"Зўр ўйинлардан бири бўлади, олдиндан очколарни қўлга киритиб олди, ҳозир эса ўйини йўқ" ёхуд Суперлигада 13-тур бошланяпти
Чемпионатимиздаги танаффус тугаб, яна Суперлиганинг расмий баҳслари бошланяпти.
23-26 июнь кунлари чемпионатимизнинг 13-тур учрашувлари бўлиб ўтади. Анъанамизга мувофиқ тур олдидан жамоаларнинг имкониятини баҳолаймиз.
Бу сафар мутахассис сифатида Жасур Абдураимов 13-тур олдидан ўз муносабатини билдирди.
23 июнь
“Бухоро” – “Андижон”
- Биласиз, “Бухоро”га янги бош мураббий сифатида Улуғбек Бақоев келган. Тезкор қарши ҳужум тактикасида ўйнайди. “Андижон” ҳам шунақа. Иккала жамоанинг услуби ўхшаш. Тўп билан камроқ ўйнашади ва тезкор қарши ҳужумларга ўтадилар. Имкониятлар 50х50. Ўйлашимча, иккита бир хил тактикада ўйнайдиган клублар куч синашишади.
“Сурхон” – “Сўғдиёна”
- “Сурхон” бу йил ёшлар билан ўйнаяпти, қойил. Мураббийлар штаби ҳам яхши. Улар футбол ўйнашга ҳаракат қилишяпти. “Сўғдиёна”га янги мураббий келган, тактикани алмаштирди. Ким камроқ хато қилиб, ҳужумда яхшироқ ўйнаса, бу унга қўл келади. Иккала жамоа ҳам ҳужумкор футбол ўйнайди.
24 июнь
“Турон” – “Қизилқум”
- “Турон” ҳам қийин вазиятда. Ҳомийлар билан боғлиқ юз берган вазият жамоага таъсир қилади. Ҳозир нимадир айтишга қийин. “Қизилқум” ҳам қийин ҳолатда. Ҳар иккала клубга очко керак. Улар қанақа тактика билан ўйнайди, билмадим. Ўйлашимча, иккаласи ҳам ҳимоядан ўйнайди. “Турон”га ҳам, “Қизилқум”га ҳам ҳозир жуда қийин.
“Насаф” – ОКМК
- Марказий ўйин. “Насаф” очколарни тўплаб боряпти. ОКМКни ҳам таркиби зўр. Ажойиб ўйин бўлади. Ҳужумкор футбол кўрамиз.
25 июнь
“Бунёдкор” – “Пахтакор”
- Бу учрашув ҳам турнинг марказий ўйини. Ўйлашимча, бу баҳсда “Пахтакор” ютиши керак. Таркиби яхшироқ ва ҳозирги пайтда “Пахтакор” очколарини қўлга киритиб келяпти. Ўз ўйинини кўрсатса, ютади. “Бунёдкор” олдиндан очколарни қўлга киритиб олди. Ҳозир эса ўйини йўқ, ҳеч нима кўринмаяпти.
“Нефтчи” – “Навбаҳор”
- Энг зўр ўйинлардан бири бўлади. Иккала жамоа ҳам ўйин ташкил қилиш бўйича яхши. Тактик томонлама ҳам улар ажойиб. Айниқса, Самвел Бабаян жамоаси ўйин ташкил қилишда яхши таассурот қолдиряпти. Ким тактик томонлама зўр ўйнаса ўша жамоа ғалаба қозонади.
26 июнь
“Олимпик” – “Металлург”
- Назаримда, “Олимпик” ютиши керак. Улар футбол ўйнаяпти. “Металлург”га келсак, аввалига испаниялик мураббий ишлади. Энди черногориялик мутахассис фаолият олиб боряпти. Тўғрисини айтсам, қанақа футбол ўйнаётганини тушунмадим. Майли, ютса ҳам, ютқазса ҳам қандай футбол ўйнаётганига тушунмадим.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар