Чимёндаги йиғин нега эрта тугагани, таркибга нима учун ҳеч ким жалб қилинмаётгани ва ОАВда чиқаётган турли гап-сўзларга Бахтиёр Ашурматовнинг фикрлари

“Қўқон-1912” клуби турнир жадвалида 15 очко билан 9-ўринда. Бу клуб иккичи даврага тайёргарликни Чимён тоғ ён бағрларида олиб борди.

Бахтиёр Ашурматов бош мураббийлигидаги жамоа мавсумнинг иккинчи қисмига жиддий тайёрланяпти. Бунга асослар етарли. Клубнинг ўз мақсади бор. Қолаверса, биринчи даврада йўқотилган очколар ўрнини қоплаш ҳам зарур.

“Барибир йиғинимиз фойдали бўлди”

Sports.uz мухбири “Қўқон-1912” устози билан боғланди. Ашурматов дастлаб Чимёндаги йиғин қандай ўтган ҳақида сўзлади.

- Иккинчи даврага тайёргарлик жараёнида биз тоғда 10 кун давомида тайёргарлик кўришни режалаштиргандик. Ўйлайманки, бу ерда футболчиларнинг жисмоний ҳолатини тайёрлаб олиш ва иккинчи давра давомида уларнинг бу борадаги ҳолатини бир маромда ушлаб туриш учун ҳам бу йиғинимиз биз учун муҳим эди. Машғулотларимизни 10 кунга режалаштиргандик. Афсуски, меҳмонхона билан боғлиқ муаммо юз берди. Яъни, хордиқ чиқарувчилар олдиндан буюртма қилиб қўйишган экан. Шунинг учун уч кун вақтлироқ қайтишимизга тўғри келди. Энди тайёргарлигимизни Тошкентда давом эттирамиз. Агар 10 кун давомида тоғда бўлганимизда биринчидан, футболчиларни жисмоний ҳолатини, иккинчидан, биринчи даврада яхши, ёмон ва омадсиз ўйинларимиз бўлди. Шуларнинг барчасини таҳлил қилиб, футболчиларнинг кайфиятини яхшилаб, жисмоний юкламаларни бериш билан биргаликда, Чорвоқда сувга тушиб ўйинчиларнинг кўнглини ёзишни режалаштиргандик. Барибир шунга қарамай, бу ердаги йиғинимиз анча фойдали бўлди ҳамда футболчиларимиз жисмоний ҳолатини бир мунча яхшилаб олишга эришдилар. Бу ҳаракатларимиз иккинчи давра ўйинларида ёрдам беради деб умид қиламиз. Боя айтганимдек, тайёргарлигимизнинг иккинчи қисмини Тошкентда давом эттирамиз. 19 июль куни “Сурхон” жамоаси билан ўртоқлик учрашувини ўтказганимиздан кейин Қурбон ҳайити байрами муносабати билан футболчиларни икки кунга оилалари даврасига бориб келишларига рухсат берамиз. 22 июлдан яна машғулотларни пойтахтда давом эттирамиз. Яна назорат ўйинини ташкиллаштирмоқчимиз. Кейин Қўқонга қайтиб, чемпионат доирасида “Навбаҳор” ҳамда “Турон”га қарши баҳсларга тайёрланамиз.

ашурматов4_1

“Таркибимиздан ҳеч ким кетмади ва ҳеч ким келмади”

Шу ўринда қўқонлик мухлисларни таркибда бирор ўзгариш бўлиши мумкин, деган савол ҳам қизиқтиряпти. Маълумки, Ашурматов бунгача билдирган фикрларида бу йилги ёзги трансфер ойнаси очилган вақтда бу борада фаол бўла олмасликларига тўхталганди. Шундай бўлса ҳам мураббий ушбу вазият ҳақида фикр билдирди.

- Жамоага бирорта футболчини таклиф қилмадик. Бунга иккита сабаб бор. Биринчиси, таркибимиздаги ўйинчиларнинг ишга виждонан ёндашиши ажойиб. Тўғри, қайсидир ўйинларда керакли очколарни йўқотгандирмиз. Барибир футболчиларнинг ўйинга бўлган муносабати, жанговорлиги, охиригача курашиши бизни қониқтиряпти. Иккинчиси, кучлироқ ўйинчиларни жамоага жалб қилиш – бу осон жараён эмас. Яхши футболчиларни ўз клублари билан шартномалари бор. Уларни катта маблағ эвазига сотиб олиш ёки ижарага олиш керак бўлади. Тўғри, селекция керакли жараён. Бу қишда ҳам, ёзда ҳам амалга ошириши керак бўлган ҳолат. Юқоридаги иккита сабаб туфайли, таркибда айтарли ўзгариш қилмаяпмиз. Таркибимиздаги йигитларни сақлаб қолиб, умид қиламанки, биринчи даврадагидан кўра яхшироқ ўйин кўрсата оламиз. Йигитларга ишонамиз. Ҳозирча таркибимизни ҳеч ким тарк этгани йўқ ва бирорта ҳам янги ўйинчи келмади.

ашурматов1

“Футболчиларнинг пуллари Қўқонда қолиб кетмайди”

Лекин охирги пайтларда матбуотда қўқонликларнинг айрим етакчиларига бошқа клублардан жиддий қизиқишлар бўлаётгани хусусидаги гап-сўзлар ҳам йўқ эмас. Ўз ўрнида Ашурматов вазиятнинг шу томонига ҳам тўхталишни лозим топди.

- Тўғри, ОАВда “Қўқон-1912”нинг етакчилари жамоани тарк этяпти, деган турли гап-сўзлар чиқяпти. Мураббий сифатида шуни айтишим мумкинки, тўғри, “Қўқон-1912” айрим жамоаларга ўхшаб юқори бюджетга эга эмасдир. Лекин ҳеч қачон футболчиларни алдамаган. Уларнинг пуллари Қўқонда қолиб кетмаган. Айтайлик, маош борасида озгина кечикиш бўлиши мумкин. Аммо ҳар доимгидек раҳбарият ўйинчиларнинг ойлик маошларини беришга ҳаракат қилишяпти. Катта қарздорлик йиғилиб қолгани йўқ. Яқин кунларда бу масала ҳам бартараф этилади. Футболчилар ўз ишига виждонан ёндашишяпти. Кўз тегмасин, Қўқонда жуда аҳил жамоа тўплаганнмиз. Ўйинчиларимизнинг бошқа клубларга ўтиб кетиш ниятлари йўқ. Фақат юқоридаги хабар чиққач, айрим клублар футболчиларимизга таклиф билан чиқишган. Йиғилишлардан бирида йигитларга агар пулларингларни қилиб бера олмасак, сизларни мажбуран ушлаб турмаймиз, бошқа клубларга қўйиб юбориш эҳтимолимиз бор, деб айтгандик. Лекин ўйлайманки, вазият бу даражага етиб келмайди. Йиғинларда йигитлар яхши иштирок этишяпти, иккинчи даврага муносиб тайёрланяпмиз. Футболчиларимиз жамоамиз раҳбарларига ишонишади. Улар ҳеч қачон ўйинчиларнинг ишончларини суистеъмол қилмайдилар. Шунинг учун вазият у қадар хавотирли эмас. Бундан мухлисларимиз ҳам хавотир олишмаса бўлади. Ҳар бир ўйинчимиз ҳозирги аҳил оиламизни сақлаб қолиш тарафдори. Шу ўринда футболчиларимизга вазиятни тушуниб, меҳнат қилишаётгани учун миннатдорчилик билдираман. Умид қиламанки, мана шу аҳил жамоамиз билан биринчи даврага нисбатан иккинчи даврада яхшироқ натижалар кўрсата оламиз.

ашурматов3_4

“Иккинчи даврада мухлисларни ўз уйимиздаги ғалабалар билан ҳам қувонтирамиз”

Қизиқ жиҳати шундаки, қўқонликлар ҳали ўз майдонида ғалаба қозона олмади. Қўлга киритган тўртта ғалабасини асосан сафардаги учрашувларда қўлга киритди. Ашурматов бунинг сабабини қуйидагича изоҳлайди:

- Гапнинг очиғи, ўзим ҳам биринчи марта шундай вазиятга дуч келяпман. Ўтган йилги мавсумда “Қўқон-1912” жамоаси кўплаб очколарини ўз майдонидаги ўйинларда қўлга киритганди. Биринчи даврада сафардаги ўйинларда очколарни қўлга киритишимиз қийин бўлганди. Бу йил эса меҳмондаги учрашувларда ғалабаларни қўлга кирита бошладик. Аксинча, энди ўз майдонимиздаги учрашувларда очколарни йиғишга қийналяпмиз. Бунинг асосий сабабларидан бири, меҳмонда ва уйда ҳар хил тактикаларда ўйнаётганимиз билан боғлиқ. Сафарда қарши ҳужум тактикасида ўйнаяпмиз. Ўз майдонимизда эса рақиблар кўпроқ ҳимоявий ўйин кўрсатишяпти. Уларни дуранг ҳам қониқтиради. Позицион ҳужумлар устида кўпроқ ишлашимиз керак. Умид қиламизки, иккинчи даврада уйдаги ўйинларда ҳам мухлисларимизни ғалабалар билан хурсанд қилишни бошлаймиз.

ашурматов_17

“Ўтган йилгидан юқори ўринни эгалламоқчимиз”

Юқорида “Қўқон-1912”нинг ўз олдига қўйган мақсади борлиги хусусида тўхталдик. Бош мураббий иккинчи даврадан нима кутаётгани ҳамда жамоасининг қайси ўринга қодирлиги юзасидан ҳам муносабат билдирди.

- Ўтган йили 5-ўринни қўлга киритдик. Шу сабабли бизнинг асосий мақсадимиз ўтган йилгидан кўра юқори ўринни эгаллаш. Тўғриси, ўз майдонимизда йўқотилган очколар эвазига бироз графикдан кеч қоляпмиз. Аммо 3- ва 4-ўриндаги жамоалар ҳали у қадар узоқлашиб кетганлари йўқ. Агар биз ўз майдонимизда ҳам барқарор ўйнаб, мухлисларни хурсанд қилиб, очколарни қўлга киритишин бошласак, ўз олдимизга қўйилган мақсадга эришсак бўлади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар