"100 фоиз ҳаммаси ёлғон" - Анзур Исмоилов Катанецнинг тактикаси нега ёқмаслиги, 6 ой давомида маош олмагани, футболдан кейин нима иш қилиши ва яна бошқа муҳим масалаларда интервью берди

Кўп йиллар давомида миллий терма жамоамизда муносиб ўйин кўрсатган ва ҳозирда “Пахтакор” сардори сифатида фаолиятини давом эттираётган Анзур Исмоилов ҳамон ишончли ўйини орқали мухлис ва мутахассисларнинг эътиборида.

Sports.uz мухбири тажрибали футболчи билан учрашди. Суҳбат давомида Анзур кўплаб саволларга очиқ ойдин жавоб берди.

- Ҳозир “Пахтакор” футболчиси сифатида тўп суряпсиз. Бизни бир нарса қизиқтиряпти: фаолиятингизни шу клубда тугатасизми ёки мавсум тугагач, бошқа режангиз борми?

- Ниятим албатта “Пахтакор”да тугатиш. Чунки бу – “Пахтакор”. Бу ерда зўр жамоа бор, шароитлар ҳам яхши. Ҳамма футбол ҳақида ўйлайди. Фақат “Пахтакор” деб ўйлайман.

- У ҳолда сизни майдонда яна қанча вақт кўришимиз мумкин. Бу ҳақда ҳам ўйлаяпсизми?

- Билмадим. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Балки жароҳат юз бериши мумкин. Олдиндан нимадир деб бўлмайди. Аммо кучим борича ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Қачонки, кучим йўқлигини сезсам, шунда қўлимни кўтараман.

- Бошқа жамоаларга ҳурматни сақлаган ҳолда айтамизки, “Пахтакор” бу йил ҳам ҳаммадан яққол кучли. Бу нимадан дарак? Вазиятга холис баҳо берсак, чемпионатимиз савияси пастми? Чунки “Пахтакор”га ҳеч ким рақобат туғдира олмаяпти.

- Ҳа, “Пахтакор” кучли. Чунки клуб ишлайди. Мураббийлар штаби ҳамиша изланишда, машғулотларда ҳам тер тўкамиз. Қибрайдаги базамиз ҳам яхши. Хуллас, бизда барча шароитлар бор. Шунинг учун ўсиш ҳам бўлади-да. Мен ҳам шу клуб аъзоси сифатида ҳаммасини кўраман, шуғулланаман. Биз ҳар куни ишлаймиз. Бир жойда туриб қолмаймиз. Доим меҳнатдамиз. Питер Хюистра жуда талабчан. Клубда ҳамма бир-бирини ҳурмат қилади ва мураббийларнинг кўрсатмаларига қулоқ тутади.

исмоилов

- Чемпионатимиз савияси-чи?

- Савия? Ўсяпти. Жамоаларга қаранг, зўр ўйнашяпти. Ҳамма ҳар хил футбол кўрсатяпти.

- Рақиблар “Пахтакор”дан ҳайиқяпти, деб ўйлайсизми?

- Барибир жамоамизга нисбатан ҳурмат бор-да. Қаерда бўлса ҳам “Пахтакор” келяпти, деб икки карра кўпроқ тайёрланади. Бизга қарши ҳамма ўзини кўрсатгиси келади.

- Миллий терма жамоада кўп ўйинларни ўтказдингиз, яхши таассурот қолдирдингиз. Термадан кетганингиз ҳақида эртароқ қарор чиқармадингизмикин?! Бу ҳақда ўйлайсизми?

- Тугатгин деб гапирганлар бўлди, ёшим ҳам катта. Ўсиб келаётган ёшларга йўл бериш керак, улар ҳам ўзларини кўрсатиши даркор. Чунки мен кейинги жаҳон чемпионатига бормасам, нима қиламан? Ёшларга имконият бериш ва уларни ўйнатиш керак.

- Термадан кетиш ҳақида қарорингиз ўзингизникими ёки кимдир маслаҳат берганми?

- Кўпчилик қолишимни айтган. Аммо ўзим сезганман, кетишим кераклигини. Ютсангиз ҳам, ютқазсангиз ҳам гапирадиганлар бор.

исмоилов3

- Орадан вақт ўтгач, ёнингизга келиб фикрингизни ўзгартирмоқчи бўлганлар ҳам топилдими?

