Месси синдирган суперюлдузлар

Лионель Месси, шубҳасиз, дунёнинг энг зўр футболчиларидан бири. Каталония клубига 13 ёшида келган аргентиналик болакай, истеъдод ва салоҳиятини намойиш этиш орқали йиллар ўтиши билан “Барселона”нинг ҳақиқий етакчиси даражасига кўтарилди.

Лионель Мессининг “Барса”да эришган ютуқларининг аксариятини ҳеч ким такрорлар олмаслиги ҳам аниқ.

“Барселона”да кўп нарса Леога боғлиқ эди. Унинг клубдаги таъсир доираси шунчалар кучли эдики, “Камп Ноу”да тўп тепиш учун келган юлдуз даражасидаги чарм тўп усталарининг фаолиятига ҳам салбий оқибатлар келтириб чиқаргани бор гап. Ҳатто бош мураббий лавозимига таклиф этилган мутахассислар кўп масалада жамоа сардори билан ҳисоблашишига тўғри келарди.  

Sports.uz портали Мессининг “Барселона”даги фаолияти якунланганини инобатга олиб, каталонияликлар сардори сиғдирмаган энг ёрқин юлдузлар ҳақида маълумот беради.

Златан Иброҳимович

Испания матбуоти Лионель Месси ва Златан Иброҳимович “Барселона”да бирга фаолият юритган пайтда келиша олмай қолгани ҳақида кўп бонг уради. Бироқ, улар ҳамон дўстона муносабатларини давом эттирмоқда. Шунга қарамай, Златан Иброҳимович ўз фаолиятига бағишланган китобида унинг “Камп Ноу”даги карьераси айнан Лионель Месси ва унинг устози Хосеп Гвардиола туфайли эрта якунига етганини тан олган.

Месси ҳужум марказида ўйнашни истаб, қанотга ўтишдан бош тортди. Шунинг учун 4-3-3 схемаси 4-5-1га ўзгартирилди. Мени қурбон қилишди. Менинг муваффақиятли ўйнашим учун зарур бўлган эркин ҳаракатланиш имконим бўғиб қўйилди, - деб ёзади Ибрҳимович.

Швециялик юлдуз “Барселона”да бир мавсумга дош берди холос. Кейин 2010-2011 йилги мавсумда “Милан”га ижарга жўнатилди.

Каталониядаги қисқа фаолияти давомида 29 та учрашувда 16 та гол урган Златан жами бешта совринга эга чиқди.

83ffc985111eb8417f0dd8081e995

Алексис Санчес

Алексис Санчес Чилидан Испанияга келган вақтида футбол жамоатчилиги томонидан келажакнинг ёрқин юлдузи бўлиши кутилганди.

Бироқ, “Барселона”да унинг ичтидорига етарли даражада эътибор қаратилмади. Санчес Каталонияга келган пайтда жуда тезкор, чаққон ва доим дарвоза томон зарба беришга интиладиган футболчи эди. Тез югурадиган ҳужумкор ўйинчига биринчи навбатда эркин ҳаракат қилиш имкони берилиши керак. “Барселона”да бу имтиёз фақатгина Леода бор эди.

Мураббийлар Алексисдан ортга қайтиб, ҳимояга кўмаклашиш, тўпни олиши билан олдинга ташланмасдан уни дарров жамоадашларига узатишни талаб қилишарди ва бу чилилик чаққон йигитнинг ҳаракатларини сезиларли даражада чеклаб, ўйинда бор маҳоратини кўрсатиш имконини йўққа чиқарарди.

2013-2014 йилги мавсумда Мессини жароҳат безовта қилди. Ўша пайтда Алексис Санчес лигада 19 та гол ва 12 та голли пасни амалга ошириб, юқори савиядаги ўйинчи эканини кўрсата олди. Келаси мавсумда эса Мессига соя солган футболчи “Арсенал”га сотиб юборилди.

895218-20021438-2560-1440

Филиппе Коутиньо

Бразилиялик плеймейкер “Ливерпуль”нинг ҳақиқий етакчиси сифатида жамоа муваффақиятларига катта ҳисса қўшди. Унинг “Барселона” таклифини қабул қилиши шунчаки хато бўлиб чиқди. Филиппе Коутиньо тезда “Барса”да ортиқча футболчига айланди. Чунки “Ливерпульда” ҳужум ташкил қилиш, рақиб жарима майдончаси атрофида ва ичида эркин ҳаракат қилиш, ҳужумкорликни таъминлаш билан шуғулланган Коутиньонинг бу вазифаларини “Камп Ноу”да Лео Месси бажарарди.

“Барселона” мураббийлари ҳужумкор ярим ҳимоячидан бу ишларни Мессига қўйиб бериб, ўзи ҳимояга кўмаклашиш ҳақида бош қотиришини талаб қилишди.

Месси билан ўйин услуби ўхшаш бўлган Коутиньо чекинишга мажбур бўлди. Айни пайтда бразилиялик плеймейкерда ўзини кўрсатиш имкони бор. “Барселона” бош мураббийи Рональд Куман Филиппе Коутиньодан Мессининг ўрнини эгаллашини кутмоқда ва унга аргентиналик юлдузнинг 10-рақамини олишни ҳам таклиф қилди.

8459e896f2156cab8bad96b21fcce84a5ce58eb3974ef477362483

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!