"Навбаҳор" кўригида яна янги футболчилар

Хабарингиз бор, айни пайтда юртимизда ёзги трансфер “ойнаси” давом этмоқда. Мазкур даврда ҳар бир жамоа ўз таркибини кучайтиришни истайди. “Навбаҳор” ҳам бундан мустасно эмас, албатта.

“Лочинлар” сафига кўрикдан ўтиш мақсадида бир қатор легионер ва маҳаллий футболчилар қўшилишди.

“Навбаҳор”нинг навбатдаги машғулотида ҳам 3 нафар янги футболчи иштирок этишди. Булар: дарвозабон Ҳожиакбар Жўраев, ҳимоячи Илҳом Алижонов ва ҳужумчи Иброҳим Ғанихонов.

Мазкур ўйинчилар билан батафсил таништирадиган бўлсак, дарвозабон Ҳожиакбар Жўраев 2000 йил, 16 мартда Тошкент шаҳрида туғилган. “Пахтакор” футбол академияси тарбияланувчиси. 2015 – 2017 йилларда “Пахтакор” ёшлар жамоаси таркибида ўйнаган. Шунингдек, Ўзбекистон Кубоги доирасидаги баҳсларда “Пахтакор” дарвозасини қўриқлаган.

2018 йилдан буён Тошкентнинг “Локомотив” ёшлар жамоасида ўйнамоқда. 2019 йилги мавсумда Ўзбекистон Кубоги доирадаги ўйинларда “темирйўлчилар” дарвозасини қўриқлаган.

наманган2

Ҳожиакбар Жўраев жароҳат туфайли жорий мавсумнинг 1-даврасини ўтказиб юборишга мажбур бўлди. 

“Навбаҳор” мухлисларига яхши таниш бўлган ҳимоячи Илҳом Алижонов эса 1998 йили Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида туғилган. “Насаф” футбол академияси тарбияланувчиси. 2015–2019 йилнинг  1-даврасида “Насаф” ёшлар жамоаси таркибида ўйнаган. 2019 йилнинг 2-даврасида “Навбаҳор”да тўп тепган.

2020 йилнинг 1-даврасида “Қизилқум” (Навоий), 2-даврасида эса “Бухоро” (Бухоро) жамоалари шарафини ҳимоя қилган.

Жорий мавсумнинг 1-даврасида “Янгиер” (Янгиер) жамоасида ўйнади.

Илҳом Алижонов Тошкентдаги “Тўқимачи” стадионида “Турон”га қарши кечган ўртоқлик баҳсида “Навбаҳор” таркибида майдонга тушди. 

наманган

Ҳужумчи Иброҳим Ғанихонов 2000 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. “Пахтакор” футбол мактаби тарбияланувчиси. 2016 – 2017 йилларда “Пахтакор”нинг ёшлар ва асосий жамоаларида тўп тепган. 2018 йилдан буён “Локомотив” (Тошкент) жамоасида ўйнамоқда.

Иброҳим Ғанихонов бундан олдин яйпанликлар кўригида бўлиб, кеча бўлиб ўтган “Навбаҳор” – “Турон” (2:1) назорат ўйинида яйпанликлар сафида майдонга тушиб, “Турон”нинг ягона жавоб тўпига муаллифлик қилганди. 

Мазкур футболчилар жамоамиз мураббийлар штабида яхши таассурот қолдиришса, улар билан шартнома имзоланади.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!