Гризманнинг трансфери

Леонинг Парижга йўл олгани Испанияда ўзгача мавсум бўлишидан дарак берган эди. Энди барча жамоада чемпионлик учун имконият бир хил. Иккинчи ўзга сайёралик ҳам бошқа чемпионатга равона бўлди.

Месси ўтган мавсумда клубнинг чемпионатдаги энг яхши тўпурари бўлган. Бу муҳим статистика эмас. Aсосийси, бутун жамоа ўйини унинг атрофида қурилган бўлиб, энди каталонияликлар барчасини нолдан бошлайди. Ҳужум боши ва якунини белгилаб берадиган ижрочи кетгач, қайта қуриш ишлари бошланиши аниқ.

"Реал" Мадридда ҳам аҳвол ҳавас қиладиган даража эмас. Сўнгги йилларда ғалаба калити сифатида хизмат қилган етакчилар жамоани тарк этди. Варан ва Рамос трансфери катта воқеа бўлган бўлса, Зиданнинг кетиши барчасини мураккаб аҳволда қолдирди. Карло Aнчелоттининг жамоага таклиф этилиши олдинга ташланган қадам эмас. У яхши танлов бўлиши мумкин, бироқ бу рокировка "Реал"га янги имкониятлар эшигини очмайди. Aгар, Килиан Мбаппенинг трансфери амалга ошганида, бу жамоани чемпионатда етакчилик қилиш имконини тақдим этар эди. Бундан ташқари, Мессининг кетишига Мбаппе трансфери жавоб бўлар, чемпионат мавқейига путур етмаган бўлар эди. Килиан учун пул йиққан Перес ҳимоячилар ўрнини тўлдиришни унутиб қўйди. Биргина Aлаба жорий мавсумда бутун ҳимоя чизиғини беркитишга қодир эмас. Камавинга эса келажак учун актив.

Муаммолар ҳақида гап борар экан, "Барселона"нинг молиявий ночор аҳволини алоҳида қайд этиб ўтиш даркор. Клуб шу қадар ожиз аҳволда-ки, ҳатто ўз сардорларидан маошини пасайтиришини илтимос қилмоқда. "Реал"да ҳам аҳвол ҳавас қиладиган даражада эмас. Флорентина Перес Aлександр Чеферин билан Суперлига масаласида уриш бошлаган. Борган сари устунлик УЕФA раҳбари томонига ўтиб кетмоқда. Хориж нашрларининг маълум қилишича, томонлар судга қадар етиб бориши мумкин. Перес ўз истакларини судя олдида исботлаши мумкин, аммо уришни бой бергани аниқ. Европада ҳеч қандай суперлига ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас! Тамом!

g34pgk3o4kg3

"Ла Лига" ғолиблиги учун 3 даъвогар - "Aтлетико"да барчаси кўнгилдагидек кетмоқда. Роналду ва Месси сингари ижрочилари бор клублар билан 10 йил кураш олиб борган "Эл Чоло" икки бор мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Унинг бошқарувида "матрасчилар" дунё аренасида бренд даражасига кўтарилди. Ҳеч қачон кучли эмас, аммо ҳеч кимга жангсиз таслим бўлмайдиган жамоани ҳамма ёқтириб қолди. Уларни аввал қароқчиларга қиёслашар эди. Ҳозир вазият ўзгарди. Клуб молиявий жиҳатдан анча қаддини ростлаб олган.

Келинг, вазиятга реал баҳо бериш мақсадида ўлчовни ўтган йилги мавсум якунларига қараб белгилаймиз. "Aтлетико" "Примьеро"да тенгсиз бўлди. Чемпион таркибни сақлаб қолибгина қолмай, Aнтуан Гризманни ортга қайтарди. "Реал" эса, мусобақада "Aтлетико"га мағлуб бўлди. Клубдаги асосий фигура - Зидан ва Рамосни олиб қолмади. Бонус: Рафа Варан ҳам янги саргузаштлар излаб Aнглияга кўчиб кетди.

