ушлаб қолади. Хўш, унда жамоани ким бошқаради? Ёки Пирлога имкон бериладими?
Пирло ўз-ўзига енгилди!
Андреа буюк футболчи бўлган. ЕЧЛ, ЖЧ ва турли хил улкан совринларни боши узра баланд кўтарган. Фаолиятининг сўнгига қадар ўз позициясида сайёрамизнинг энг тенгсиз ижрочиси эди. Мураббийлик фаолиятини бошлагач, ўтмишни унута олмади. Янги соҳада янги бўлишига қарамай, ўтмишдаги ғалабалари таъсирида иш кўришда давом этди. Якунда, қўлидаги энг яхши имкониятини бой бериб қўйди. Ҳозир, Италиянинг ўртамиёна клуби ҳам "Юве" билан чемпион бўлишни уддалай олмаган Андреага иш таклиф қилишга ишониш мушкул.
Сер Алекс Фергюссон ёки Пеп Гвардиолани бундай омадсиз мавсум учун кечириш мумкин, бироқ Пирлоничи? Ўз дебютидан бошқа ҳеч қандай «каромат» кўрсатмаган мураббий ўзидан бир неча баробар катта маош оладиган футболчиларни бошқариши мушкул. Боз устига, Андреа ўзига нисбатан билдирилаётган танқидларни қабул қилишни истамади.
Ҳозир «Ювентус»ни бошқариши мумкин бўлган вариантлар етарлича. Шу боис, раҳбарият Пирлони узоғи билан мавсум сўнгида бошқа мутахассисга алмаштиради. Афсуски, ўтмишдаги супер юлдуз мураббийлик оламидаги биринчи оғир зарбани қабул қилиб олишга мажбур.
Бу иш қачон бўлади?
Икки сценарий мавжуд. Биринчиси: Пирло қолган 3 тур давомида туринликларни бошқаради ва «Аталанта»га қарши кубок финалида постда бўлади. Бунинг тамомила акси ҳам содир бўлиши мумкин. Раҳбарият Андреани «Сассуоло» билан баҳсда ишлатади ва постни топширтиради. Пирло кетгач, унинг ўрнига вақтинча Игор Тюдорь сайланади. Хорватиялик футболчи «Юве» афсоналаридан бири. Шунингдек, у 10 йилдан бери мураббийлар штабида иш олиб боряпти.
ЕЧЛ поездидан тушиб қолиш Турин клуби учун жуда қимматга тушади. Ўзи шундоқ ҳам «Ювентус» молиявий қийинчиликларни бошидан ўтказмоқда. Агар турнирдан четда қолса, клуб кетма-кет омадсизликларга дуч келиши аниқ. Агар Пирло истеъфо берса, «Ювентус»ни сўнгги 10 йил ичидаги энг кучсиз мутахассис бошқаради. Агар у ишдан олинмаса, якунда барча айбни унинг бўйнига қўйилади. Хўш, бу вазиятдан Италиянинг сўнгги 9 йилдаги энг кучли клуби қандай чиқиб кетади? Воқеалар ривожини SPORTS.uz‘да кузатинг!
Фикрлар