- Ҳа, бўлди, кўп одам айтди. Дўстларим ҳам, клубдаги жамоадошларим ҳам қайтишимни айтишди. Жамоага сизга ўхшаган ўйинчи керак деб таъкидлашяпти. Аммо фикримни ўзгартирмадим. Ёшлар ўйнасин. Бизда иқтидорли йигитлар кўп.

- Лекин терма жамоада сизга ўхшаган ҳимоячини кўрмаяпмиз. Бу ўзингизга ҳам сезиляптими?

- Ўрганиш керак-да, ҳаммаси дарҳол келиб қолмайди. Ишлаш керак, кўп ўйинлар ўтказиш лозим. Бундай мактабни босиб ўтиш керак.

- Иккинчи Анзур Исмоилов сифатида кимни кўряпсиз?

- Яхши ўйинчиларимиз кўп, фақат ишлаш керак. Хусниддин Алиқулов бор, яхши бола. У ҳам яна ишлаши керак, вақти келади. Унда ўзимни кўряпман.

исмоилов2

- Янги бош мураббий Сречко Катанец бизга нима бера олади?

- Билмадим, тартиб-интизомни ўрнатади. Швецияга бориб келишди, яхши экан деб гапиришяпти. У мураббий бешта ҳимоячи билан ўйнайди. Лекин мен миллий терма жамоамизни бешта ҳимоячи билан ўйнашини тасаввур қила олмаяпман.

- Сабаб?

- Учта марказий ҳимоячи билан ўйнаш – бу масалан менга ёқмайди. Учта футболчи орқада нима қилади? Тушунмайман. Иккита ўйинчи етади. Бундай тактикага менинг муносабатим бошқача.

- Катанец айнан шундай услубда ўйнатади деб ишоняпсизми?

- Ўзи уни тактикаси шунақа – бешта ҳимоячи билан ўйнайди. Мен уни яхши биламан ва танийман. Олдин Ироққа қарши бир неча бор ўйнаганмиз. Аммо тактика алмашади, деб айтишди.

- Эктор Купер ишлаганда кўпчилик уни ҳимоявий услубни ёқтиради, дея танқид қилди. Аслида эса у бизнинг асосий муаммоимизни кўра билганди ва ишни шундан бошлаганди. Бу борада фикрингиз?

- Ҳамма мураббий футболга қарашидан келиб чиқиб гапиради. Ҳамма ҳар хил ўйнайди. Шундан экан, Купер ўз фикрини айтди.

исмоилов9

- Демоқчиманки, у тўғри айтганми? Ёки сиз унинг фикрига қўшилмайсизми?

- Ҳар хил тактикалар бор. Ҳимояда ўйнаб 1:0 ҳисобида ютиб кетсангиз бўлди ва мана шундай услубни ёқтирадиган мураббийлар бор. У шундайлардан бири. Унинг учун аввало гол ўтказилмаса бўлди. У шунга рози.

- Унинг услуби сизга ёқмаганми?

- Яхши мураббий. Барибир у хорижлик, ахир у Эктор Купер (кулади).

- Кейин Вадим Абрамов келди...Тўғриси, холис фикрингизни билмоқчиман. Бундай шармандагарчиликни қандай қабул қилдингиз?

- Йигитларга ачинасиз. Шунча меҳнат қилишди, иссиқда ўйнашди. Босим ҳам катта эди. Мен буни биламан, мендан ҳам ўтган. Жуда ачинарли. Футболчилар ғалабани жуда хоҳлаган. Ўшанда уларнинг куни бўлмаган. Шундай пайтлар бўлади-ку, эрталаб уйғонасиз, ҳамма нарса ўхшаяпти. Масалан, кейинги кун ўхшамаслиги мумкин.

исмоилов8

- Нима деб ўйлайсиз, Вадим Карленовични бош мураббийликка тайинлаш хатомиди?

- Мен буни айта олмайман. Бундай масала бўйича гапиргим келмаяпти. Ҳамма мураббийни футболга ўз қараши ва тактикаси бор-да.  

- Яна бир савол бор, аммо менда бунга жавоб йўқ. Балки сизда бордир. Яъни, Купер бошчилигида терма жамоамиз Фаластинга ютқазганидан кейин турли гап-сўзлар чиқди. Мураббийни кеткизиш учун атайлаб ютқазилган, деган миш-мишлар мухлислар орасида тарқалди. Сиз ўша учрашувда иштирок этгансиз. Ростини айтинг, нима бўлган?

- Йўқ, бундай нарса бўлмаган, умуман. Ўзим ўша ўйинда ўйнаганман. Кун иссиқ эди, сунъий майдонда тўп сурганмиз. Барибир бундай майдонда ўйнашга ҳам ўрганиш керак. Бу сунъий майдоннинг энг зўри бўлса ҳам барибир у ерда ўйнаш қийин. Красовкада ўйнасангиз ҳам бўлади. Барибир биз бунга ўрганмаганмиз. Хуллас, бундай ўйин бўлмаган. 100 фоиз ҳаммаси ёлғон. Мураббийни атайлаб кеткизишди, деган гап нотўғри. Фақат ўшанда бизнинг кунимиз бўлмаган. Агар биз гол урганимизда яна 3-4 та уришимиз ҳам мумкин эди.

- Фаолиятингизда жуда кўп ўйинларда ўйнагансиз. Эслаганингизда ҳалигача мазза қиладигани қайси?

- Кўп ўйинлар бўлган. Менга Австралияда Саудия Арабистонига қарши ўйнаган ўйинимиз ёқади. Қатарни 1:0 ҳисобида ютган учрашувимиз ҳам манзур бўлган. Хуллас, шунга ўхшаш ўйинларимиз кўп. “Пахтакор” сафида “Бунёдкор”га қарши “лой жангги” бўлган, эсдан чиқмайди.

исмоилов7

- Энди юқоридаги саволни акси: сиз учун аламли ўйин қайси?

- Жаҳон чемпионатига чиқа олмаганимиз! Рақибни 1:0 ҳисобида ютсак бўлди эди, ким уришининг фарқи йўқ, рақиб дарвозасига гол урсак бўлгани эди. Бизда ҳали бундай имконият бўлмаган.

- Бунгача жаҳон чемпионатига жуда яқин келганмиз-у, аммо нимадир етмай қолаверган. Нима учун?

- Тўғриси, билмайман-да. Ҳолбуки, яхши тайёрланамиз, ҳамма нарса қиламиз. Барибир шунақа омадсиз кунлар бўлади. Барибир Жанубий Кореяга ўхшаганлар кучли-да. Биз бунақа эмасмиз. Биздан ҳамма кутади, агар дуранг ўйнасак Ўзбекистон ютгандек ҳис қилишади. Корея чемпионати ҳам кучли. Уларни биринчи лигаси ҳам зўр.

- Гапингиздан маълумки, Суперлигамизнинг савияси...

- Ҳа, барибир пастроқ. Бизда ҳам яхши клублар бор. Агар чемпионатимизга бир-иккита яхши савиядаги легионерларни олиб келишса яхши бўларди.

- Терма жамоамизнинг муваффақиятсизлигидан кейин футболимизнинг қайси тизимида муаммо борлиги кўринди?

- Бу ҳозирги келган мураббийнинг иши. У ҳаммани кўряпти. Мен ҳам айрим ёшларни кўриб қоляпман. Иқтидорли эканлиги билиниб турибди. Ўзим учун белгилаб қўйяпман. Мураббий ҳаммасини кўриб чақирса керак.

исмоилов6

- Ҳозир футболимиз орқага кетганми?

- Олдинга қадам бўлишини кутяпмиз, тўғриси. Зўр ёшлар чиқяпти. 22-23 ёшлилар ичида ҳам иқтидорлилари кўп.

- Гапларингиздан сизда мураббийликка салоҳиятингиз яхшироқдек кўриняпти. Футболни тугатгач, мураббий бўлмоқчимисиз?

- Очиғи, билмадим. Аммо бош мураббий бўлмасам керак. Бунинг учун ўқиш керак, осон эмас.

- Фаолиятингизни тугатгач, нимага қизиқяпсиз?

- Ёшлар ёқади, футбол мактабидагилар. Футболда қолишга ҳаракат қиламиз. Ахир болалигимдан футболни яхши кўрганман ва бундан кета олмайман. Кейинчалик ёшларга яхши футбол мактаби очиш ниятим бор.

- Фаолиятингиз давомида сиз учун катта из қолдирган мураббий ким?

- Кўпи билан ишлаганман. Кимнидир алоҳида айтсам, бошқалар хафа бўлиб қолишади (кулади). Яхши мураббийлар кўп, барчасини ўзига яраша дунёқараши бор. Ким билан ишламанг, улардан яхшисини олиб қолишга ҳаракат қиласиз. Ҳамма мураббийни ўз кучи бор.