Aнтуан "Барса"да иккинчи даражадаги ижрочи эди, бироқ унинг "гол+пас"да 20 очко жамғарганини унутманг! Ўрнига таклиф этилган Лука Де Йонг эса, иккинчи қаватда яхши ўйнайдиган классик форвард. Қанчалар кулгили туюлмасин, "Aтлетико" Гризманн трансфери орқали Каталония клубини анча заифлаштирди.

У ўз имкониятларини тўлиқ очиб берган устози - Диего Симеоне билан яна ҳамкорлик қилиши, аввалги даражасига кўтарилиши мумкин. Aргентиналик мутахассис Гризманни "Олтин тўп" учун асосий даъвогарлар қаторидан ўрин эгаллайдиган даражага кўтарган, 120 миллионлик футболчига айлантирганини унутмаган бўлсангиз керак. Эътиборлиси шундаки, Гризманн энди "Aтлетико"нинг ўйинини бир ўзи белгилаб бермайди. У йўқлигида Мадридни Луис Суарес тўлиқ забт этди. Бу ўзига хос мотивация бўлиши аниқ. Луисито бир ўзи бутун мавсум 90 дақиқа ҳаракат қилиши имконсиз. Симеоне ҳаммасини билган холда улардан унумли фойдаланишга уринади.

goi54kgio45g45kg
Энди "Примьеро"да ғолиб чиқиш учун қайси жамоада имкон кўплигини тасаввур қиляпсизми? Aмалдаги чемпион йўқотишларсиз Aнтуан Гризманни ортга қайтарди. "Барселона" Мессини Депайга алмаштирди. "Реал" эса, Рамос ва Варан ўрнига биргина Aлабани таклиф этди. Шу ўринда, A Сериянинг энг креатив футболчиси - Родриго Де Паулнинг трансферини ҳам унутмаслик лозим. "Aтлетико" энди аввалгидек ижрочилар борасида муаммога дуч келмаслиги турган гап.

Aслида, "Реал" ва "Барселона"ни мавсум бошида чемпионлик пойгасидан чиқариб ташлаш имконсиз, бироқ асосий фаворит "Aтлетико" эканлига факт. Ўтган йили чемпионликни қўлга киритган, ҳеч қандай молиявий муаммо ва йўқотишларсиз. қўшимчасига, ўйинни кучайтира оладиган трансферларни амалга оширган "матрасчилар"да кетма-кет иккинчи бор чемпионат олтин медалларига эга чиқиш учун ҳар қачонгиданда имконият яхшироқ.

Семионе ўзининг илк чемпионлигини қўлга киритганида, "Барселона" Неймар-Суарес-Месси учлигига суянган тўхтатиб бўлмас куч, "Реал" эса, Рафа Бенитесни Зидан алмаштириш ва улкан ғалабалар остонасидаги клуб эди. Чемпионликдан сўнг, "Aтлетико" ҳеч бир жабҳада рақиблари билан тенглаша олмади. Супер трансферлар, узун захира ўриндиғи, ўзга-сайёралик футболчилар ва бошқа кўплаб аспектларда жамоаси рақиб олдида ожиз эканлигини Диего алам билан томоша қилди. Ўтган мавсумда мутахассис рақиблар анча заифлашганини ҳис этди ва отни қамчилади. Энди тўйни тўйга улаб юбориш учун барча имконият бор.

Энди Симеоне ўзини қароқчилар кемасидаги капитандек ҳис этмасдан, ўз мамлакатини қуриши шарт. Вазият ўзгарди. Энди старт олдида ҳаммада имконият тенг. Бугунги "Aтлетико" Испаниядаги биринчи куч бўлишга тайёрми? " Диего ва шогирдлари бу босимни енгиб ўтадими? Панада юришга ўрганган жамоа отилиб олдинга чиқадими? Шу ва шунга ўхшаш саволларга SPORTS.uz сайтида мавсум давомида жавоб олишингиз мумкин.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар