Тезкор! Икки ўзбек футболчиси Европанинг машҳур клубига ўтди
Ўзбекистоннинг U-20 ёшлар терма жамоаси аъзоларидан Садриддин Ҳасанов ва Сайфиддин Содиқов фаолиятини Европада давом эттирадиган бўлди. Ҳар икки футболчимиз Португалиянинг машҳур клуби «Брага» билан шартнома имзолади, деб хабар бермоқда сайтимиз журналисти Ойбек Юлдошев.
Маълумотларга кўра, Садриддин Ҳасанов расман «Брага» футболчисига айланди. У португалияликлар клуби билан беш йиллик шартнома тузган. Ёш ҳужумчининг трансфери учун 250 минг евро тўлангани айтилмоқда.
Сайфиддин Содиқов ҳам «Брага» сафига йўл олди. "Ahmedov FC" тарбияланувчиси шу тариқа Европа майдонига йўл олди. Содиқов ҳам португалияликлар билан беш йиллик шартнома имзолаган. Унинг трансфер қиймати 300 минг евро этиб белгилангани қайд этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ҳасанов ва Содиқов Ўзбекистон U-17 ёшлар терма жамоаси таркибида 2025 йилги Осиё кубогида зафар қучган эди. Саудия Арабистонида ўтган мусобақада Ўзбекистон финалда мезбон жамоани 2:0 ҳисобида мағлуб этган.
Ўша учрашувда икки киши кам бўлиб ўйнаган терма жамоамиз қаҳрамонлик кўрсатган эди. Ҳал қилувчи баҳсда Ҳасанов гол урган ва бутун турнирнинг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этилган.
Содиқов эса жамоанинг энг яхши ассистент футболчиси сифатида ажралиб чиққан. Шунингдек, улар 2025 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам муваффақиятли иштирок этган.
Клуб даражасида Садриддин Ҳасанов бунга қадар Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоаси шарафини ҳимоя қилган бўлса, Сайфиддин Содиқов «Андижон» таркибида ижара асосида ўйнаб келаётган эди.

Фикрлар