Кутиб олинг, "Бош вазир кубоги" анъанавий футбол мусобақаси қайтмоқда!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5887-сонли Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 735-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимиздаги вазирликлар, идоралар ва юқори турувчи ташкилотларнинг марказий аппарати ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, оммавий спортни ривожлантириш мақсадида футбол бўйича анъанавий “Бош вазир кубоги-2021” мусобақаси бўлиб ўтади. Ўйинлар жорий йилнинг 5 ноябридан 10 ноябрига қадар “Бунёдкор” футбол академиясига қарашли майдонларда ташкил этилади.

Ҳал қилувчи финал ўйини эса 10 ноябрь куни соат 15:00да мамлакатимизнинг бош аренаси – “Бунёдкор” стадионида бошланади.

Айни вақтгача мусобақада қатнашиш истагини билдирган жамоаларнинг сони 30тадан ошиб кетди. Эртага, 4 ноябрь куни соат 11:00да Туризм ва спорт вазирлиги (собиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги) биносида“Бош вазир кубоги-2021” анъанавий футбол мусобақасига қуръа ташлаш маросими ўтказилади.

Мусобақа Низомига кўра, ўйинлар 25 дақиқадан икки бўлим давом этади. Ҳар бир жамоа ўз таркибига 15 нафар футболчини киритиши мумкин ва алмашишлар сони чекланмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 ва 2020 йилларда ўтказилган “Бош вазир кубоги” мусобақаларида бош соврин Ўзбекистон Республикаси Олий суди жамоасига насиб этган.

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!