“Tottenxem”da jiddiy tekshiruv boshlandi: Aibdorlar qidirilmoqda
Охирги мавсумда кўплаб футболчиларнинг жароҳат олиши билан жиддий муаммоларга дуч келган “Тоттенхэм” клуби раҳбарияти бу ҳолат сабабларини аниқлаш учун кенг қамровли ички текширувни бошлади. Асосий эътибор тиззадаги оғир жароҳатларнинг ғайриоддий даражада кўпайганига қаратилмоқда.
Лондон клуби мавсумнинг сўнгги турида “Эвертон” устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Премьер-лигада қолишни таъминлади. Бироқ бутун мавсум давомида жамоа муҳим ўйинчиларининг кетма-кет жароҳат олиши билан курашди.
Эндиликда клубдаги текширувга йил бошида City Football Group тизимидан келган жисмоний тайёргарлик ва самарадорлик бўйича директор Дэн Льюиндон раҳбарлик қилмоқда. Унинг вазифаси мавсум нега шунчалик кўп жароҳатлар билан ўтганини аниқлашдан иборат.
Маълумотларга кўра, ўтган мавсумда “Тоттенхэм” футболчиларининг ўртача иштирок даражаси 77 фоизни ташкил этган. Жамоа аъзолари умумий ҳисобда 2000 кундан ортиқ вақтни жароҳат сабаб майдондан ташқарида ўтказган.
Клуб бу кўрсаткични камида 90 фоиз иштирок даражасига етказиш ва йўқотилган кунлар сонини 1000 кундан камайтиришни мақсад қилган. Аммо янги мавсумгача бу мақсадга эришиш осон бўлмаслиги ҳам тан олинмоқда.
Жеймс Мэддисон, Уилсон Одобер, Хави Симонс узоқ муддатли жароҳатни олган. Шунингдек, Деян Кулусевски 2024-2025 йилги мавсуми охиридаги оғир тизза жароҳатидан кейин операция қилингани сабабли бутун мавсумни ўтказиб юборган.
Клуб тиббий штаби ҳам тиззанинг оғир жароҳатлари сони меъёрдан юқори бўлганини тан олмоқда.
Текширув доирасида мутахассислар турли омилларни ўрганмоқда. Жумладан, клуб ўз уй стадионидаги майдоннинг қопламаси ва тўпнинг сакраши хусусиятларини бошқа стадионлар ҳамда “Энфилд”даги машғулот базаси билан таққосламоқда.
Ҳозирча ўтказилган таҳлиллар бошқа майдонлар билан жиддий фарқ йўқлигини кўрсатган бўлса-да, текширувлар давом этмоқда.
Шу билан бирга, баъзи жароҳатларнинг олдини олишнинг имкони йўқлиги ҳам таъкидланмоқда. Масалан, Одобер ноқулай қўниш натижасида тизза боғламининг жароҳатини олган.
Клуб, шунингдек, Хави Симонснинг жароҳати вақтида майдонда кўрсатилган биринчи тиббий ёрдам унинг ҳолатини оғирлаштирмаганига ишонмоқда.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда шифокорлар оғир жароҳат олганига қарамай Симонсга оёғига босишга рухсат бергани акс этган видеолар мухлислар танқидига сабаб бўлган эди.
Дэн Льюиндон таклиф қилган асосий янгиликлардан бири ҳар бир футболчи учун алоҳида тиббий ёндашувни жорий қилишдир.
Бунда футболчининг жисмоний кучи, чарчоқ даражаси, чидамлилиги ва бошқа хусусиятлари ҳисобга олинади. Тиббий штаб ҳар бир ўйинчи учун махсус профиль тайёрлайди. Унда жисмоний ва психологик маълумотлар ҳам акс этади.
Бу тизим нафақат жароҳатларни даволаш, балки уларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.
Шунингдек, жароҳатланган футболчиларга тикланиш жараёнининг бир қисмини клуб базасидан ташқарида ўтказиш имконияти берилиши мумкин.
Сўнгги йилларда Премьер-лига футболчилари тикланиш учун мустақил тиббий мутахассислар хизматидан фойдаланишни кўпайтирган. Айрим хорижлик футболчилар ҳатто даволаниш учун ўз ватанларига қайтиб кетмоқда.
Бу ҳолат баъзан келишмовчиликларга сабаб бўлса-да, энди “Тоттенхэм” барча томонлар ягона тикланиш режасига амал қилган тақдирда бундай амалиётга рухсат беришга тайёр.
Бироқ жараён давомида юзага келадиган ҳар қандай муаммо учун масъулият клуб зиммасида қолади.
Тиббий штаб ёз давомида бош мураббий Реборте Де Дзерби ва унинг ёрдамчилари билан яқин ҳамкорлик қилади.
Клуб раҳбарияти сўнгги 12 ой ичида уч марта мураббий алмашгани ҳам жароҳатлар кўпайишига таъсир қилган бўлиши мумкинлигидан хавотирда.
Шу сабабли клуб янги интеграциялашган тизим жорий қилишни режалаштирмоқда. Унга кўра, футболчининг тикланиш жараёнини тезлаштириш ҳақидаги қарорда мураббийлар штаби, тиббий бўлим ва футболчининг ўзи иштирок этади.
Психологик ҳолат ҳам текширувнинг муҳим қисми ҳисобланади. Шу мақсадда клуб футболчилар ва ходимлар билан ишлайдиган доимий психолог бўлими раҳбарини ишга олишни режалаштирмоқда.

Fikrlar