исмоилов1

- Ҳимоячи сифатида кўплаб ҳужумчиларга қарши ўйнагансиз. Сизга энг кўп хавф туғдирган ҳужумчи ким бўлган?

- Ёсир Ал-Қаҳтани эсимда бор. Саудия Арабистони терма жамоаси ва “Ал-Ҳилол”да ўйнаган. У пайтда мен “Пахтакор”да ёш бола эдим. Етакчи ўйинчимиз жароҳат олганида мени ўйинга қўйишган ва Қаҳтанини қўриқлаганман. Мен ёш эдим, уни эса номи чиққанди. Кейин ёшим улғайиб, тажриба тўпладим. Футболда “пишиш” керак. Ҳозирги ёшларни ҳам “пишириш” керак.

- Аммо чемпионатимизда сиз учун жиддий хавф туғдирадиган ҳужумчи кўрмаяпман. Бу шахсий фикрим. Сиз бунга қандай қарайсиз?

- Ҳамма ўйинчи ҳар хил. Суперлигада ҳужумчилар кам.

- Бу ҳимояда ишингизни енгиллаштиряптими?

- Албатта. Битта вазиятда иккита ҳимоячини алдаб гол урадиган ҳужумчи бўлса, бу хавфли. Бундай ўйинчилар деярли йўқ.

- “Пахтакор”да қийин кунларни бошдан кечирдинглар ва Хюистра сизларга раҳмат айтди. Бошқа клубларда молиявий муаммо бўлса дарҳол жар солинади. Аммо “Пахтакор”да бу ҳолат сезилмади ҳам. Қанча вақт ойлик маошсиз юрдинглар?

- Олти ой. Айрим ўйинчиларимизни трансфер қилиб баъзи муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қилдик. Ойлик маошлар берилди. Ҳамма сабр қилди ва кутди. Кайфиятга таъсир қилиши мумкин. Олти ой катта муддат, бу бир ё икки ой эмасди.

- Фаолиятингизда маош борасида бундай катта узилиш бўлмаганми?

- Икки-уч ой бўлган. Барибир бизда мана шундай узилишлар бор-да. Аммо ҳозир “Пахтакор”да ҳаммаси барқарор.

- Катанец “Пахтакор” ҳақида яхши фикр билдирди, жамоа машғулотларига ҳам келаётганини ва терма жамоага бу клубдан кўпроқ ўйинчи олишини яширмади.

- Ўзингиз айтиб турибсиз, мурабий ўйинларимизга ва машғулотларимизга келяпти. Ишни нимадан бошлаётганимизни кўряпти. Биздаги машғулотни ҳеч бир клуб қилмайди. Ўзимизни алоҳида дастуримиз бор. Мураббийлар яхши ишлашяпти, қойил. Жуда талабчан.

исмоилов4

- Катанец билан гаплашдингизми?

- Салом-алик қиламиз. У машғулотларимизни кўриб туриб “Пахтакор”дан кўпроқ ўйинчилар бўлишини айтяпти. Чунки мураббий бизни қандай ишлаётганимизни кўряпти. Адашмасам, уч марта келди.

- Арвеладзедан кейин “Пахтакор”да нима ўзгарди?

- Боя айтдим, Хюистра жуда талабчан. Арвеладзе машғулотларни кўради, ўргатади ва керак бўлса тугамай туриб тўхтатарди (кулади). Хюистра эса бундай эмас. Охиригача шуғуллантиради. Қолаверса, бу мураббийнинг футболи тажовузкор.

- Сиз ҳам орада клубдан кетиб қолишингиз мумкинмиди?

- Нимага? “Пахтакор”да ҳаммаси жойида. Тўғри, таклифлар бўлди. Малайзия каби чемпионатларга боргим келмади. “Пахтакор” мен учун қадрли, бу ердан кетиш ҳақида ўйламайман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
01/10/2021 10:06
Sela 6 oy oylik olmasalariz ham hech narsa qilmaydida. sela oladigan oylik boshqa kamandani uyinchilari sela 1 oyliklarizga 1 yil uynap ham ololmaydiki. keyin. 6 oy nima Nasaf uyinchilari har yili shunoqa buladi keyin. Pahtakor beradigan oylikni hamma klub berib olmaydi. qancha olsazla ham omadlarizni bersin. man fudbolchi sefatiga hurmat qilaman. ayrim yoshi katta uyinchilarga uhshap. yoshlarga nisbatan bi hurmatsizlik qilmaysiz.