Зафар Полвонов голларини энди Роналду услубида нишонламайди

АГМК жамоаси ҳужумчиси Зафар Полвонов бугунги кунда клубнинг сардорларидан бири сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. Шунга яраша у ҳужумчиларга хос бўлган фазилатларини кўрсатган ҳолда ўзининг тўпурарлик қобилиятларини ҳам намойиш этмоқда. 12 та учрашувда рақиблар дарвозасига 8 та гол урган ҳолда тўпурарлар қаторида бормоқда.

Табиийки, у бундай кўрсаткич билан ўз жамоасининг энг яхши футболчиларидан бири бўлиб турибди. Масалан, 12-турд «Андижон» майдонида ўтказилган баҳсда олмалиқликлар 1:2 ҳисобида ғалаба қозонишди. Учрашувдаги дастлабки гол муаллифи эса Полвонов бўлди. Аммо шу куни у камида дублга эришиши ҳам мумкин эди. Ҳужумчи дастлаб мазкур беллашув ҳақида тўхталиб ўтди.

- Ўйин ҳақида нима дейман? Аввало шуни алоҳида айтмоқчиманки, биз бу учрашувга жуда жиддий тайёргарлик кўргандик. Ҳар бир чизиқ ва тактика устида барча футболчиларимиз қаттиқ меҳнат қилишди. Чунки «Андижон» жамоасини қандай ўйин кўрсатишини билардик. Бунинг устига уларга янги мураббий келганди. Андижонликларда яхши жамоа ва яхши таркиб шаклланган. Шунга яраша биз ҳам муносиб тайёргарлик кўрдик. Бу ўйин учун кўпроқ шуғуллангандик. Кейинги учрашувларга ҳам худди шундай тайёргарлик кўришимиз керак, ғалаба учун. Албатта, ҳозир «Андижон»га ҳам, бизга ҳам очколар сув ва ҳаводек зарур бўлган пайт. Умуман олганда, очко ҳаммага керак.

Эътиборлиси, Зафар Полвонов киритган голларини Криштиану Роналду услубида нишонлашни ўзига одат қилиб олган. Бундан кўриниб турибдики, у айнан Роналду мухлиси ҳисобланади. Ўз навбатида ҳужумчи ушбу вазиятга ҳам ойдинлик киритиб ўтди.

зафар полвонов_1

- Голларимни нишонлаш услубимга келсак, албатта, мен «Реал» ва Роналдуга мухлислик қиламан. Жамоамизда «Барселона», «Реал» ва Роналдунинг мухлислари бор. Лекин кейин Роналду «Ювентус»га кетди. Шундай бўлса-да, олдиндан урган голларимни ўзига хос тарзда нишонлашга одатланиб қолганман. Энг муҳими, боя айтганимдек, бизда «Барса»нинг ишқибозлик қиладиган футболчилар бор. Гол урган пайтимда эса ҳазиломуз тарзда атайин улар учун ҳам голимни Роналду услубида нишонлайман. Лекин энди бундай қилмасам керак. Гол урсам оддий нишонлашга ҳаракат қиламан.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Зафар 8 та гол билан тўпурарлар орасида боряпти. Лекин биринчи ўринда бораётган «Пахтакор» ҳужумчиси Драган Чераннинг ҳисобида 15 та гол бор. ОКМК ҳужумчиси эса тўпурарлик кураши ҳақида шундай деди:

- Биласизми, фақат ўзимизнинг қора кўзлар тўпурар бўлишларини хоҳлайман. Масалан, Темурхўжа Абдуҳолиқов, Ҳумоюн Муртазоевларни айтишим мумкин. Легионерларни назарда тутаётганим йўқ. Ўзимизнинг маҳаллий ўйинчилардан бири тўпурар бўлсин дейман. Насиб бўлса, бу борада ўзим ҳам уриниб кўраман. Асосийси, урган голларим жамоамга фойда келтирса бундан фақат хурсанд бўламан. Ҳозирча менинг ҳисобимда 8 та гол бор ва бу билан тўхтаб қолиш ниятим йўқ. Яна ўз устимда ишлашда давом этаман. Албатта, ҳали ўйинларимда камчиликлар бор, шуларни устида ишлашим шарт. Тан оламан, кўпроқ гол урсам дейман. Ҳар доим жамоам олдида юзим ёруғ бўлишини истайман.  

Суперлиганинг 3-турида АГМК ўз майдонида «Қўқон-1912»ни 7:1 ҳисобида доғда қолдирганидан яхши хабардорсиз. Ўша беллашувда эса мақоламиз қаҳрамони саналган Зафар Полвонов бир эмас, икки эмас, уч эмас, нақд бешта гол урган ҳолда тарихдан жой олганди. Флешга эришган ҳужумчининг шундан кейин негадир гол уриш борасидаги сермаҳсуллиги пасайгандек туюлди. Бунга эса унинг ўзи шундай муносабат билдирди.

- Йўқ, бундай эмас. Шунчаки, ўйинда юзага келган имкониятлардан фойдаланишни билиш керак. Масалан, «Андижон»га битта голдан ташқари яна икки-учта гол уришим мумкин эди. Бу кўпинча омадга ҳам боғлиқ. Насиб бўлса, қолган голларимни бошқа жамоалар дарвозасига киритишга ҳаракат қиламан. «Қўқон-1912» дарвозасига бешта гол урганимга қарамай, мен бу билан асло тўхтаб қолмайман.

Яна бир гап: ўша бешта гол урганидан кейин кўпчилик унинг Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купернинг эътиборига тушгани ва яқин орада бош жамоага таклиф этилишини кутишганди. Лекин ҳозирча бу нарса содир бўлгани йўқ.

- Тўғри, ўша пайтда шундай гап-сўзлар бўлганди. Лекин ҳеч қандай тахминларга ҳожат қолмади. Мен билан ҳеч ким қизиқмаган ва ҳеч ким чақирмаган. Менимча, истеъдодли ёшларга имконият бериш керак ва уларни ўйнатиш лозим. Агарда мураббийнинг менга эътибори тушган бўлса, у ҳолда қўлимдан келганича ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Бу Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва ўз ватаним учун жонимни ҳам беришга тайёрман, - дейди ОКМК ҳужумчиси.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
АС МИЛАН
25/06/2019 15:15
Роналду тел қилиб унақа қилма дедими а Зафар?
&
★xodillo★
25/06/2019 18:01
Legonerlar bu yil yaxshi o'yinlar ko'rsatmoqda
Masalan KASYAN
LEKIN o'zimizni o'yinchilar xam ulardan qolishmayapti
&
Surxon turon
25/06/2019 12:06
Яхшироқ кулубга ӯтса очилиб кетади бу бола таланти бор АГМКАда барқаролик йӯқ