“Навбаҳор” клубида иккита тенг кучли дарвозабон бор десак муболаға бўлмаса керак. Албатта, Ўткир Юсупов клубда биринчи рақамли посбон.

Шунингдек, мавсум бошида “Машъал” клубидан сотиб олинган Раҳимжон Давронов ҳам бор. У ҳам иқтидорли дарвозабон ва ҳар қандай жамоани кучайтиришга қодир.

Лекин Давронов ўтган вақт давомида “Навбаҳор”да фақат захирада қолиб кетди, бирорта ўйинда иштирок этмади. Шу сабабли sports.uz мухбири унга бир қанча саволларни ўртага ташлади.  

- “Навбаҳор”га ўтган чоғингизда бу фаолиятингизда олдинга силжиш сифатида баҳоланганди. Лекин ортда қолган 12 та учрашувда захирада ўтирдингиз...

- Тўғри, ҳамма “Навбаҳор”га ўтганимни олдинга қадам, деб ўйлаганди. Ўзим ҳам бу клубга кўчиб ўтганимдан ниҳоятда хурсанд бўлгандим. Бу ерда Ўткир ака Юсупов билан рақобат кучли бўлади, дарвозабон сифатида янада ўсаман ва терма жамоага тушишга ҳаракат қиламан, деб ўйлагандим. Кейин клубдаги ўзгаришларни ҳамма кўрди. Мураббий алмашди. 2020 йилнинг бошида Виктор Жалилов “Машъал”га келганди, қишки йиғинда. Ўшанда у билан озроқ гапимиз қочиб қолганди. У “Навбаҳор”га бош мураббий бўлганидан сўнг, менга умуман эътибор бермади. Жамоага ёрдам беришни ва ўзимни кўрсатишни жуда хоҳлагандим. Кўпчилик менга “Навбаҳор”га бекор ўтдинг, деганди. Ўшаларга бу гаплар нотўғри эканлигини исботламоқчи эдим. Ҳаттоки, мени ёшлар жамоасига ҳам бермади. Шу тариқа, клубда ўйин амалиётисиз қолиб кетдим. Кейин машғулотда бармоғим синиб қолди. Шу билан бир ой машғулот қилмадим. Шунақа қилиб, ёзги таътилга ҳам чиқдик. Балки энди вазият яхшиланиб қолар. Менга ҳам имконият берилади, деб умид қиламан.

давронов2_1

- “Навбаҳор”га бекор ўтибман, деган ўй-хаёл сизни қийнамаяптими?

- Бу ерга келганимдан ҳеч қачон афсусланмайман. Бу ҳам бир насиба. “Навбаҳор”га бекордан-бекорга ўтмаганман. Ўзимга ишонганман. Рақобат қилишга кучим етади. Ҳозир ҳам афсусландим, нимага келдим, “Машъал”да қолсам ўйнардим, деган гап-сўзлар хаёлимга келмайди. Барибир қачондир имконият бўлади. “Навбаҳор” яхши жамоа, менга ёқди.

- Ўйлашимча, сиз билан боғлиқ вазиятни бошқа клублар ҳам кузатиб бормоқда. “Навбаҳор”да ўйин амалиётисиз қолиб кетаётганингиз эвазига сизга жиддий таклифлар борлиги хусусида маълумотлар бор. Айтинг-чи, қайси жамоалардан хизматингизга қизиқиш бўляпти?

- Биринчи даврадан кейин энг жиддий қизиқиш “Турон” клубидан бўлди. Бу масалада жамоамиз президенти Отабек ака Саматов билан гаплашиб турибмиз. Агар имкони бўлса, ижарага берамиз, деяпти. Қолган таклифлар оғзаки бўлди. Энг жиддийси “Турон” бўлиб турибди. Агар раҳбарлар ҳал қилса, балки ижарага беришар.

давронов3_1

- “Турон”дан сизга Игорь Шквириннинг ўзи алоқага чиқдими?

- Йўқ, клуб раҳбарлари. Учта вариантимиз бор, Шквиринни ўзи сени танлади, дейишди. Ўйинларингни кузатган ва сени яхши билади, деб қўшимча қилишди. Улар мен ҳақимда бир тўхтамга келишган ва қўлга киритишмоқчи. Нима бўлишини билмайман, кўрамиз. Трансфер ойнаси энди очилди.

- Ўзингизга қолса, нима қиласиз? “Навбаҳор”да қолмоқчимисиз ёки кетишни истаб турибсизми?

- Бир томондан кетсам ҳам яхши. Ўйин амалиётига эга бўламан. Футболда энг яхши машғулот – ўйин, дейишади. Лекин яна бир томондан “Навбаҳор”да қолгим ҳам келади. Жамоага ўрганиб қолдим. Раҳбарлар нима дейишса шу, ҳозирча клубнинг ихтиёридаман. Кетсам ҳам, қолсам ҳам маъқул. Бироқ “Турон” варианти яхшироқ, деб ўйлайман. 2019 йили “Бухоро”да бўлганимда, худди “Турон”даги каби вазият юз берган. Яъни, асосий мақсад клубни олиб қолиш эди ва бу вазифани бажарганмиз. Одатда, бундай жамоаларда тўп суриш жуда қизиқарли бўлади. Ҳар бир ўйин масъулиятли бўлади. Ўзимга ҳам “Турон” варианти ёқиб турибди.

давронов4

- Мабодо, “Машъал”га қайтиш варианти бўлмадими?

- Ҳозирча йўқ. Балки кейинчалик “Машъал” чақирса, боравераман. Қаерга ёрдамим тегса, ўша ерга бораман. Аммо ҳозир “Машъал” ҳақида ўйлаганим йўқ.

- Тан олиш керак, Ўткир Юсупов биринчи рақамли посбон сифатида ўзини кўрсатяпти. Агар хатоларга йўл қўйиб, жамоасига панд берган ҳолатда ҳам яна унга имконият берилганида у ҳолда соғлом рақобат юзага келмаяпти, деб айтиш мумкин бўларди. Лекин Юсупов ишончли ўйин кўрсатяпти. Бироқ сизни клубда бўлишингиз “Навбаҳор” учун фойдали. Нимага деганда, иккита яхши савиядаги посбонга эгалиги клубни хотиржам қилади. Аммо бу ҳолатда ўйин амалиётисиз қолиб кетаётганингиз сиз учун қониқарсиз. Бу ҳолатга фикрингиз қандай?

- Рақобат зўр бўляпти. Машғулотларда ҳам ишлаш қизиқарли. Барибир Ўткир ака мендан кўра тажрибалироқ. Ўзбекистонда учта энг яхши дарвозабон бўлса, улардан биттаси Ўткир Юсупов. Машғулотларда ҳам, ўйинларда ҳам яхши рақобат бўляпти. Бу мени хавотирга солгани йўқ. Мен захирада қолиб кетаётганим сабабли Ўткир акага нисбатан ҳеч қандай гина-кудратим йўқ. Фақат мураббий билан келишмаганим сабабли шундай бўлди, деб ўйлайман. Менга имкон ҳам, эътибор ҳам бермади. Мураббий билан ўртамизда муаммо борлигини ҳисобга олмаганда клубда қолган барчаси яхши. Тўғри айтдингиз, “Навбаҳор”да иккита яхши савиядаги дарвозабон борлиги учун ҳам клуб хотиржам. Менимча, шу томонини ҳам ўйлаб мени “Турон”га қўйиб юборишмаса керак. Яна билмадим, балки насибам қўшилган бўлса, “Турон”да ўйнарман.

- Ўтган вақт давомида Виктор Жалилов билан вазиятга ойдинлик киритиш учун ўзи билан гаплашишни хоҳламадингизми ёки бу бефойдами?

- Тўғрисини айтсам, деярли гаплашмадим ҳам. Бир марта телефон қилдим. Ҳатто, рақамимни билмасди. Қўнғироқ қилсам, яхши гапирмади.

- Ўшанда сизни танидими?

- Ҳа, таниди. “Это я Раҳим десам, ну что”, деб гапирди. Шу томонлама ҳам эътибор бўлмаса, одамга алам қилади-да. Мураббий кўп нарсани ҳал қилади. Қани, кўрамиз. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади, деб ўйлайман.

давронов1_1

- Эшитишимча, клубда бош мураббий масаласи яна кун тартибига чиқди. Шахсий фикрингиз қандай: “Навбаҳор”га янги мураббий зарур, деб ўйлайсизми?

- Билмадим. Умуман олганда, яхши, ёмон эмас. Аммо янги мураббий керак, деб ўйлайман. Виктор Романович ёмон мутахассис эмас. Бироқ машғулотлари эскирган. Яна билмадим, мен фақат ўзимнинг шахсий фикримни айтяпман. Менга қизиғи йўқ. Қолса ҳам, қолмаса ҳам ўз устимизда ишлайверамиз. Ҳаммасини клуб раҳбарлари ҳал қилади. Биз машғулотларда ишлашда давом этамиз. Жамоамизда муҳит яхши. Футболчилар бир-бирини қўллаб-қувватлашади. Машғулотларда Ўткир акадан билмаганларимни ўрганиб, ҳаракат қиляпман. Барибир унда тажриба катта. Юсуповга қараб интиляпман.

- Дарвоқе, сизга хориждан ҳам таклифлар бўлдими?

- Ўтган йили “Машъал”да ўйнаб юрганимда, мавсум тугаганидан кейин бўлди. Икки-учта вариантлар борлиги айтилди. Масалан, Саудия Арабистонидан. Яна бошқа вариантлар ҳам бор, кўриб чиқяпмиз, дейишганди. Кейин “Навбаҳор” сотиб оламиз, деганидан сўнг, мени бу клубга сотишди.

- Сир бўлмаса, трансфер нархингиз қанча эди?

- 30 минг АҚШ доллари.      

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Rostgoy
09/07/2021 00:12
Уткир Юсуповдан кучли. Уткир андижон урган голода котта айби бор бемалол кайтарадиган тупни утказворди.

Минбар

Барча блоглар