Зоран Марушич: "Насаф"да қолишни хоҳлагандим, лекин..."

Хабарингиз бор, яқинда “Нефтчи” клуби бир қатор трансферларни эълон қилди. Уларнинг орасида сербиялик тажрибали ҳужумчи Зора Марушич ҳам бор. У расман 2025 йилда фарғоналиклар шарафини ҳимоя қилади. Sports.uz журналисти эса Марушич “Нефтчи” аъзосига айлангач, илк интервьюни олди.

- Зоран, “Нефтчи” клубига ўтганингиз билан табриклайман. Нима учун айнан “Нефтчи”?

- Клуб мени бир неча марта чақирди, аммо ўшанда аниқ бир нарса бўлмагани сабабли иш охиригача етмаганди. Ҳозир эса вазият ўзгарган, жамоанинг мақсадлари катта ва бунинг бари менга ёқяпти!

- Сиз бу йил “Насаф” билан чемпионликни қўлга киритдингиз. Нега у ерда қолмадингиз? Ёки мураббий кетишингизни хоҳладими?

- Бу йил ўз мақсадимизга эришиб, тарихда илк маротаба унвонга эга чиқдик. “Насаф” бунга муносиб эканини анчадан бери намойиш этиб келаётган эди! “Насаф”да қолмоқчи эдим, лекин “Нефтчи” менга катта қизиқиш билдирди ва фаолиятимда янги қадам ташлашга қарор қилдим.

- “Насаф” сафида 26 та ўйинда 13 та гол урдингиз. Ушбу статистик рақам сизни қониқтиряптими?

- Жорий йилдаги статистик кўрсаткичларимдан кўнглим тўлди, десам ҳам бўлаверади. Янада кўпроқ голлар уришим мумкин эди, бироқ асосий натижадан кўнглим тўлди.

- “Нефтчи”га ўтишингизда ким асосий ролни ўйнади?

- Юқорида қайд этиб ўтганимдек, “Нефтчи”дан менга бир неча марта қўнғироқ бўлди. Шу боис улар билан келишишим ҳеч қандай қийинчилик туғдирмади.

- Суперлига клубларига ҳар доим яхши ҳужумчилар керак. Драган Черан 6 йилдан бери энг яхши тўпурар бўлиб келмоқда. Сизнингча, нима учун бизда маҳаллий ҳужумчилар камайиб кетди?

- Ўйлайманки, яхши ҳужумчилар кўп, айниқса, ёшлар орасида. Шунчаки, уларга ишониш ва кўпроқ имкон бериш керак холос.

- “Нефтчи”га ўтишингиз арафасида бош мураббий Виталий Левченко билан суҳбатлашдингизми?

- Биз гаплашмадик. Лекин ўтган йили ҳам “Нефтчи” билан шартнома имзолашим кераклиги борасида гаплар бўлганди, аммо мен барибир “Насаф”ни танлагандим.

- Зоран, олдингизда яна қандай вариантлар бор эди?

- Турли агентлардан менга кўп қўнғироқлар бўлди. Лекин кўпчилиги аниқ бир таклифни илгари сурмаганди. Ўз олдига жиддий мақсадлар қўйгани учун ҳам “Нефтчи”ни танладим.

- Янги мавсумда ҳам “Нефтчи” таркибида тўпурарликни мўлжаллаяпсизми?

- Энди “Нефтчи” билан бирга чемпионга айланишни хоҳлайман. Агар шунинг баробарида энг яхши ҳужумчига айлана олсам, зўр иш бўларди-да, ўзиям!

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ravil
13/12/2024 18:35
Nima turtki buldi neftchini tanlashingizda? -albatta$$$ dedi zoran