Миранчук Шомуродовнинг собиқ жамоасига боради

“Аталанта” асосий таркибига кира олмаган Алексей Миранчук тез орада Элдор Шомуродовнинг собиқ жамоаси – “Женоа”га кўчиб ўтиши мумкин.

Маълумотларга қараганда, Генуя клубини қабул қилиб олган Андрей Шевченко қишки трансферлар вақтида биринчи бўлиб россиялик легионерни трансфер қилмоқчи. Клуб раҳбарияти украиналик мутахассисга жамоани кучайтириш учун маблағ ажратишга ваъда қилган.

“Аталанта” раҳбарияти Алексей Миранчук ўрнига бошқа футболчини олишни мақсад қилган ва қишда россиялик ярим ҳимоячини қўйиб юборишини маълум қилганди. Миранчукка генуяликлардан аввал “Торино”, “Сассуоло” ва “Сампдория” вакиллари ҳам жиддий қизиқиш билдираётган эди.

Миранчукнинг ўзи ҳам ўйин амалиётига эга бўлиш учун Бергамо клубини тарк этишга тайёр. Унинг амалдаги шартномаси 2024 йилнинг ярмигача имзоланган.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар