АГМК "Андижон" билан ўйинда дурангга ҳам розимиди? "Насаф" "Ал-Муҳаррақ"ни қандай ютиши мумкин? Шохруҳ Гадоев нима деганини биласизми?

АГМК клуби кеча ўз майдонида “Андижон”га қарши учрашувда сал қолса мағлубиятга учраши мумкин эди. Бироқ Миржалол Қосимов жамоаси якунда нафақат мағлубиятдан қутулиб қолди, балки ғалабани ҳам илиб кетди. Захирадан ўйинга қўшилганлар – Мартин Боаке билан Шоҳруҳ Гадоев ўз сўзини айтишди. Айниқса, қўшимча дақиқаларда Гадоевнинг голи АГМКни 3:2 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.

Яна бир неча соатдан кейин ОФК Кубоги финалида “Насаф” “Ал-Муҳаррақ” билан ўйнайди. Қизиғи, Гадоев иккала клубда ҳам тўп сурган. Шу боисдан Гадоев Sports.uz мухбири билан суҳбатда бир қатор саволларга жавоб қайтарди.

- АГМК “Андижон”га қарши учрашувда камбэк кўрсатиб 0:2 ни 3:2 га айлантирди. Жамоа буни қандай уддалади?

- Чемпионат охирлаб боряпти. “Андижон” жамоасига ҳам бу муҳим ўйин ва очколар керак эди. Биз буни билардик. Рақиб қарши ҳужумлардан фойдаланишини ҳам сезгандик ва шунга яраша тайёргарлик кўрганмиз. Биринчи бўлим охирларида дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик. Иккинчи бўлим бошида қарши ҳужумда улар иккинчи голни уриб кетишди. Тўғрисини айтганда, иккинчи голни умуман кутмагандик. Виктор Кумиков жамоаси қарши ҳужум ҳамда стандартлардан фойдаланишини билардик. Лекин боя айтганимдек, ҳисоб 0:2 бўлишини кутмагандик, бу пайтда биз захирада эдик. Албатта, “Андижон”дан бундай шиддатни ҳам у қадар кутгандик дея олмайман. Рақиб яхши шаклланган. Айниқса, қарши ҳужумларда яхши ҳаракат қила олади. Барибир бор кучимизни ишга солдик ва мақсадимизга эришдик.

- 0:2 ҳисобидаги мағлубиятни ўйин охиригача 3:2 га айлантиришингларни кутганмидингиз?

- Тўғрисини айтаман, иложи борича охиригача курашиб ҳеч бўлмаса ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилгандик. Рақибдан бир очко олиш ҳақида ўйлагандик. Якунда омадимиз келиб камбэкни амалга оширдик.

гадоев1

- Захирадан майдонга тушиб охирги дақиқаларда учинчи голни уришга эришдингиз. Ўша вазиятда ўйин қаҳрамонига айланишингизга ишонганмидингиз?

- Йўқ. Ўйин қаҳрамони бўлиш ҳақида ўйламаган бўлсам-да, захирадан майдонга тушиб жамоам учун ҳеч бўлмаганда бир очко олишида ёрдам бериш ниятида тушгандим, тўғриси. Амалда омадимиз келиб, уч очкони қўлга киритдик.

- Тез орада собиқ клубларингиз “Ал-Муҳаррақ” билан “Насаф” ОФК Кубоги финалида тўқнаш келишади. Бу жамоаларнинг финалда тўқнаш келишига қандай муносабатдасиз?

- Йўқ, бу мен учун кутилмаган ҳолат бўлмади. “Ал-Муҳаррақ” жамоасида ўйнаган пайтимда ҳам ҳар доим уларнинг олдига аниқ мақсад қўйиларди. Агар ОФК Кубогида қатнашса, ўша мусобақани ютиш ёки Осиё Чемпионлар лигаси саралашида қатнашса, гуруҳ босқичига чиқиш вазифаси юклатиларди. Ўшанда мен ўйнаган пайтда ҳам “Ал-Муҳаррақ”нинг олдига ОФК Кубогини қўлга киритиш вазифаси қўйилган. Биз ярим финалгача борганмиз. Иордания жамоасига уйда ёки сафардами, эсимда йўқ, ҳар ҳолда ютқазиб қўйгандик. “Насаф”нинг ОФК Кубоги финалигача етиб келишининг ажабланарли жойи йўқ. Бу клуб ушбу мусобақадаги кучли жамоалардан бири. Шу боис “Насаф” финалгача боришга ҳақли эди.

гадоев

- “Ал-Муҳаррақ” таркибида бирга тўп сурган футболчи дўстларингиз ҳозир ҳам клубда борми?

- Бор. Ёши катта дарвозабон жамоа сардори. Ўша пайтда ҳам сардор эди, Баҳрайн терма жамоасида ҳам ўйнайди. Бундан ташқари, чап қанот ҳимоячиси ўйнарди, ҳозир ҳам тўп суряпти ва терма жамоага ҳам чақирилади. У яхши ҳимоячи. Мен билган айрим футболчилар бор. Лекин кўпи кетибди. Таркибни ёшартиришга ҳаракат қилишган.

- Демак, у ердагилар билан алоқангиз йўқ экан-да?!

- Бошқа клубга ўтиб кетган футболчи билан алоқам бор. “Ал-Муҳаррақ”нинг 11-рақамли Исмоил Абдуллатиф деган ҳужумчиси бўларди. Шу ўйинчи билан гаплашиб тураман. У Баҳрайн терма жамоасида ҳам ўйнайди. Ҳозир бошқа жамоага ўтиб кетган.

- “Насаф” финалда ниманинг эвазига ютиши мумкин?

- “Насаф” менимча тартибли ўйин ўтказади. Рўзиқул Бердиев жамоасини қандай ўйнатишни билади. Анча тажриба тўплаган. Ўйинчиларида ҳам ОФК Кубогида тўпланган тажриба бор. Ўйлашимча, “Насаф” ғалаба қозонади.

- Кўпроқ қандай ҳисобни кутяпсиз?

- Тахминим йўқ. Чунки рақиб жамоа ҳам ўз уйида яхши ўйнайди ва яхши ҳимояланади. Масалан, ўз майдонида кучли жамоа – “Кувайт СК”ни мусобақадан чиқариб юборди. Аниқ ҳисобни айта олмайман. Лекин, менимча, катта ҳисоб бўлмаса керак. “Насаф” тартибли ўйин эвазига ғалаба қозонса керак.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Кахрамонжон Сафаров
05/11/2021 18:01
Жаноб мутахассислар Андижон жамоаси галаба козониши аник булган бир пайтда уйин хам галаба хам АГМК га утиб кетдми , узимни тахлилим буйича АГМК н е г а доимо кушимча минутларни охирларида ютукларни юлиб кетади мана шу холатларни урганиб чикадиган инсон борми ёки 3-4 та крахабор УФФ мутахассисларини касрига вилоят жамоалари синиб кетаверадими АНДИЖОН 100 фоиз галабага лойик эди , Миржалол хеч канаканги зур мутахассис эмас у зур коорупционер